Муҳим Мавзу – Закотни илмга бериш.
Закот бериш ҳукми борасида алоҳида зикр қилинадики, бошқа жойга-хорижга масалан, закотни юбориш жоиз эмас. Фақат зарурат бўлса, ўз мамлакатида эҳтиёж кам бўлса, ёҳуд муҳтож қариндоши хорижда бўлса, хорижга юбориш жоиз дейилади.
Аммо ўз қўшнимиз, ёки қариндош-уруғимиз, ёҳуд ватандошимиз хорижда илм олаётган бўлса, унга закотимизни юборишимиз макруҳ бўладими? Йўқ албатта! Балки афзал ҳам бўлади.
Баъзи дўстларимиз айтиб қолишди, хорижга закот юбориш жоиз эмас, деб жамиятимиз учун керакли соҳада хорижда ўқиётган талабага закотни беришни жоиз эмас дейиляпти деб. Аслини олиб қараганда бундай фатвони мутахассис олим одам бермаса керак. Чунки мутахассис олим шуни яхши биладики, агар бирор талаба илм талаб қилиб сафарга чиқадиган бўлса, унинг нафақаси ўша ерликлар зиммасига вожиб бўлади. Бу дегани у талаба қаерда ўқишидан қатъий назар, унинг нафақасини жамлаб, унга ҳомийлик қилишлари керакдир. Агар унга ёрдам бермасалар, қози мажбур қилиши ҳақида Ибн Обидийн шундай дейдилар:
“Талаба илм олиш учун йўлга чиқса, унинг моддий шароитини таъминлаш мусулмонлар зиммасига лозим бўлур. Агар унга етарли маблағни ажратмасалар, шу маблағ улардан қозининг буйруғи ила мажбуран ундириб берилур. Шунингдек, закотни вақтида адо қилмай, зиммасида закот бериш қарзи бўлган кишиларни ҳам уни адо этишга (толиби илмга беришга) мажбурланурлар”. (“Танқийҳул фатовол Ҳомидийя” китоби)
Бу қараш биргина ҳанафий уламолари наздида эмас, балки бошқа мазҳаб уламолари ҳам, жумладан моликий имомларидан Қасрий ибн Муҳаммад Ийдайлабий тасдиқлайдилар. Айтадиларки: “Толиби илмлар ҳар йили мусулмонлардан юз динор миқдорида молиявий маблағ олишга ҳақли бўлурлар”.
Азизлар! Жамиятимизга илм сув ва ҳаводек зарур бўлиб турган бу кунда молимизнинг 40дан биригина бўлган закотни илмга бериш-бермаслик мавзусида тортишишимизнинг ўзи менимча уятли ҳолат бўлса керак. Айниқса, жаҳон тажрибаси ва илмини олиш учун хорижда ўқиш машаққатига рози бўлган талабага раҳмат айтиб, унга ҳомийлик қилиш ўрнига, сенга ҳатто закот бериш ҳам жоиз эмас, дейишимиз фиқҳга, ҳатто фиқҳул-воқеъга зид бўлса керак.
Бир томондан хитиойликлар мўрмалақдек кириб келаётган вақтда, бошқа томондан ёшларимиз ўрис ёки карисни юртида энг оғир шароитларда меҳнат қилаётганда, ҳатто аёлларимиз ва опа-сингилларимиз мардикорлик (мардикор-эркак иши дегани) қилишга мажбур бўлаётганда, бу ҳам етмагандек хорижда бегоналарнинг қўлида ишлашга кетаётган бир замонда БИЗНИНГ ИЛМДАН БОШҚА НАЖОТИМИЗ ЙЎҚ!
Келинглар, илмга ҳомийлик қилайлик. Фақатгина закотимизни эмас, балки эҳсон ва ёрдамларимизни ҳам илмга ажратайлик. Ахир шу илм йўлидан юрган аждодимиз бутун дунёга устоз-мураббий бўлмадими? Нима уларга бегоналар ҳомийлик қилдими? Ўзимизнинг сахий бойлар ҳомийлик қилмади, деб ўйлайсизми? Асло ундоқ эмас. Балки ўша замонинг сахий бойлари, илмсевар аждодларимиз ҳомийлик қилиб олим ва имомларимизни ҳар томонлама қўллаб қувватладилар, илм олишлари ва беришлари учун шарт-шароитлар муҳайё қилиб бердилар. Агар биз ҳам шу йўлдан юрсак, кунимизда дучор бўлган муаммоларимиздан тез ва осон қутиламиз иншаллоҳ. Шуни унутмайликки, биз ўзимизни ўзгартирмасак, Аллоҳ таоло ҳам бизни ўзгартирмайди. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:
إِنَّ اللَّهَ لَا يُغَيِّرُ مَا بِقَوْمٍ حَتَّى يُغَيِّرُوا مَا بِأَنْفُسِهِمْ
(سورة الرّعد/11)
яъни: “...Албатта, Аллоҳ бирор қавм ўзларидаги нарсани (неъматларга нисбатан муносабатни) ўзгартирмагунларича, улардаги нарсани (ҳолатни ёмон ҳолатга) ўзгартирмас...” (Раъд сураси 11-оят).
🕊
Telegram |📱
Instagram 📺
YouTube |📱
Facebook