⚡️
Давлат фуқаролик хизмати ва таълим интеграциясига йўналтирилган янги ҳамкорлик“Инсон ресурслари ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш, давлат фуқаролик хизматига профессионал ва фидойи кадрларни танлаш ойлиги” доирасида Бухоро шаҳридаги Осиё халқаро университетида Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Бухоро вилояти филиали ва университет раҳбар ҳамда масъул ходимлари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.Мулоқот аввалида
Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Бухоро вилояти филиал раҳбари Зафар Жумаев томонидан иштирокчиларга Агентлик фаолиятининг устувор йўналишлари, бугунги кундаги кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизматида меритократия тизимини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, кадрларни танлаш ва ишга қабул қилишнинг очиқ танлов тизими,
vacancy.argos.uz портали имкониятлари, танловларни ўтказиш тартиби ва танлов босқичлари, давлат фуқаролик хизматчилари фаолиятини баҳолаш жараёнлари, давлат фуқаролик хизматчиларини малакасини ошириш каби фаолият йўналишлари бўйича тақдимот қилинди.
Учрашув давомида
Осиё халқаро университети ректори Сухроб Дехканов томонидан таълим муассасасининг фаолияти, эришилган ютуқлар ва истиболдаги режалар тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Маълумот ўрнида, Осиё халқаро университети 2022 йилда ўз фаолиятини бошлаган бўлиб, ҳозирда таълим муассасасида 35 та бакалавр, 14 та магистратура, 25 та ординатура, 5 та докторантура, 4 та масофавий таълим ва 3 та ҳалқаро мутахассисликлар бўйича йўналишлар мавжуд бўлиб, талабалар кундузги, сиртқи таълим билан биргаликда кечки таълим йўналишида ҳам ўқиш имкониятига эга. Бугунги кунда университетда бакалавр йўналишлари бўйича 20,7 минг нафар, магистратура йўналиши бўйича 1,1 минг нафар жами 21,8 минг нафар талабалар таҳсил олмоқда.
Шунингдек, очиқ мулоқот давомида вакант лавозимлар очиқ портали фаолиятини битирувчи ва магистратура йўналишида таҳсил олаётган талабалар ўртасида кенг тарғиб этиш, бугунги кунда кадрлардан талаб этиладиган билим ва малакавий компетенцияларни ёшларга етказиш мақсадида карьера кунларини ташкил этиш, давлат фуқаролик хизматчиларини малакасини ошириш каби йўналишларда университет билан ҳамкорликда амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар кенг муҳокама қилинди.
Учрашув якунида Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Бухоро вилоят филиали ва Осиё халқаро университети ўртасида
ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланиб, меморандумда белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.