📝Туғилган кун...
У ёши элликдан ўтганда биринчи марта жума намозига боряпти...
Бу ўзгариш қандай рўй берди—Ўзининг сири. Шукурки, дилига солди. Уйидагилар лол, аёли юрак ҳовучлаб кузатиб қолишди.
Рулни масжид томонга бурар экан, тор кўчадаги турнақатор уловларни кўриб бироз шошиб қолди. “Бутун шаҳар шу ерга оқиб келганми, эҳ-ҳее!”
Машинани амаллиб жойлаб, масжид томон ичкарилади. Одам гавжум, лекин ажиб сокинлик ҳукмрон. Негадир қадамлари ўз-ўзидан секинлашди.
Эшик олдида йўл бериб ўзини четга олган йигитча, пойафзалини ечиши билан бошқаларникига қўшиб бир четга тизиб қўйди. Вужуди аллатовур жимирлаб кетди – бу замонда шундай боадаб ёшлар ҳам бор экан-да? Ҳар куни уловларнинг тиқилинч оқимида шовқин солиб, йўл талашиб тирикчилик қилаётган “таксичи” учун бундай осудалик ҳайратомуз ҳодиса эди. Бўсағадан энди ўтяпти-ю, ич-ичида қандайдир эврилиш рўй бераётгандай.
-Келинг, тоға, буёққа ўтақолинг.
Уч-тўртта ёшроқлар таъвозе билан ўзларидан юқорига ишора қилишди. Юраги яна бир орзиқиб кетди.
У ўзини анчадан буён бунчалар хотиржам ҳис этмаганди. Уловларнинг дит-дитлаши, бир-бирини қувиб ўтаётган ҳайдовчиларнинг бўралаб сўкинишлари, жазавали мусиқа, бақир-чақир... Буларнинг ҳаммаси узоқ-узоқларда қолгану, бутун курраи заминда бани одам тин олгандай...
Намоз бошланди. Имомнинг қироатидан бутун вужудига енгил титроқ кирди. Бу сас гўё шуурига секин-аста сингиб, борлиғини эгаллаб борар; ҳў-ў болалигида, бобоси намозга даъват қилиб ёнига олган пайтларидаги сеҳрли оҳанг йиллар қаъридан нур бўлиб сизиб чиқиб, уни чулғаётгандай... Саждага йиқилган чоғи қайдан йиғи бостириб келганини билмай қолди. Кўз ёшини тийишга ҳарчанд уринмасин, юзидан икки томчи юмалаб ўтди. Кейин, беихтиёр елкалари силкина бошлади. “Менга нима бўляпти, нега йиғлаяпман? Кап-катта одам” Кўксида бош кўтарган бу пўртана не эканлигин билмас, аммо шунча ўтган умри, талотўп, югур-югурлар, тириклик ташвишида ўтган суронли йиллари бир тараф, шул дамлар бир тараф бўлди-қолди!
Кўнгли тилга кирди ва.. Аллоҳга чин дилдан илтижо қилди: “Худойим, мен гуноҳкор бандангни кечир! Ахир мен... шу пайтгача жумани таксичилар камайганда пул ишлаб оламан деб кутардим. Айни шу дақиқаларда елдек учиб моддият кетидан қувардим! Чарчаб келиб, ичкиликдан таскин топардим. Йўқ, у мен эмасдим! Тавба қилдим! Роббим, мени эшитяпсанми?Эшитяпсанми, тавба қилдим!” Намоз тугаб, ҳамма бир-бирини бағрига босиб айём билан қутлай бошлади. Туйқус, “бояги аҳволимни ёнимдагилар кўрмаганмикин”,деган истиҳола ўтди кўнглидан. Йўқ, бу даргоҳда барча баробар эди. Зотан, Худонинг уйида қалб кўзи очилиб, унсиз фарёд чекканлар бир у эмасдир.
Мана, уйга қайтяпти. Боягина бошқа бир оламда эди... Ботинида нимадир содир бўлар, ўпкаси тўлиб борарди. Ҳавода бувиси раҳматлининг майин шивири сузиб юргандай туюлди: “Худойим-ей, жамолингдан айланай!” Ҳа, улар шундай эдилар, унинг бузрукворлари. Сўнг нимадир, қаердадир узилди.
Ариқ четидаги майсага ўтириб... ёш боладай йиғлаб юборди. Боя уялиб яширган ёшлари юзини ювар;бу поёнсиз боғда ёлғиз бўлгани ҳолда таърифга сиғмас даражада улкан бир нигоҳ кузатиб турганини ҳис қиларди-ю, ундан яширишни истамас, уялмас эди.
Қанча ўтирди, билмайди. Юзини муздек сувда чайиб, яна йўлга равона бўлди. Энди шошмас, уни муттасил ақлдан оздирувчи телбаваш суръат қаёққадир ғойиб бўлганди.
Ёши улуғроқ онахон қўл кўтарганини кўриб, тўхтамай ўтиб кетолмади—бу йўлда машина кам, боз устига юки бор экан. Катталар билан гап тез қовушади, гурунглашиб боришаркан, аёли қўнғироқ қилиб қолди. Ҳойнаҳой, ўзича текширяпти... Салом бериб, алағдалик билан сўради:
-Масжидга бордингизми?
-Ҳа, бордим, албатта.
Худога шукур! Минг шукур! Муборак бўлсин, дадаси, муборак бўлсин!!!
-Раҳмат, қуллуқ!
Жуда улуғ иш қилдингиз, яшанг, бардавом бўлсин!
Ҳа, илойим айтганингиз келсин.
Телефонни ўчириши билан, фақат бир томонни эшитиб ўтирган ҳамроҳи ўзича бирнимани фаҳмлагандай, гап қотди:
Жуда-а табриклашяпти, туғилган кунингизми дейман, ука Ҳа, шундай.Бугун менинг туғилган куним!
Бу иқрор моҳияти биргина унинг ўзи-ю,Билгувчи зотга аён эди.
Гулчеҳра Асронова
📚ИБРАТЛИ ҲИКОЯ ВА ҲАЁТИЙ ВОҚЕАЛАР ФАҚАТ БИЗДА📚