YURISTKADR


Channel's geo and language: Uzbekistan, Uzbek
Category: Law


Саволларингизга амалиётчи юрист Саидали Мухторалиев жавоб беради.
Савол юбориш 👉 @yuristkadrbot
Юридик хизмат ва тижорий ҳамкорлик:
👉 @e_yurist01

Related channels  |  Similar channels

Channel's geo and language
Uzbekistan, Uzbek
Category
Law
Statistics
Posts filter


Она-тили ва адабиёти фани ўқитувчиларига аттестация бўйича маслаҳат.

Она-тили адабиёти фани бўйича аттестацияга тортилган ўқитувчи-педагоглардан кўплаб эътирозли саволлар келяпти.

Шулардан энг кўпи, тест топшириш жараёнида компьютер тизимидаги ва интернетдаги узилишлар масаласида бўляпти.

Сизларга маслаҳатим, албатта апелляция шикояти беринг.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги 572-сонли қарори билан тасдиқланган “Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланган.

Ушбу Низомга биноан Мактабгача ва мактаб таълими вазири буйруғи билан Апелляция комиссияси тузилган.


Мазкур Низомнинг 59-бандида ўқув фани бўйича тест ёки малака синовларини ўтказиш жараёнида ташкилий-техник жиҳатдан камчиликлар мавжудлиги аниқланган тақдирда, Апелляция комиссияси тест синовларининг қайтадан топширилишини ташкил этиши белгилаб қўйилган.


Демак, вазирликдаги Апелляция комиссиясига бўлиб ўтган аттестация жараёни ва хулосасидан норозилигингизни асослаб шикоят киритасиз ва шикоятда техник узилишларни алоҳида кўрсатиб ўтасиз.

Шунда Апелляция комиссияси компьютер орқали ўтказилган тест жараёнида техник муаммолар бўлганлигини тасдиқласа, сиз қайтадан аттестация топширишингиз мумкин бўлади.

👉@yuristkadr


КАДРЛАР ХИЗМАТИ ХОДИМИНИНГ КАСБГА СОДИҚЛИГИ ҲАҚИДА

Кадрлар хизматининг содиқлиги масаласида айтмоқчиман, бунинг маъноси кўп ва турлича эканлигини тушунишимиз лозим.

Тизимга содиқлик билан, раҳбарга содиқлик бошқа-бошқа тушунчалардир. Тизимга содиқлик деганда, биз касбга содиқликни тушунамиз, айниқса кадрлар хизмати соҳасида.

Мисол учун, cиз бир идорада кадрлар хизматида масъул лавозимда ишлайсиз ва сиз раҳбарингизга жуда содиқсиз. Раҳбарингиз, жиддий бир раҳбарлик лавозимига соҳага умуман алоқаси йўқ бўлган, унинг устига ёмон ҳаракатлари учун бошқа ташкилотдан ишдан хайдалган бир шахсни ишга қабул қилиш, бу бўйича зудлик билан ҳужжатларни расмийлаштириш тўғрисида топшириқ берди. Ич-ичингиздан англаб турибсизки, бу танлов нотўғри. Лекин, раҳбарга содиқлигингиз сабаб, унингиз чиқмай, буйруқ чиқариб берасиз.

Ёки, ташкилотингизнинг ҳудудий бўлимига вилоят ҳокимининг тақдимномаси (дейлик хатоси) билан умуман ноқобил бўлган бир номзод берилди, ҳамманинг бу номзод бўйича фикри салбий, лекин рахбарингиз ҳам ҳокимнинг юзидан ўтолмаяпти, ўша шахсни буйруғини қилиб бер деяпти. Сиз билиб турибсизки, агар шу одам ўша ҳудудий бўлинмага раҳбар бўлиб борса, тизим парокандаликка юз тутади. Бироқ, раҳбарингиз фикрига қарши бирор-бир фикр айта олмайсиз ва индамасдан буйруқ чиқариб берасиз.

Ҳа шундай, айнан сизу-бизнинг қўлимиз билан кўпинча, “бўрилар командасига қўйни, қўйлар командасига эса бўрини раҳбар қилиб қўйишади”.

Бундай мисоллар жуда кўп ва бундай содиқлик тизимга ёки касбга эмас, балки фақат ва фақат раҳбарга содиқлик ҳисобланади.

Агар, раҳбарингиз тизим манфаатидан кўра, ўз манфаатларини устун қўядиган инсон бўлса ва бу тизимдаги кадрлар сиёсатига салбий таъсир қилаётган бўлса, бундай раҳбарга содиқликнинг кераги йўқ.

Чунки бундай содиқлик кадрлар хизмати ходимининг кўр-кўрона иш юритадиган принципсиз, фикрсиз бир манқурт шахсга айлантириб қўяди.

Бунақа вазиятларда агар раҳбарга ижобий таъсир ўтказа олмасангиз, ёки у сизни умуман эшитмаса, кадрлар соҳасидаги “ботқоқли йўли”нинг иштирокчиси бўлишингиз шарт эмас, тортишиб ҳам ўтирманг, шунчаки у ердан кетинг, тамом.

👉@yuristkadr


Инсон ресурсларини ривожлантириш бўйича барча мутахассислар диққатига!

Билим ва кўникмаларингизни оширишни истайсизми? Кутилаётган аттестациядан муваффақиятли ўтишни хоҳлайсизми?

Биз сизларни кадрлар хизмати соҳасидаги энг сўнгги янгиликлар, қонунчиликдаги ўзгаришлар, амалий кўникмаларни ўз ичига олган ўқув курсига таклиф этамиз!

Курс давомида:
Кадрлар ҳужжатларини юритишнинг замонавий усулларини, меҳнат қонунчилигининг асосий жиҳатларини ўрганасиз.

Афзалликлари:
Юқори малакали ва тажрибали мутахассислар томонидан олиб борилади. Назарий ва амалий билимлар мустаҳкамланади. Якунда сертификат ва иш фаолиятингизда қўл келадиган материаллар тақдим этилади.

Кимлар учун?
Кадрлар бўлими ва HR мутахассислар
Раҳбарлар, юристлар, малака оширишни истаган барча учун.


Ўз касбий ривожингизга инвестиция киритинг! Биз сизнинг муваффақиятингизга ёрдам беришдан мамнун бўламиз!

Мурожаат учун ушбу ҳаволани босинг: @yuristkadr_menejer

📱 +99890-010-86-15
      +99897-731-40-30
     
📍локация

TelegramIInstagram IYoutube


Бўрилар ва қўйлар

Бир куни бўрилар қўйларни бундан буён иноқликда яшашга даъват қилиб, уларнинг олдига ўз элчиларини жўнатишди.

“Нега энди биз доим ўзаро душманлик билан яшашимиз керак, – деб айтишди улар, – аслида ҳамма фалокатга анави қутурган итлар сабабчи: улар бизга тинмай хургани-хурган, шундан улар бизнинг ғазабимизни қўзғашади. Уларни бир ёқли қилинг, шунда бизнинг ўзаро бирлигимиз, қалин дўстлигимизга xеч ким рахна сололмайди”.

Гўл қўйлар уларга қулоқ солиб айтганларидек қилишди ва итларни қувиб солишди.

Натижада пода ўзининг жасур қўриқчиларидан ажраб қолди, кейин эса ўша айёр душманларига ем бўлишди.

Эзоп, “Масаллар”
(эр.авв. VI аср)


👉@yuristkadr


Депутат ҳусусий килиникаларда кузатилаётган ўлим ҳолатлари юзасидан ССВга сўров юборди.

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси, Парламент депутати Гулнора Абдувоҳидова хусусий касалхоналарда нотўғри тиббий муолажалар оқибатида ҳатто ўлим билан якунланаётган ҳолатлар кўпайиб бораётгани юзасидан Соғлиқни сақлаш вазири А.А.Худаяровга депутатлик сўрови юборди.

Сўровдаги маълумотларга кўра, тиббиёт ходимларининг масъулиятсизлиги билан боғлиқ жиноятлар бўйича чиқарилган ҳукмлар сони йилдан йилга ошиб бормоқда (2023 йилда – 67 нафар, 2024 йилда – 94 нафар, 2025 йилнинг биринчи чорагида – 16 нафар).

Масалан, яқинда ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган Фарғона ва Бухородаги хусусий клиникаларда рўй берган ўлим ҳолатлари, шунингдек, нотўғри пластик жарроҳлик оқибатида ёш блогернинг соғлиғига жиддий путур етгани каби воқеаларни мисол қилиб, депутат бундай салбий тенденциянинг сабабларини ўрганиш ва унга чек қўйиш заруратини таъкидламоқда.

Депутат Абдувоҳидова бу муаммо бўйича ССВ вазирига жуда муҳим саволларни қўйган, кўрамиз, вазирликнинг ахбороти ва жавоби қандай бўларкан.

Айтмоқчи, “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонунининг 15-моддасига мувофиқ, ССВ вазири депутат қўйган саволларга 10 кун муддат ичида асослантирилган жавоб бериши керак.

Демак, 10 кундан кейин ССВ вазирининг ҳусусий тиббиёт муассасаларидаги бугунги аҳвол юзасидан ва кўтарилган муаммоларни бартараф этиш бўйича ҳисоботини эшитамиз. Қандай режалари борлигини ҳам билиб оламиз вазирликни.

👉 @yuristkadr


Ходим ишдан бўшаш ҳақидаги аризани фақат биринчи раҳбарга топшириши керакми?

Нима учун бу саволга тўхталдим, сабаби, менга мурожаат йўллаган бир обуначим ўтган хафтада ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзмоқчи бўлибди. Ариза ёзган ҳам, лекин ташкилот раҳбари хизмат сафарида бўлганлиги учун унга “раҳбар 10 кундан кейин қайтади, ўшанда топширасиз аризангизни” дейишибди.

Агар раҳбарнинг келишини кутадиган бўлса, ходим 10 кунга ютқазиши мумкин, агар 14 кунлик огоҳлантириш муддати қўлланадиган бўлса, юқоридаги 10 кунни эътиборга олсак, бу ходим учун анчагина ноқулай бўлади. Вақт кетиб қолади.

Ўртоқлар, аслида ходимнинг ўз ташаббусига кўра ишдан бўшаш ҳақидаги аризаси айнан биринчи раҳбарга берилиши шарт эмас. Иш берувчи деганда, аслида биз МК 23-моддасига асосан ташкилотнинг ўзини тушунамиз. Раҳбар эса, ташкилот, яъни иш берувчи номидан ҳаракат қилади.

Шундай экан, ходимнинг аризаси ташкилотга ва ташкилотдаги тегишли масъул шахсга топширилиши ҳам ушбу аризанинг иш берувчига берилганлигини тасдиқлайди.

Олий суд Пленумининг 2023 йил 20 ноябрдаги 26-сонли қарори 21-бандида ҳам “аризани бериш санаси уни иш берувчига (ташкилот бошлиғига, унинг ўринбосарига, қабулхона котибига, кадрлар бўлимига, девонхонага ва бошқа) топширган кун ҳисобланади, огоҳлантириш муддати эса кейинги кундан бошланади” деб бекорга айтилмаган.


Яъни, ходим ишдан бўшаш ҳақидаги аризани ташкилот раҳбаридан ташқари, унинг ўринбосарига, қабулда ўтирувчи котибга, кадрлар хизмати ходимига, девонхона ва бошқа масъулларга ҳам (масалан, бўлим бошлиғига ҳам) топшириши мумкин.

Бу борада ходимларга маслаҳатим, иложи бўлса аризани 2 нусхада чиқарингда, биринчисини юқоридаги шахслардан бирига топшириб, иккинчисида “фалон санада қабул қилдим” деб ёздириб, имзосини ҳам қўйдириб олинг. Шуниси тузук.

👉 @yuristkadr


Ходимни ҳужжатлар билан таништириш усуллари.

Бу постда биз “танишинг, бу киши Фалончи Пистончиевич бўладилар”, ёки “сиз билан танишса бўладими” дегандаги таништириш эмас, “кадровик” ёки бошқа масъуллар томонидан ходимларни тегишли ҳужжатлар билан таништириш масаласига тўхталамиз😄

Кадрлар ишида таништириш HR ва кадрлар хизмати томонидан амалга ошириладиган асосий тадбирлардан бири ҳисобланади. Таништириш ходимларни муайян ҳужжатлар, меҳнат шарт-шароитлари, ходимга юклатиладиган вазифа ва топшириқлар ҳамда меҳнат ҳуқуқларига доир ўзгаришлар ҳақида расман хабардор қилишдир.


▪️Таништириш қуйидаги босқич (тур)ларга бўлинади:

1. Ишга қабул қилишдан олдинги таништириш (МК 123-модда). Бунда бўлажак ходим ишга қабул қилиш чоғида олдиндан, яъни меҳнат шартномаси имзолангунига қадар таништирилади.

Бу босқичда бўлажак ходим унга топшириладиган ишнинг мазмуни, ўша ишнинг шарт-шароитлари ҳамда ички меҳнат тартиби қоидалари, жамоа шартномаси ва ходимнинг бевосита фаолиятига доир ҳужжатлар (лавозим-йўриқномаси, бўлинма низоми, хизмат ёки тижорат сирини сақлаш низоми, одоб-ахлоқ қоидалари) каби ҳужжатлар билан таништирилади.

2. Бошқа ишга ўтказишдан олдинги таништириш (МК 140-модда). Бошқа ишга, яъни бир лавозимдан бошқа лавозимга ўтказишда ҳам ходим ўша ишнинг мазмуни, меҳнат шартлари, шунингдек бу иш билан бевосита боғлиқ бўлган ички ҳужжатлар (бошқа ишнинг лавозим йўриқномаси, ходим ўтказилаётган кейинги бўлимнинг низоми кабилар) билан олдиндан таништирилиши шарт.

Бу босқичда ходим жамоавий ҳужжатлар, яъни жамоа шартномаси, ички меҳнат тартиби қоидалари, хизмат ёки тижорат сирини сақлаш низомлари кабилар билан қайтадан таништириш шарт эмас.

3. Қўшимча иш юклатишдан олдинги таништириш (МК 116-модда). Биз бунда ходимга бир неча касб (лавозим)да ишлаш, хизмат кўрсатиш зонасини кенгайтириш, иш хажмини кўпайтириш ёки вақтинча йўқ бўлган ходим мажбуриятларини бажариш тартибидаги қўшимча вазифа юклатишни назарда тутяпмиз.

Ходимга қўшимча вазифа (иш) юклатилганда ҳам ходимнинг розилигини олишдан аввал албатта ана шу ишнинг мазмуни, меҳнат шароитлари ва лавозим-йўриқномалари ҳам олдиндан таништирилиши керак.

4. Жорий таништириш (МКнинг бир нечта нормалари). Жорий таништириш деганда биз ходимнинг меҳнат фаолияти давомида: биринчидан, унинг меҳнат ҳуқуқларига оид чиқарилган буйруқлар (бошқа ишга ўтказиш, таътил бериш, интизомий жазо қўллаш, рағбатлантириш, хизмат текшируви ўтказиш, ишдан четлаштириш каби буйруқлар) билан, иккинчидан, ходимнинг лавозим-йўриқномасидаги вазифалардан келиб чиқиб чиқарилган расмий топшириқ ва кўрсатмалар билан таништиришни тушунамиз.

👉@yuristkadr


Ходим касаллик варақасида бўлганда уни умуман ишдан бўшатиш мумкин эмасми?

Бизда жуда кўпчиликда, хатто айрим судларда ҳам “ходимни касаллик варақаси даврида уни умуман ишдан бўшатиш мумкин эмас” деган фикр бор.

Лекин бу унча тўлиқ бўлмаган фикр. Меҳнат кодексида ходимнинг меҳнатга қобилиятсизлик даврида фақатгина битта ҳолатда, МК 163-моддасига асосан меҳнат шартномаси иш берувчи ташаббусига кўра бекор қилинганда мумкин эмаслиги кўрсатилган.

Иш берувчи ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари МК 161-моддаси иккинчи қисмида 6 та банд (охирги олтинчи банд бошқа асосларга ҳавола қилган)га ажратилган ҳолда бирма-бир кўрсатиб ўтилган.

Буларга қисқартириш (161-модда иккинчи қисм 2-банди), малакасига кўра лавозимига нолойиқлиги (161-модда иккинчи қисм 3-банди), меҳнат мажбуриятларини мунтазам равишда бузганлиги (161-модда иккинчи қисм 4-банди), меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол бузганлиги (161-модда иккинчи қисм 5-банди), ўриндош ходим билан (161-модда иккинчи қисми 6-банди + 441-модда), ташкилот мулкдори алмашганлиги сабабли ташкилот раҳбари, ўринбосари, бош бухгелтар ва алоҳида бўлинма раҳбари билан (161-модда иккинчи қисми 6-банди + 489-модда биринчи қисми 1-банди) билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳолатлари киради.

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббусига кирмайдиган бошқа асослар билан бекор қилиш мумкин. Чунки бошқа асослар бўйича чекловлар йўқда.

Меҳнат кодексида меҳнат шартномасини бекор қилиш асосларининг 30 дан ортиқ тури бор.

Иш берувчи ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилишнинг эса 7 та асоси бор.

Бу дегани, иш берувчи ташаббуси билан боғлиқ асосларни чиқариб ташласак, қолган бошқа барча асослар билан ходим касаллик варақасида бўлса ҳам меҳнат шартномасини бекор қилиш мумкин.

👉@yuristkadr


Video is unavailable for watching
Show in Telegram
Хизмат текширувига оид мухим маслахат.

👉@yuristkadr


#taklif

Текширув комиссиясига ходимга қариндош бўлган шахс киритилмаслиги керак, лекин...

Меҳнат кодексининг 302-311-моддалари хизмат текшируви қоидаларига бағишланган. Хизмат текшируви натижасида текширувдан ўтказилган ходим, агар унда айб бор деб топилса, интизомий жазога тортилиши аниқ.

Эътибор беринг, ходимга нисбатан хизмат текшируви иш берувчининг буйруғи билан тузилган комиссия томонидан ўтказилади. Шунда, МК 304-моддасида кимлар хизмат текшируви комиссиясининг таркибига кириш-кирмаслиги бирма-бир кўрсатиб ўтилган.

Шулардан бири “ўзига нисбатан хизмат текшируви ўтказилаётган ходим билан қариндошлик алоқаларида бўлган шахслар”. Яъни, иш берувчи қайсидир ходимга нисбатан текширув ташламоқчи бўлса, комиссия таркибига ўша ходим билан қариндош бўлган шахсларни киритиши мумкин эмас. Агар киритса, текширув ноқонуний деб топилади ва ходимга қўлланилган интизомий жазо бекор қилинади, агар ишдан бўшатиб юборилган бўлса, суд ходимни ишга тиклаб қўяди.

Асосий масалага етиб келдик. Биласиз, хусусий корхоналарда қариндошлар, шу жумладан, яқин қариндошларнинг бирга ишлашига нисбатан ҳеч қандай чеклов йўқ. Мен шундай МЧЖни биламан, унда 15 та ходим ишлайди ва уларнинг барчаси бир-бирига қариндош. Ундан кейин оилавий корхоналар бор, уларда ҳам ходимлар таркиби асосан қон-қариндошлардан иборат бўлиши мумкин.

Яъни, хизмат текшируви комиссияси таркибига ходимга қариндош бўлган шахслар киритилмаслиги керак деган қоида хусусий ва нодавлат ташкилотларига ҳамда оилавий корхоналарга тўғри келмайди. Ушбу чеклов бу турдаги корхоналар учун МК 302-311-моддаларидаги хизмат текшируви қоидаларини ишлатишга амалда имкон бермаяпти. Чунки, ходимларнинг ҳаммаси бир-бирига қариндош. Демак, текширув ўтказиш мумкин эмас. Тушуняпсиз-а?

Шундай экан, ушбу номувофиқликни бартараф этиш мақсадида МК 304-моддаси учинчи қисми тўртинчи хатбошисини қуйидаги жумлаларга ўзгартириш таклиф этилади:

➖“давлат ташкилотларида ўзига нисбатан хизмат текшируви ўтказилаётган ходим билан қариндошлик алоқаларида бўлган шахслар”.

Яъни, комиссияси таркибига ходимга қариндош бўлган шахсларнинг киритилмаслиги ҳақидаги талаб фақат давлат ташкилотларига тегишли бўлиши керак.

👉@yuristkadr


Қайта_ташкил_этиш_бўйича_тавсиялар.docx
39.2Kb
#tavsiya

Ташкилот қайта ташкил этилганда қандай иш тутамиз?

Мана бу ☝️файлда давлат ташкилотларини қайта ташкил этишда меҳнат қонунчилигини тўғри қўллаш бўйича тавсияларимиз берилган.

Қайта ташкил этиш жараёни кечаётган ташкилотларга юбориб қўямиз.

👉@yuristkadr


Ходим ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишга оид бир амалиёт ҳақида

Маълумки, ходим ўз ташаббусига асосан меҳнат шартномасини бекор қилмоқчи бўлса, иш берувчига ёзма равишда ариза билан мурожаат қилади.

МК 160-моддаси биринчи қисмига асосан умумий тоифадаги ходимлар иш берувчига 14 календарь кун олдин ариза ёзиб, бу ариза орқали ҳам меҳнат шартномасини бекор қилишини маълум қилади, ҳам иш берувчини огоҳлантиради.

МК 160-моддаси иккинчи қисмида “огоҳлантириш муддатининг ўтиши иш берувчи томонидан ходимнинг меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги аризаси олинганидан сўнг кейинги кунда бошланади” дейилган.

Эътибор беринг, бу ерда иш берувчи томонидан ходимнинг аризаси олинганидан сўнг дейиляпти.

Бу турдаги ишга тиклаш низосини кўриш чоғида судлар ходимнинг аризаси иш берувчи томонидан қабул қилинганлигини, бошқача айтганда, ариза иш берувчига қачон келиб тушганлигини аниқлашга ҳаракат қилади.

Шунда иш берувчилар МК 174-моддасидаги исботлаш мажбуриятидан келиб чиқиб, агар суд талаб қилса, ходимнинг аризаси уларга қачон келиб тушганлигини далиллар билан исботлаб беришига тўғри келади.

Бунда албатта, энг муҳим далиллардан бири сифатида кирим журналидаги қайднома бўлиши мумкин. Яъни, ходимнинг ишдан бўшаш ҳақидаги аризаси иш берувчидаги келаётган хатларни рўйҳатга олиш журнали (китоби) орқали кирим қилинган бўлади. Ўша журнални судга тақдим этилиши ва тегишли жойида кўчирма нусха берилиши масалага ойдинлик киритиб бериши мумкин.

Лекин ҳамма ташкилотларда ҳам (масалан, оддий хусусий фирмаларда) кирим журналлари бўлмаслиги мумкин.
Қолаверса, ходимнинг иш жойидан туриб берган аризасига биз ички ёзишма сифатида қараймиз ва агар ички локал ҳужжатларида белгиланмаган бўлса, бундай аризаларни рўйҳатга олиш мажбурий эмас.

Мана шундай вазиятларда иш берувчининг ходимнинг аризасига устхат сифатида резолюция ёзиб, қўшимча равишда резолюция санаси ва имзосини қўйиши аризанинг келиб тушганлиги бўйича ишончли далил сифатида қабул қилиниши мумкин.

👉@yuristkadr


Ҳозир жуда кўп ишчи-ходимларнинг банклардан олган кредитлари бор.

Бундай ходимларнинг ноқонуний бўшатилиши жуда оғир кечяпти.

Улар асоссиз ишдан бўшатилганда, зарба икки баробар оғир бўляпти. Даромадсиз қолгани ҳисобига банк кредитларини тўлай олмаяпти. Натижада, банклар кредит тўловларини муддатидан олдин ундиришга чиқмоқда ва ходимлардан асосий тўловдан ташқари, оширилган фоизлару, пеняларни ундирмоқда. Оғир аҳволда қолмоқда улар.

Иш берувчилар бу масалаларни унутмаса яхши бўларди.

👉@yuristkadr


Ходим “декрет”га чиққанида нафақа миқдори қанча бўлади?

Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича ходимга бериладиган нафақалар ходим:

➖ишга қабул қилинган кундан 12 ойгача иш стажига эга бўлганда — ўртача ойлик иш ҳақининг 75 фоизи;

➖ишга қабул қилинган кундан 12 ой ортиқ иш стажига эга бўлганда — ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида тўланади.

*Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 майдаги 314-сонли қарори билан тасдиқланган “Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақаларни ҳамда янги туғилган болани фарзандликка олган ёки унга васий қилиб белгиланган ходимга нафақани тайинлаш ҳамда тўлаш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 35-банди.

👉@yuristkadr


Бугун, 24 апрель куни “Тошкент метрополитени” давлат унитар корхонасидаги ўқув жараёни ҳам ниҳоясига етди.

Метро ҳақида, Тошкент метроси ҳақида тасаввурлар етарлича. Лекин бу муҳим транспорт тизими ортида қанчадан-қанча инсонлар, қанчадан-қанча мутахассисларнинг машаққатли меҳнати ётганини ҳамма ҳам билавермайди.

Айниқса, кадрлар хизмати ходимлари ташкилотнинг бошқарув фаолиятидаги асосий устунларидан бири десам, тўғри гап бўлади.

Ўтган 10 кун давомида ушбу кадрлар хизмати ходимлари билан янги меҳнат қонунчилигини амалиётда қўллаш бўйича энг муҳим мавзуларни кўриб чиқдик. Ўз билимларимиз ва тажрибаларимиз билан ўртоқлашдик.

Бугун мана ниҳоя, орада тест синовлари бўлиб ўтди, шундан сўнг иштирокчиларга сертификатларини топширдик. Асосийси, бу ташкилот билан ҳам ўртада ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди.

👉@yuristkadr


Ёрдамга тайёрмиз.

Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент педиатрия тиббиёт институти ва Тошкент давлат стоматология институти негизида Тошкент давлат тиббиёт университети ташкил этиладиган бўлди.

Бу жараёнда меҳнат муносабатлари қисмида кўлам катта, ходимлар сони кўп, демак, ўзига яраша мураккабликлар юзага келиши аниқ.

Масъулларга айтиб қўйишим керак, мабодо, маслаҳат ва ҳуқуқий кўмак керак бўлса, ёрдамга тайёрмиз.

Муҳими, ноқонуний оммавий бўшатишларга йўл қўймаслик керак.

👉@yuristkadr



17 last posts shown.