Қуёш панелларига мажбурлаш яна авжига чиқмоқда
Охирги кунларда бутун Ўзбекистон ҳудудлари бўйлаб бизнес субъектларни қуёш панеллари ўрнатишга мажбурлаш яна авж олган. Худди шундай кампаниябозлик ўтган йили эрта баҳордан кеч кузгача давом этган ва октябрдаги тариф оширишларидан кейин тўхтатилган эди.
Тадбиркорларни мажбурлашнинг асосий усули светни узиш, кундузги иш вақти давомида ўчириб қўйиш, шартнома бўйича лимитни камайтириш билан қўрқитиш бўлиб қолмоқда. Энг кулгулиси, айрим туманларда тадбиркорлардан қуёш панелларини ўрнатиш орқали генерацияни ошириш эмас, шунчаки панелларни сотиб олиш талаб қилинмоқда. Яъни, энергозўравонларнинг мақсади ҳеч қандай энергосамарадорлик эмас, балки қайсидир муттаҳам корчалоннинг навбатдаги партиядаги қуёш панелларини қимматлаштириб ўтказишга айланиб кетган. Маълумот учун, Ўзбекистонда қуёш панеллари ва унинг бутловчи қисмларини божсиз олиб кириш ҳуқуқи ёпиқ қарор билан иккита корхонага берилган.
Энг ёмони, бундай энергобузғунчилик тарифлар оширилгач ва келаси баҳорда яна ошишини ҳисобга олган ҳолда ўз ихтиёри билан ишлаб чиқариш ёки офис биноларига қуёш панелларини ўрнатмоқчи бўлган тадбиркорларнинг ҳафсаласини ҳам совутмоқда. Чунки мажбурлаш кампаниябозлиги, "ура-ура, бос" шовқини билан панеллар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари нархлари ҳам ошиб кетмоқда. Балки қуёш панелларини кампаниябозликка айлантираётганларнинг яна бир мақсади шудир?
Шонли энергетиклар ва ҳеч ким сайламаган ҳокимлар балки ўзлари ташрифлар ва кўзкўрдига муляж сифатида қўйдирилган, тармоққа ҳеч қандай электр энергияси узатмаётган ёки КПДси 10%дан тушиб кетган, свет ўчганда ўчадиган аккумуляторларсиз панелларни ўрганиб чиқиши керакдир?
Панелларни ўрнатиш ёки ўрнатмасликни балки бозорнинг ўзига ва тадбиркорларнинг ихтиёрига қўйиб берармиз?
Тушуниб етиш керакки, ёппасига, ҳамма жойда ҳаммага панел ўрнатириш иқтисодий маънога эга эмас. Қайси бизнесга қанақа қувватдаги панел кераклигини унинг фаолият мундарижаси, энергия сарфи ва нисбий афзаллиги белгилайди, қанақадир саводсиз ҳоким ёки ўпкаси йўқ замзамвазирнинг хоҳишлари эмас. Уй хўжаликларида ҳам худди шундай. Айниқса, кам электр истеъмол қиладиган камбағал оилаларга аккумуляторсиз панел ўрнаттириш ғирт тентакликнинг ўзи (шу орқали бир тўп муттаҳамлар пул ишлаб қолишни ҳисобга олмаса).
Қайси лойиҳага қўли тегса, фойдасидан зиёни кўп чиқадиган шонли энергетикларнинг панелбозлик кампаниясини Хитойда 1958-62 йилларда ўтказилган, ҳамма жойда пўлат ишлаб чиқариш кампаниясига ўхшатиш мумкин. Ўшанда бир тўп тентакнинг ташаббуси билан пўлат тайёрлашни кўпайтириш ва Буюк Британияга етиб олиш учун, ҳатто қишлоқ ҳовлиларидаям, шолипоялардаям, мактаблардаям пўлат эритиладиган печлар қурилган. Бундай печларда тайёрланган пўлатнинг сифати ва таннархи ҳеч кимни қизиқтирмаган. Ҳар бир уйда пўлат печи сиёсати Хитойни буюк пўлат мамлакатига айлантириш ўрнига, тескари натижалар берган, бир неча йил ичида унинг оғир саноатини бутунлай барбод қилган.