Тун ярмидан оғиб қолган,
ейман дейди сукунат,
Дилимда ғам ўлтирибман
расмингга боқиб карахт.
Бирор сатр ёзсам дейман,
сенга атаб, жон онам,
Соғинчларда ўртанаман
қўлимда титрар қалам...
Энди қайга бош урсам ҳам
топмайман, она сен,
Эзиб қўйган қайғу ва ғам
тинмайди кўзим хуни...
Азоблайди доғу ҳасрат,
армонларнинг чеки йўқ.
Тақдир бизнинг кўксимизга
отди камон, санчди ўқ.
Она, сени бериб қўйдик
шум тақдирнинг қўлига.
Қора қўлли ғаддор ўлим
чанг солди-ку жонингга.
Туравердик қонлар ютиб,
тепангда уриб гирён.
Сени сақлаб қололмадик,
тор келиб қолди жаҳон.
Олти ўғил, ҳам уч қизинг
бўлмади нажоткоринг,
Она, сени жаннатларда
кутдими отам--ёринг?!
Кетиб қолдинг бизни ташлаб,
бўлди олам зимистон,
Яна бирпас яшаб қолсанг
не бўларди, онажон!
Ўша оқшом бир калима
сўзингга муштоқ эдик,
Розимидинг, жон онам-а,
бизлардан, сўзла дедик!
Қани энди сўзлай олсанг
армону дардларингни?
Бошин силаб эркаласанг,ўғлингу қизларингни.
Афсус, она, эшитмадик
сўзлай олмадинг кулиб,
Ёнимизда ўлтирмадинг
сўнгги дам ойдай тўлиб.
Она, билмам руҳинг нафис
капалакка кўчдими,
Мовий кўкда порлаб турган
юлдузинг, оҳ ўчдими?
Шунчалар ҳам керакмидинг
жаннат деган маъвога?
Сени олиб кетмоқ, наҳот,
ёқиб қолди Худога?
Нима энди жаннатларда
сендек пари каммиди?!
Юрмоқлигинг кенг аршларда
фарзандларинг ғамидир...
Она, ҳали ёнимизда
юрмасмидинг очилиб,
Бизга ҳаёт сабоғидан
дарслар ўтардинг тўлиб.
Хотирамдан ўчмайди ҳеч
жонбахш у суҳбатларинг,
Яшамоқ-чун берадир куч
ҳар айтган ўгитларинг...
Она, ҳар гал неварангга
тўкис бахтдан сўзлардинг:
"Бўйларингга тўн ярашган
тўйингни кўрсам,-- дердинг.
-- Гулдек келин кириб келган
уйингни кўрсам", дердинг.
Истар эдинг бир кун келиб
олим бўлса неваранг,
Қучоғингда ўсса униб
эркаланиб эваранг.
Она, улар соғинишар
сен айтган эртакларни,
Қўлинг билан ўстирганинг
райҳону чечакларни.
Бари-бари тушга дўнди,
орзулар бўлди абас,
Она, сенсиз ўтган кунни
ҳеч яхши кун демасмиз.
Ҳаёт бунча бешафқатдир
синовлари кўп оғир,
Бизга раво кўрилган кун
бунча талх, аччиқ--тахир.
Энди роҳат,фароғатда
яшамоқ гали эди,
Гул яшнаган бу оламда
сен ҳаёт гули эдинг.
Нега энди тарк айладинг
ўзинг суйган чаманни?!
Бу йўқотиш, бу оғриқлар
қиймалайди-ку жонни!
Она, сени қўйиб қайтдик,
илож топмай қабрга,
Қучоқ-қучоқ чечак элтдик,
қабринг тўлди гулларга.
Ҳовлимизда эдинг Подшо,
ҳувлаб қолди кенг гўша,
Бўшаб қолди сенинг ўрнинг,
сен етмайсан ҳамиша!
Келинларинг энди қани
сенга ўхшаса дейман.
Бу ҳовлида бор эккани
кўкарса, унса дейман...
Майли, дейман барчасига
она, чидаш мумкиндир,
Аммо билсанг, фарзандларга
онасизлик оғирдир.
Бугун сени тополмаймиз
орамизда жисминг йўқ,
Сени,она унутмаймиз,
бўлсин, она, кўнглинг тўқ!
Сенга битта хушхабарни
айтмасам бўлмас, она!
Сен кетгач сўнг сафимизни
бир қиз тўлдиради яна.
Совимасдан, она, қабринг
ўғлимга Бир қиз топдим,
Ўчмасин деб азиз номинг
исмингни исмини ният килдик.
Онажоним, гул очади,
бўй чўзар орзуларинг,
Берган тузинг оқлашади
ҳам ўғил ҳам қизларинг!
Неваралар улғайишар
сен орзу этган мисол,
Шунда уйинг нурга тўлар
ярқирар бахту иқбол.
Она, гарчи йўқдир жисминг,
Биз-ла нафас оласан.
То тирикдир фарзандларинг
юрагида қоласан...
Яратгандан ўтинчим бор:
Солмасин дилга қайғу!
Бандаларин этмасин хор,
Дунёсини қоронғу!
Тақдир азал битган бўлса
Пешонага ўлимни.
Айирмасин фурсат етмай
Онасидан ҳеч кимни...!!!
Сиддиқжон Худоёров