БУХОРОГА ТЕГМАНГ, БИРОДАР!
Бухоро бу, "Жаннатул маъво",
Юрсанг, қалбинг бир ҳис сезади.
Бухоро бу," Қуббатул аъло",
Ҳар қадамда руҳлар кезади.
Бунда пок бўл, калиманг қайтар,
"Ла илаҳа иллааллоҳ!"де.
Мадад сўра яратган Зотдан,
"Сенда қувват,сендан паноҳ" де.
...Бу тупроққа бош эгган хонлар,
Соҳибқирон тушган отидан.
Бухорони тавоф айлаган,
Бўлса ҳамки кимнинг зотидан
Сирли шаҳар, сеҳрли эшик,
Очилмайди,тилсим осонга.
Боҳарзийга пешхезлик қилгач,
Бало етди, чингизий хонга.
Бу нур маскан, илоҳий гўша,
Таърифига йўқдир ниҳоя.
Фохира! деб ном бермиш Расул,
Аллоҳ ўзи қилур ҳимоя.
...Бухорони писанд этмаслар,
Зар кийди,сўнг ялонғоч бўлди.
Нон-тузин қадрига етмаслар,
Аввал тўйиб, сўнгра оч ўлди.
...Араб, муғул,оқпошшо-бари,
Бу заминга келиб етдилар.
Таладилар,хўрладилар, лек,
Ва охири ташлаб кетдилар.
...Бухоро бу "Қуббатул ислом",
Бухоро бу "Қалъаи иймон".
Боболарнинг номуси янглиғ,
Туғдек мағрур, минори Калон!
Бухоро бу, о, мўъжаз Макка,
Шаҳри ирфон, шаҳри авлиё.
Дерлар, тунлар унинг бағридан,
Само узра таралар зиё...
...Бухорога яхшилик тиланг,
Дуо айланг,сокин ва аста.
Буюк шаҳар кўз ёш тўкар, жим,
Захга ботган, юраги хаста.
...Бухорога тегманг биродар,
Етти пири мудом огоҳдир.
Баҳоуддин ҳазрат нафаси,
Ёмонларга оловли чохдир.
Бухорони севинг, эгинг бош,
Тупроғини тавоф этгайсиз.
Бухорони обод этганлар,
Ҳақ васлига сўзсиз етгайсиз!
БОБОҚУЛ УСМОН.
♻️🌸♻️🌸♻️🌸♻️
♻️🌸♻️🌸♻️🌸♻️
•┈•┈•┈•┈•❁✿❁•┈•┈•┈•┈•
Дўстларингизга ҳам улашинг!
@orifonuz