ЯХШИ ҚЎШНИ
Киши уй олишидан олдин у ердаги қўшниларининг солиҳ эканига эътибор қаратиши лозим бўлади. Чунки қўшнилар қўшнисининг баъзи сир-асрорларидан хабардор бўлишади, шунингдек, қўшниларнинг ўзаро бир-бирларига эҳтиёжлари тушиб туради.
Агар қўшни солиҳ бўлса, у билан ёнма-ён яшаган қўшнига унинг фойдаси тегиши, агар қўшни ёмон бўлса, ундан атрофдагиларга фақат зарар етиши ва уларнинг бахтсиз ҳаёт кечиришларига сабаб бўлиши мумкин.
Нофеъ ибн Абдулҳарисдан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кенг маскан, яхши қўшни ва қулай улов мусулмон кишининг саодатидандир», дедилар» (Бухорий «Адабул муфрад»да ривоят қилган).
Ҳикматларда «Уй олишдан олдин қўшни танла» деб бежизга айтилмаган. Ривоят қилинишича, Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳнинг яҳудий қўшниси бор эди. У уйини сотмоқчи бўлганида, одамлар ундан уйининг нархини сўрашибди. У: «Икки минг», дебди. Шунда: «Сенинг уйингнинг нархи икки минг эмас, минг-ку, нима учун икки минг деяпсан?» дейишибди. У: «Тўғри айтасизлар, лекин мен мингини уйим учун, яна мингини эса Абдуллоҳ ибн Муборак қўшним бўлгани учун сўраяпман», деб жавоб берган экан.
“Ислом одоблари энциклопедияси”дан.
@mehrob_uz тайёрлади
t.me/xizrli 👈🌺taqdim etadi