Инстаграм ва бошқа ижтимоий тармоқларда ўз суратини “Ghibli” ва бошқа турдаги анимацион нусхасини тайёрлаш оммалашди. Бу хусусда эътиборли уламоларимиздан бўлган
Маҳмуд Усмон ҳафизаҳаллоҳнинг 3 йил муқаддам ёзган
постларини сизларга ҳавола этаман:
Бугун фейсбукда ўз суратининг эможи'га ўхшаш нусхасини яратиш «мода» бўлибди.
Яхшилар, жонли нарсалар суратини чизиш тўрт мазҳаб уламолар наздида ҳаром бўлган иш. Ижмо китобларида ҳатто бунинг ҳаром эканига ижмо қилингани айтилади.
Камераларда олинган сурат (фотография)ни аксар уламолар ҳаром эмас, сабаби у ҳаётда бор нарсанинг аксини ифодалайди, дейди.
Энди бугун фейсбукда одатга айлантирилган нарса — фотографиясини эможи каби, гўёки, чизилгандек суратга айлантириш уни фотография ҳукмидан чиқариб, қўл билан чизилган сурат ҳукмида қилиб қўйиши мумкин. Зеро фиқҳда қоида: нарсалар ўзларига энг яқин бўлган бошқа нарсалар ҳукмини олади.
Ҳадисда: «Аллоҳ сурат яратувчиларни лаънатласин», — дейилган. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Аллоҳ таоло махлуқларига ўхшатиб сурат чизганлар Қиёматда энг қаттиқ азобга дучор бўлувчилар экани айтилган.
Фуқаҳолар ҳадисдаги сурат жонли нарсаларни чизиш эканини таъкидлаганлар.
Шундай экан, бугун оммалашган ўз фотографиянгиздан эможи каби сурат ясаш ишига яқинлашманг.
Яна бир нарса, юқоридаги ишда ҳам, бошқа ишларда ҳам, билингки, одамзод бошқалар нима қилса подага ўхшаб эргашиб кетавермаслиги керак. Балки ҳар бир ишни дини, ақли ва виждони тарозисида ўлчаб, кейин уни қилиши ё ташлаши инсон учун муносиброқ.
Валлоҳу аълам.
@MuhammadAkbarAzim