***
Бандамизми,бандимиз,
Гўлмизми ё андимиз?
Керилсакда ҳали ҳам,
"Нанна" деймиз нонни биз.
Жондан азиз сийми-зар,
Лаш-луш,пўрим кийимлар.
Болғанг қани, Иброҳим,
Худо бўлди буюмлар.
Биз томонга юр,эй Нуҳ,
Ҳолимизни кўр ,эй Нуҳ.
Минг йил даъват фойдасиз,
Кеманг шайлаб тур,эй Нуҳ.
Тўлғонмасми ошиқлар,
Қолганмасми ошиқлар?
Сур чалгунча Исрофил,
Уйғонмасми ошиқлар?
Юлдуз ётар пайт, осмон,
Юрагимга қайт, осмон.
Мен қудуқман туби йўқ,
Сирларингни айт, осмон.
Сиринг билан сирлантир,
Мени менга айлантир.
Қудуққа бир Юсуф бер,
Ич-ичимни нурлантир.
Оламларим ёришсин,
Одамларим ёришсин.
Ҳақ деб ҳар бир ташлаган
Қадамларим ёришсин.
Мен қудуқман,нурга зор,
Оғзи очиқ рўзадор.
Нур бер,,бир соф най берсин,
Ичимдаги қамишзор.
Қаҳрамон Эшмурадов.