❗️ССВ: Метапневмовирус янги касаллик эмас. Ортиқча хавотирга ҳожат йўқ!
🖥 Сўнгги кунларда ОАВ ва ижтимоий тармоқларда дунёнинг қатор мамлакатлари бўйлаб метапневмовирус инфекцияси авж олаётгани ҳамда ушбу хасталик COVID-19дан ҳам хавфлироқ эканлиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
❓ Хўш, бу ахборотлар қанчалик асосли? Умуман, метапневмовирус ўзи қандай инфекция? У қайси белгилар билан намоён бўлади? Муолажа жараёни қандай кечади?
➡️
ССВ Матбуот хизматининг ушбу саволларига Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси бошқарма бошлиғи Рустам Икрамов жавоб берди:💬 — Метапневмовирус аввалдан маълум инфекция бўлиб, биринчи марта 2001 йилда аниқланган, — дейди мутахассис. — Касаллик асосан ҳаво-томчи йўли орқали ёки баъзи ҳолатларда ифлосланган юзалар билан алоқа натижасида юқади ҳамда тарқалади.
📍
Мазкур вирус билан хасталаниш ҳолатлари дунёнинг барча минтақаларида ҳар йили қайд этилади.🟢 Хусусан, қўшни
Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати тарқатган хабарларда ҳам айни пайтда ўткир респиратор вирусли инфекциялар ва грипп билан касалланишнинг мавсумий ўсиши кузатилаётгани, шу жумладан 10 йиллардан буён мамлакатда метапневмовирус ҳам қайд этилаётгани таъкидланган.
🔬
Метапневмовируснинг куз-қиш даврида янада фаоллашуви кузатилади. Бу инфекция одатда бурун оқиши, йўтал ва иситма белгилари билан, худди ўткир респиратор вирусли инфекциялар шаклида пайдо бўлади, баъзи ҳолларда бронхиолит ва пневмонияни келтириб чиқаради.🩺 Касалликни даволаш одатда симптоматик бўлиб, асосан уй шароитида беморнинг аҳволини енгиллаштиришга қаратилган муолажалар қўлланилади. Оғир ҳолатларда кислородли терапия ёки касалхонага ётқизиш талаб қилиниши мумкин.
‼️Метапневмовирус билан касалланган одамларнинг аксарияти асоратсиз тузалиб кетади.
📊
Ўзбекистонда ҳам айни вақтда ўткир респиратор инфекцияларнинг мавсумий кўтарилиши кузатилмоқда. Юртимизда уларнинг лаборатория текширувлари мунтазам амалга ошириб келиняпти ва ана шундай текширувларнинг 39,9 фоизида грипп вируси, 32,2 фоизида риновирус, 30,6 фоизида респиратор-синцитиал вирус ва 1,2 фоизида метапневмовирус аниқланган.📌
Ўткир респиратор касалликларнинг бундай кўтарилиши даврида аҳолини профилактика чораларига риоя қилишга ва одамлар гавжум жойларда, айниқса, касаллик белгилари яққол намоён бўлиб турган фуқаролар билан мулоқотни чеклашга чақирамиз. Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.🌐@ssvuz | 🌐@ssvmatbuotkotibi |🌐 Facebook | 🌐Instagram