РАМАЗОН – АМИР НАВОИЙ ТАВАЛЛУД ОЙИ
Файз-барака ойи бўлган Рамазон бошқа барча фазилатлари қаторида буюк бобокалонимиз ҳазрат Алишер Навоий ёруғ оламга келган ой экани жиҳатидан ҳам биз учун қадрлидир. Тарихчи Ғиёсиддин Хондамир “Макорим ул-ахлоқ” асарида бу ҳақда қуйидагича ёзади: “...олий ҳазрат товуқ йилига тўғри келувчи (ҳижрий-қамарий) саккиз юз қирқ тўртинчи йил Рамазон ойининг ўн еттинчи кунида йўқлик дунёсидан борлик оламига қадам қўйиб, ўзининг гўзал ва порлоқ чеҳраси улуғлиги билан ер юзига зеб-зийнат бағишлади”. Ҳижрий 844 йил Рамазон ойининг 17-куни милодий ҳисобда 1441 йил 9 февралга тўғри келади.
Ҳазрат Навоий – комил мусулмон. Буюк мутафаккир бир умр ислом шариати рукнларига қатъият билан амал қилган. Буни улуғ бобокалонимизнинг ўзи “Вақфия” асарида қуйидагича ифода этади: “...чун кишига абадий давлат ва саромади саодат ва ҳаёт чашмасининг навиди ва нажот манзилининг умиди исломнинг беш сутунлик зоту-л-имодиға кирмагунча мумкин эрмас ва бу хамсу-л-муборак панжасиға илик урмағунча ҳеч иш натижа бермас. Аввал ул калимаи тавҳиддур. Шукрким, они алифдек жоним орасида нақш этибмен. Иккинчи – салоти хамсадур. Биҳамдиллаҳким, они найдек зеҳн аро сабт қилибмен. Учунчи – Рамазоннинг ўттуз кунининг рўзасидур. Шукрулиллаҳким, они ломдек қалбимда ёшурубмен. Тўртинчи – закотдур. Жоним нақди ул Тенгриға закотим...”.
Хондамирнинг ёзишича, ҳазрат Алишер Навоий: “...беш маҳал жамоат билан ўқиладиган намозларнинг барчасида қатнашардилар”. Жума ва жамоат намозлари ўқишни ташкиллаштиришда ҳам алоҳида ғайрат кўрсатган. Ҳирот шаҳридаги Марғаний боғи ичида бениҳоя чиройли безаклар билан зийнатланган жоме масжиди қурдириб, ўз замонаси қориларининг сараси бўлган Хожа Ҳофиз Муҳаммад Султоншоҳни ушбу масжид имомлигига тайинлаган ҳамда ўзи бу ерда беш маҳал жамоат билан ўқиладиган намозларда мунтазам иштирок этган. Ҳазрат Алишер Навоийнинг хазинасида бирор йили ҳам закот тўлашга вожиб бўладиган даражадаги олтин йиғилмаган. Хазинага келиб тушган ҳар қандай даромад тез орада турли табақалар вакиллари бўлган кишиларга инъом сифатида сарфланган ёки масжид, мадраса, хонақоҳ ва шу каби иншоотлар қурилишига – халқ манфаатига йўналтирилган. Шунга қарамай, амир Навоий закот бериш борасида ҳам катта ғайрат кўрсатган.
“Макорим ул-ахлоқ”да ёзилишича: “Улуғ мартабали бу Амир (Алишер Навоий), Аллоҳ таоло буюрганидек «Унзила фийҳил-Қуръон», яъни Қуръон нозил қилинган ой бўлмиш муборак Рамазон ойида қиладиган садақалари ва хайр-эҳсонларини кўпайтиришга ҳаракат қилардилар. Бу ойда ул ҳазратнинг одатдаги зиёфат дастурхонларига тортиладиган таомлар рўйхатига бир неча бош қўй ва шунга яраша маҳсулот ва масаллиқлар қўшиларди. Ҳар кечаси улуғ саййидлар, замона олимлари, олий насабли амирлар ва юқори мартабали вазирлар улуғвор Амир ҳузурида ифторлик қилардилар. Ул ҳазратнинг шахсан ўзлари меҳмонларга мулозамат қилиб, ўз қўллари билан уларга таом тортардилар ва шундан сўнггина ўзлари егуликка қўл чўзардилар. Шунингдек, мулозимларидан бир неча кишини ташқарида туриб, ушбу зиёфат дастурхони атрофидан жой топа олмаган кишиларга зиёфат беришларини буюрардилар ва шунинг билан биргаликда ўзлари олдиларидаги таомлардан бир қисмини ҳам уларга бериш учун юборардилар”.
Шунингдек, ул ҳазрат узоқ ва яқиндаги фозиллар, шоирлар, қашшоқлар, ногиронлар ва етимларни пул ва кийим-кечаклар инъом қилиш билан сийлардилар, юқори ва қуйи табақаларга мансуб кишиларни ўзларининг бепоён хайр-эҳсон дастурхонидан баҳраманд этардилар.
Буюк бобокалонимизнинг ҳикмат ва маърифат манбаи бўлган беназир асарлари қаторида ҳаёт тарзи ҳам биз учун ўрнак бўлмоғи зарур.
Нурбой Жабборов