ҲАҚИҚИЙ БАХТИсо алайҳиссалом бир дарахтнинг соясида дуо этиб ўтирган одамни кўриб, унга яқинлашдилар. Қарасаларки, одамнинг икки кўзи кўр, оёқлари шол, баданини йирингли яралар босган... лекин юзида ажиб бир бахт ёлқинланар, қўлларини дуога очган кўйи, ҳаяжондан титраб дуо этар эди:
-Эй, не-не бадавлатларга бермаган неъматини менга бериб, сийлаган Раббим! Сенга дунёдаги барча дарахтларнинг япроқлари қадар шукрлар бўлсин!
Исо алайҳиссалом бу одамнинг ёнига чўккалаб, сўрадилар:
-Эй, биродар, кўряпманки юриш бахтидан маҳрумсан, кўзларинг кўрмайди. Шунга қарамай, не-не бадавлатларга берилмаган неъматнинг ўзингга берилганидан сўзлаяпсан, шукрона келтиряпсан. У қайси неъматдир, менга сўзлармисан?
Одам овоз келган томонга ўгирилди:
-Биродар, Аллоҳим менга шундай қалб бермишки, бу қалб орқали Уни танидим. Шундай бир тил бермишки, бу тил билан Унга шукрлар айтаман. Ҳолбуки, дунёнинг энг қийматли бойликлари берилган неча-неча кишилар бор – қалбларида Аллоҳни танимоқ севинчи, тилларида шукр этмоқ бахти йўқдир. Аммо, ўзингиз кўриб турганингиздек, кўр кўзли, оёқлари шол, баданини йирингли яралар босган бир қулига Раббим шундай бир СЕВГИ эҳсон этмиш ва бу неъматнинг фарқига бориш тафаккурини насиб айламиш. Кеча-кундуз бунинг шукрини адо этиш билан машғулман, бу менинг бурчимдир...
Бу сўзлардан Исо алайҳиссаломнинг муборак қалблари тўлқинланди, кўзлари ёшга тўлди. У одамнинг бошини қучоқларига олиб, кўзларидан ўпдилар ва «Оч кўзларингни, эй севикли қул», дея буюрдилар. Одам кўзларини очиб, умрида биринчи бор ёруғ дунёни кўрди. Ҳаяжондан титраб, қаршисидаги Исо алайҳиссаломнинг қўлларига ёпишди ва:
-Сиз ўликларни тирилтиргувчи, хасталарга шифолар бахш этгувчи, мўъжизалар соҳиби Исо алайҳиссаломмисиз? – дея сўради. Тасдиқ жавобини олгач, йиғлаб, Раббига яна шукрлар айта бошлади. Исо алайҳиссалом унинг елкаларини силаган эдилар, баданидаги йирингли яралар ғойиб бўлди. Қўлларидан тутиб, «Тур ўрнингдан» деган эдилар, шол оёқлар жонланди. Одам хурсандчиликдан бир он ўзини йўқотиб қўйди. Кейин ўзига келиб, дедики:
-Эй, Аллоҳнинг набийси! Сиздаги бу мўъжизаларнинг ҳам Яратганнинг Ўзи бермишдир. Мени сизга йўлиқтирган ва шифо берган ҳам Удир. Шундай экан, изн беринг, мен шукр этмоққа кеч қолмайин. Ўзига қанча шукр қилсам ҳам камдир...
Одам юзини тупроққа қўйиб:
-Раббим! Сени таниган бир қалбнинг, шукр этгувчи тилнинг шукрини муносиб адо этишдан ожиз ҳолимда, менга кўргувчи кўз ва юргувчи оёқлар, сиҳҳатли бадан ҳам лутф этдинг. Бу беназир неъматлар шукрини қандай адо этишни билмайман, ўзинг ёрдам бер, ё Раббим! – дея йиғлай бошлади.
Бу орада атрофда тўпланган халойиқ Исо алайҳиссаломнинг яна бир мўъжизаларини ўз кўзлари билан кўрган ва у зотнинг қўлларини ўпмоқ учун бир-бирларини итариб, ғала-ғовур кўтарар эдилар. Аллоҳнинг набийси қўлларини юқори кўтариб, халойиқни тинчлантирдилар ва:
-Менинг эмас, мана бу саждадаги одамнинг қўлларини ўпинглар. Уни саждага бош қўйдирган ва тилини шукрга тўлдирган неъматларга биз туғилганимиздан бери соҳибмиз. Аммо ҳеч биримиз у туйган бахтни туёлмадик! - деб йиғладилар.
@hodiy_uz