ҚАШҚАДАРЁ
Оқ салласи осмонда, этаклари чўлдадир,
Бир боласи адирда, бир боласи йўлдадир,
Уловининг жилови ҳамишалик қўлдадир,
Сафар кўрмаган алпни шер демас Қашқадарё.
Нону ош берса берган, нону ош сўрмаган эл,
Миннатин тўқмоқ қилиб бошига урмаган эл,
Миннатлининг ошига мўлтираб турмаган эл,
Ол дейди Қашқадарё, бер демас Қашқадарё.
Ғурурин Ҳисортоғдай минор қилган улус бу,
Тантиликни ўзига шиор қилган улус бу,
Дунёнинг тенг ярмини диёр қилган улус бу,
Зафар деру забар дер, зер демас Қашқадарё.
Қарши – шуур қалъаси, Китоб – ғурурнинг ери,
Қайга борса тик борар, ўшал – сурурнинг ери,
Мағрибдан Машриққача ўғли Темурнинг ери,
Тери томмаган ерни ер демас Қашқадарё.
Бироз содда, бироз қўрс, бироз тўпори, далли,
Мардга мард келган мудом, дангалига дангали,
Хиёнат кўрса аммо тиғ бўлади чангали,
Ҳиммати йўқ эранни эр демас Қашқадарё.
Аҳли аёлга хожа, ор номус учун тўра,
Дўстдан жонни аяш йўқ, ёвга аёв йўқ, жўра,
Бўрилик қилган дуруст, итлик қилгандан кўра,
Қиммати йўқ эранни эр демас Қашқадарё.
Насафийлар руҳидан ёришган баланд-пасти,
Бедилу Хисрав бўлиб олқишлар икки дасти,
Авлиёлар юртига мен-ку шеър битдим асти,
Балки ёздиқларимни шеър демас Қашқадарё.
© Мансур Жумаев
2019
Қашқадарёликларга улашинг!