Forward from: Умид СОРИЕВ
Матбуотнинг кўзи кўр, қулоғи кар, тили соқов бўлса...
Ижтимоий тармоқларнинг бу қадар тез оммалашиши, мамлакатда сўз эркинлигининг буғилгани, йиғилиб қолган муаммоларнинг йиллар давомида ҳал этилмаётгани, бошқарувдаги тўсиқ ва нўноқликлар жамиятнинг турли жабҳаларида - одамларнинг нафақат ижтимоий, балки иқтисодий, маънавий ҳаётида ҳам ижтимоий портлашларни юзага келтирмоқда. Алал-оқибат ҳақсизликка учраган одам борки, ўз муаммосини энди оммавий ахборот воситалари орқали эмас, ижтимоий тармоқлар орқали дунёга ёймоқда.
Жаноб Президент! Сизнинг сўз эркинлиги борасидаги барча саъй-ҳаракатларингизга қарамай, ҳамон сўз эркинлигига сунъий тўсиқлар қўйилмоқда. Жумладан, Президент админстрацияси ҳузуридаги АОКА давлат нашрлари у ёқда турсин, ҳатто электрон сайтларга ҳам халқ ҳаётидаги ўткир муаммоларни кўтариб чиқаётгани учун мушт ўқталганини барчамиз кўрдик, эшитдик. Аслида АОКА матбуот эркинлиги бўлмагани учун таназзулга юз тутган, фаолиятини тўхтатаётган нашрларга сўз эркинлиги бериш билан қайта жон бағишлаши, бугун ишсизлар сафига улоқтирилган минглаб журналистларни ўз фаолиятига қайтариши мумкин эди. Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси эса номи бору, ўзи йўқ ташкилотга айланган. Бу ташкилотнинг ҳали бирорта ОАВ ёки журналист ҳимояси учун майдонга отилиб чиққанини эшитмадик.
Аччиқ бўлса ҳам айтақолайлик, АОКА таъсири доирасидаги давлат телевидениясини одамлар фақат футбол, бокс кўриш ёки сериал томоша қилиш учун қўйишади, холос. Ўзбекистон-24 канали маддоҳлиги, ёлғончилиги учун халқ орасида аллақачон Сусамбил-24 дея ном олган.
"Халқ сўзи", "Янги Ўзбекистон", "Ўзбекистон овози" сингари кўплаб шаблон нашрлар корхона, ташкилот жовонларида тахлам-тахлам бўлиб чанг босиб ётади, биров очиб қарамайди. Чунки, бу нашрларнинг мажбурий обуначиси бор, ўқувчиси йўқ, халққа айтадиган сўзи йўқ. Макулатурадан бошқасига ярамайди...
Очиғини айтганда, kun uz, xabar uz, сингари кўплаб сайтлар ҳам ўтган давр мобайнида чинакам халқчил сайтларга айланиб кетолмади. Баъзан ўз позициясида тура олмаслиги, халқ кўз ўнгида содир этилаётган ўткир масалаларни ёритишдан тийилиши ёки чўчиши бунга сабаб бўлди. Айтайлик, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг журналистларни гейга айлантириш ҳақидаги дағдасидан сўнг воқеага дахлдор kun uz мухбирлари ўз хизмат вазифаларини ташлаб кетишгача борган исёнига қарамай, kun uz таҳририяти ўз қаътиятини сақлай олмади. Бу баҳсли воқеа минг минглаб ўқувчилар кўз ўнгида содир этилди. Қатъиятсизлик туфайли одамларнинг kun uz га бўлган ишончига ҳам чинакамига дарз кетди.
Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари тўғрисида қонунлар мавжуд. Нима улар ишламаса, хўжакўрсинга қабул қилинганми?! АОКАда ўтирган жаноблар ана шу қонунлар доирасида ишлаши, оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаши шарт эмасми? Нега ўз халқи дардини халқаро ёки бошқа АОКА ўзига бегона билган нашрлар айтиши керагу маҳаллий нашрлар жим туриши керак? Матбуотнинг кўзи кўр, қулоғи кар, тили соқов бўлса, у ҳеч ким тушунмайдиган ғўнғиллашдан бошқасига ярамайди. Бундай матбуот ҳукм сурган жамиятда яшашдан энди Худонинг ўзи асрасин!