Гёте хикматлари
• Инсоннинг тавба-тазарруга бўлган эҳтиёжи ҳеч қачон йўқолмайди.
• Майда одамлар орасида майдалашасан. Катта одамлар орасида эса ўзинг ҳам ўсасан.
• Инсон курашчи демакдир.
• Яшашга ва эркинликка ҳар куни улар учун курашувчи одамгина лойиқдир.
• Ўзим тўғримдаги билимсизлигим лаҳза сайин ошиб бормоқда.
• Айтишларича, икки қарама-қарши фикр орасида ҳақиқат ётар эмиш. Асло бундай эмас, уларнинг орасида муаммо ётади.
• Нафрат фаол норозилик туйғуси, ҳасад эса, аксинча, суст норозилик ҳиссидир. Шу боис ҳасаднинг қисқа фурсатда нафратга айланишидан ҳайратланмаслик керак.
• Ҳаммага бирдек ёқиш истаги энг кулгили истакдир.
• Чорак соат давомида товланиб турган камалакни пайқамай қўядилар.
• Ақл билан муҳаббат ўртасида ҳеч қандай умумийлик йўқ!
• Яхшиликни йўқотиш – кам йўқотиш, номусни йўқотиш – кўп йўқотиш, мардликни йўқотиш – ҳамма нарсани бой бериш демакдир.
• Яшаш учун ғалаба қозонишни ўрган.
• Дадил фикрлар шашка ўйинидаги олдинги қатор доналари вазифасини бажаради: улар ҳалок бўлса-да, ғалабани таъминлайди.
• Вақт нафақат одамлар, балки ёдгорликлар устидан ҳам ҳукмронлик қилади.
• Инсон учун фақат биргина бахтсизлик мавжуд. У ҳам бўлса, ҳаётга ҳеч бир фойдаси тегмайдиган ёки меҳнатдан чалғитадиган ғоя билан банд бўлиш.
• Ҳамма нарсани зудлик билан қайтадан бошлаш истаги инсоннинг ўзига хос хусусиятидир.
Иоганн Вольфганг Гёте — 18–19 асрларда яшаган немис ёзувчиси, шоири, файласуфи ва олими бўлиб, адабиёт ва санъат тарихида буюк шахс сифатида танилган. У 1749 йилда Германиянинг Франкфурт шаҳрида туғилган ва 1832 йилда вафот этган.
✍ @𝐇𝐚𝐲𝐨𝐭_𝐅𝐚𝐥𝐬𝐚𝐟𝐚𝐬𝐢