2024 йилда божхона органлари томонидан бюджетга ўтказилган маблағлар олти йил аввалги кўрсаткичга нисбатан 4 баробарга ортиб, 63 трлн сўмни ташкил қилди.
Давлатимиз Раҳбари томонидан олиб борилаётган очиқ, ўзаро манфаатли ва конструктив ташқи сиёсат натижасида ўтган бир йилнинг ўзида товарлар ташқи савдоси 47 млрд долларни, чегара божхона постлари орқали ҳаракатланган юкли автотранспортлар 1,4 млн тани, юкли вагонлар 734 мингтани, йўловчилр 41 млн нафарни ҳамда ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари томонидан тақдим этилган юк декларациялари 1 млн.дан ортиқни ташкил этди.
Юртбошимизнинг халқаро ҳамкорликни кенгайтириш борасида берган топшириқлари асосида хорижий давлатларнинг божхона хизматлари ҳамда Жаҳон божхона ташкилоти, Жаҳон савдо ташкилоти, Жаҳон банки каби нуфузли халқаро ташкилотлар билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилди.
Масалан, ўтган уч йилнинг ўзида 15 та давлатнинг (АҚШ, Корея, Хитой, Озарбайжон, Туркия, Россия, Беларусь, БАА, Саудия Арабистони, Грузия, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон) божхона хизматлари билан икки ва кўп томонлама ҳужжатлар имзоланди.