Madina Zarif


Channel's geo and language: Uzbekistan, Uzbek
Category: Blogs


Ёзиш мен учун ишқ;
Сўз мен учун севги;
Жумла мен учун муҳаббат.
Каналда келтирилган текст ва расмлар @MadinaZarif томонидан ёзилган ва суратга олинган.

Related channels  |  Similar channels

Channel's geo and language
Uzbekistan, Uzbek
Category
Blogs
Statistics
Posts filter


​​Бир ўйинчоқ ҳикояси
Бугун эрталаб емайл почтамга мактуб келди. Миям ҳали немисчани таржимасиз таний олмагани учун: “Ўғлим кимнидир ўйинчоғини бузди” деган ҳаёл келди.
Аммо мактубда аксинча: фарзандим ўғлингизни ўйинчоғини бузибди, узр ва қандай ўйинчоқ эди (қисқача), дея ёзган экан бошқа бир она.

Ўтган ҳафта мактабидан хафа келган ўғлимни эсладим. Ўйинчоғини мактабга олиб кетган ўғлим ўша куни хомуш қайтди.
- Ўйинчоғимни синфдошим бузди. Энди у менга худди шунақа ўйинчоқ олиб бериши керак!
“Ҳоҳо, иштаҳанг карнайку, болам, ким сенга нима олиб беради, тушингда кўрасан буни”, - деди ичимдаги Ўзбекистонда ўсган Мадина.
- Менимча олиб бермаса керагов, дедим ўғлимга нозикроқ муомала билан. – Олиб бормасанг яхши бўлардида.
- Аммо нега? У бузди, энди у олиб бериши керак. Мен ўқитувчига айтдим буни. У синфдошимнинг ота онасига билдиради ва менга ўйинчоғимни айнисини олиб беради.

Ичимдаги Мадина яна “ҳеҳ”, деб қўйди бу гапларга.

Тонгда мактубни кўриб, ўша Мадина яна бир хижолат бўлдики, ҳатто: “Кераги йўқ, бола нарса бузган бўлса бузибди, ҳеч қиси йўқ, овора бўлманг”, дея жавоб ёзворгиси келди.

Аммо 5 йилдан бери Германия нонини тотган Мадина эса бироз бунга қарши келди:
- Бу ўғлингни адолатга бўлган ишончи ва ўз ҳаққини талаб қилиш истагини сўндиради. Ўзинг минг хижолат бўлиб кетаётган бўлсангда, фарзандинг учун хижолатни бир жойга тиқи... эй йўғей, йиғиштириб қўйиш керак! – деган куйи биз бу ўйинчоқни қаердан олганимизни ёзиб юбордим. Ҳа, аммо бундай эътибор учун ташаккур билдиришни ҳам унутмадим.

Ва тезгина болалар учун «Фуқаролик жавобгарлиги”(Haftpflichtversicherung) деб номланувчи суғуртага аъзо бўлишим кераклигини тушундим. Бу суғурта учинчи шахсларга етказилган моддий зарарни қоплашга мўлжалланган.
Масалан, бола ўйнаб бировни деразасини синдирди дейлик ёки бирортани мошинасини велосипеди билан тирнаб ўтди.
Немис: вой бола экан, болалар нималар қилмайди, ўзимиз ҳам шу эдик, деб кераксиз мулозамат қилиб ўтирмайди.

Ваёки болалар ўйнаб туриб бирини туртиб юборди ва бошқаси йиқилиб қўли лат еди.
Суғурта даволаниш учун қилинган харажатларни қоплайди.
Бу суғурта тури нафақат болаларга, балки бутун оила аъзоларию, уй ҳайвонларининг ташқарига берган зараригачан қоплайди.
Яхши буни эсладим ва деярли ҳар бир немис оиласида бу суғурта тури бор. Демак, бузилган ўйинчоқ ўрнига олинадиган ўйинчоқ учун ҳам ҳеч хижолат бўлишимга ҳожат йўқ.
Энди ўғлимни мактабдан келишини кутиб ўтирибман. Хабарни айтайчи, нима қиларкин?..

Аслида бу воқеа: мен ва ўғлимнинг фикрлаш тарзидаги катта фарқлиликларни менга кўрсатди.
Сизгачи?


​​ЎҚУВЧИ ПАСПОРТИ

Кузатувим: Кутубхоналарда соат 16:00 ларга қадар асосан катта ёшли ўқувчиларни учратаман. Соат 16:00 дан кейин эса аста секин боғча ва мактабдан қайтган болаларини олиб келган ота оналар ва чуғурчуқ болаларни кўриш мумкин.

Болалар ва катталар бўлими кутубхона биносининг алоҳида қанотларида жойлашган. Болалар бўлимида ерда ўтириб, ёки бемалол диван ёки кресло каби ўтирғичларга суяниб ҳали кичик фарзандларига китоб ўқиб бераётган ота оналарни бу ерда кўп кузатдим.

Ўзбекистонда кўп китобхонага бормаганим боис бизда ҳам бундай одат шаклланганми ёки йўқми, билмайман. Бошқа кузатган мамлакатим Туркия аҳолисини ҳам кўп ўқийдиган миллат дейиш мумкин. Аммо у ерда ҳам фарзандлари билан китоб ўқиётган ота оналарни, тўғриси, учратмаганман.
Шунга кўра немисларни китоб ўқишни яхши кўрадиган миллат дея оламан.

Ўғлим биринчи синфнинг иккинчи ярмидаёқ матнларни шариллатиб ўқирди. Бунинг сабаби: китоб ўқишга бўлган талаб эди. Унинг синф хонаси 2 та хонадан иборат. Бири дарс қилиш учун парталар қўйилган хона ва ёнида яна бир хона. Иккинчи хонада китоб жавонлари ва маxсус юмшоқ тўшалма солинган. Дарсини тезда битирган болалар ваёки китоб ўқиш соатларида болалар мана шу хонага кириб китоб ўқишади.

1 синфнинг иккинчи ярмидан бошлаб болаларга Lesepass – Ўқувчи паспорти бера бошлашди. Бу “ҳужжат” китоб ўқиш прогрессини кузатиш ва болани китоб ўқишга рағбатлантириш учун берилади. Паспортда кўриб турганингиздек турли талаблар бор(илова расмда).

Масалан: Чўнтак чироғи билан ўзинг ясаган юмшоқ кулбачада қўрқинчли китоб ўқи – болалар уйда ёстиғу чоршаблардан кулбача қуришни яхши кўришади. Ва бу бола учун айри бир завқ. Қай биримиз чоршаблару кўрпачалардан кулбача қуриб унда турли орзулар қилиб, янги оламлар кашф қилмаганмиз?.. Қўрқинчли деганда албатта жуда қўрқинчли китоб эмас, балки турли эртаклар ўқиш тавсия қилинган.

Ёки: Иссиқ мазали ичимлик ичиб яхши бир китоб ўқи – ҳаво совиши билан киши бир пиёла иссиқ чой ёки қаҳва ҳамроҳлигида китоб ўқишни ким орзу қилмайди, дейсиз? Ахир, бу кузнинг завқию ва романтикаси-ку. :)

Ёмғирли бир кунда юмшоққина кўрпа тагида китоб ўқи ва шунга ўхшаш мотивациялар.
Бу каби ўқувчи паспорти ҳар мавсумга хос равишда тайёрлаб болаларга берилади. Ҳар бир бажарилган талабга ота ёки она сана ва имзо қўяди. Паспортдаги талаблар тўлгач эса болаларга турли совғалар бор.

Масалан, бу сафарги совға – мактабда ётиб қолиш кечаси. Аммо бунинг учун синфдаги болаларнинг барчаси паспортларидаги талабни бажариб керакли баллни йиғишлари керак.

Ўқитувчи – ўқувчи – ўқувчининг ота онаси – ва бутун синф – бир бирига боғлиқ меҳнат ва бирлик.
Мен катталар позициясидан ёзаяпман, аммо фарзандимда кузатаётганим: бугун менга какао тайёрлаб бер, ойи, мен паспортимда ёзилганларни қилишим керак. Чунки мактабда синфдошларим билан бир кеча қолгим келяпти. Биз мазза қилиб ўйнамоқчимиз – деди ўғлим. Ва кунда ёзилган талабларни қилиш иштиёқида. Ҳар доим ҳам у бундай азм кўрсатмайди, аммо бу сафарги совға уни анча тўлқинлантирган.

Кўриб турганингиздек бу нафақат китоб ўқишга рағбат, балки шу билан бирга китоб ўқиш жараёнини болага севдириш учун ҳам ҳаракат. Бу шаклда китоб ўқиш – кейинчалик мустақил китоб ўқиш кўникмасини ҳосил қилиб уни ёқимли жараён эканини англашга хизмат қилади.

Ҳа, айтганча, баъзан синф ва ўқитувчилар биргаликда кутубхонада ҳам ётиб қолиш кечалари уюштиришади. Аммо бу ҳақда кейинги сафар айтиб бераман.
Саломатлик тилаги ила
@MadinaZarif


ВАҲИМА
2 бўлим

Хабарларни қайта қайта текширавериб чарчадим. Уйда ўтира олмай шаҳарчамиз кутубхонасига йўл олдим. Бизда ёмғирли кунлар кўп бўлади, мен эса қачон қарама зонтик излаганим излаган. Шу сабабли анави куни эринмай дўкондан танлаб олган узун сопли зонтигимни ҳам сумкамга илволдим. Яна ўша гимназия томондан ўтдим. Йўллар ёпиқ.
Кутубхонада ўтирсам, қизимдан хабар келди: Зонтик экан.

Хуллас, ўқувчи бола кўрган самурай қиличи – бу самурай қиличи шаклидаги Зонтик экан.

Эрталабдан бери бутун кўча ўралгач, нечта полициячи ҳалак, нечта менга ўхшаган ваҳмачи ота она юрагини ушлаган – сабаби эса Зонтик.

Аммо бу борада мен шаҳарчамиз Оммавий Ахборот воситаларига ҳам, Полициячиларга ҳам қойил қолдим.
Полиция - беҳуда паникага олиб келувчи ҳаракат қилмагани ва максимал даражада вазиятни ўрганганишга ҳаракат қилди.

Оммавий ахборот воситалари эса – ҳали аён бўлмаган хабарларни тарқатишга шошилмади.

Нақ битта комедия жанридаги кино учун тайёр сценарий.


Video is unavailable for watching
Show in Telegram
ВАҲИМА

Бугун қизимдан: шаҳарчамиздаги гимназияда: тўполон бўлаётганмиш, бирор нарса эшитдизми, деган хат келди.
Боягина болани ўқишига ташлаб қайтгандим, шаҳарчамиз кўчалари ҳар доимгидек тинч, унинг устига бугун марказимизда кичик бозорча қурилган, унда ҳам Германияга хос тинчлик ва сокинлик ҳукм сураётганди.

Аммо қизим жўнатган кадрлар мени хавотирга солди. Ўша гимназиянинг ёнроғида ўғлимнинг мактаби ва уни сал нарироғида эса бизнинг уй.

Полиция сайтларида эса: эрталаб соат 10:45 атрофида бир ўқувчи полицияга қўнғироқ қилиб, мактаб ёнида(ё ичида) қўлида самурай қиличи тутган бир шубҳали шахсни кўрганини билдиргани ва текширувлар олиб борилаётгани ҳақида маълумот бор.

Охири уйдан чиқиб ўша томонга борсам, йўл тўла ёпиқ, мактаб атрофи тўла полиция томонидан ўраб олинган.

Ўғлим мактаби раҳбариятидан эса: полиция билан гаплашдик, хавотирга ўрин йўқ, болалар ҳар кунги каби уйга боришлари м-н, деган хабар келди. Аммо ҳали ҳамон гимназия атрофи ўраб олинган. Нима бўлгани ваёки нима бўлаётгани номаълум.


(кеч қолган) ТАБРИК

Неча кундан бери яқинда иштирок этган бир фотиҳа маросими(унаштириш) ҳақида ёзаман, дейману, аммо вақт топа олмайман. Аммо бугун Профессор Шерзоднинг каналларида ушбу мақолани ўқиб бу ҳақда ёзмасам бўлмас, дея қалам, ээ, йўғей, клавиатура тиқирлатдим.
Ва байрамдан кейин бўлсада ёзишга қарор қилдим.

5 синфга ўтганимизда она тили ва адабиёти дарсидан янги ўқитувчи дарсга кира бошлади.
Исми ҳам ўзи каби чиройли ва ёрқин эди: Бибиш... Омонова Бибиш. Қоп қора сочлари орқага силлиқ қилиб турмакланган, доим сипо ва шу билан бирга дид билан кийинган бу ўқитувчимга меҳрим бошқача тушди. Бу меҳр нафақат менда, балки бошқа синфдошларимизда ҳам бор эди. Она тили ва адабиёт дарсида синф сув қўйгандек жимжит бўларди. Барчамиз Бибиш маллимни жону қулоқ бўлиб тинглардик.

Албатта бундай рақоботдошликда ўқитувчимнинг эътиборига тушиш учун қўлимдан келганини қилардим:
- Адабиёт китобидаги ҳикоя ва асарларни ҳали ўтилмасдан ўқиш;
- Мавзу ўрганила бошлаганда қўл кўтариб маҳмадоналик қилиш;
- Иншоларда имкони борича чиройли ва маънодор ёзиш;
Кўп ўтмай истагимга эришдим ҳам. Иншолар баҳолангач ўқитувчим доим ёнига чақириб ўқиш, ўрганиш бўйича маслаҳатлар берар, иқтидорим борлигини уқтирарди. Саволларимга жавоб беришга, тушунтиришга, йўналтиришга - ҳеч ҳам эринмасди.

Болалигим қайтишни истаган оним эмас, аммо айнан мана шу устозим ўтган дарсларни кўп қумсайман. Бибиш домла билан учрашгунча китоб ўқишни севган бўлсам, учрашувдан сўнгра ёзишга ҳам ишқим тушди.

Бир ўқитувчи – бир ўқувчи, бир шахснинг шаклланишига қанчалик таъсир қилиши мумкинлигининг кўрсатгичи бу мен учун.

Ўқитувчилик тажрибам йўқ, шу сабабли унинг машаққати ва завқини тўла тасвирлаб бера олмайман. Аммо онам ва бувим ҳам ўқитувчи. Ўқитувчилик осон касб эмаслигини уларнинг мисолида кўрганман. Темир матонат, сабр ва меҳр талаб қилган касб.

Аммо ҳаётимга ўз таъсирини ўтказа олган гўзал қалбни бир Ўқитувчининг ўқувчиси бўлганман.
Домламнинг оламдан ўтганига кўп йиллар бўлган бўлсада, ҳали ҳамон қалбимда чуқур бир миннатдорлик билан эслайман. Ва балки мана шудир ортингдан келган савоб, деганлари.

Ҳаётимизда гўзал қалбли Ўқитувчилар кўп бўлсин.

Ҳаётингизда Сизни ширин хотира ва миннатдорлик билан эслайдиган ўқувчиларингиз кўп бўлсин, бардошли Ўқитувчиларимиз!

@MadinaZarif


Немис зиқнами?

Ҳар бир янги мамлакат, янги жой одамга кўп нарсалар ўргатади. Ва бу мамлакатда қабул қилинган муносабатлар сенинг униб ўсган жойларингдан фарқ қилганда эса тамоман бошқа дунё билан танишаётгандек ҳис қиласан ўзингни. Туркияда яшаганимда ҳам турли фарқлиликларни кўрганману, аммо уларни қоғозга туширишга вақтим ёки истагим бўлмаган чоғи. Аммо Германия борасида азза базза бўлса ҳам ёзиб тураман.

Яқиндан бери янги ишда ишлаяпман. Дўконда сотувчилик. Бу эса бевосита пул ва одамлардаги пулга муносабатни кузатиш имконияти дегани.
Ўзбекистонда пулга сал маҳкамроқ бўлганларни “немис” дейишади. Хўш, аслидачи, немислар пул борасида қандай?

Немислар пул борасида – Немис. 😊

Кассадан узоқлашмай берилган чекни текширганлар;
Қайтимни кўп бериб юборибсиз, дея 1-2 соатдан кейин қайтиб келиб бериб кетганлар;
Асосан реал пул билан иш қилувчи ва банк карталаридан ҳайиқувчи катта ёшлилар;
Деярли ҳамма тўловини картадан қилувчи ёшлар.
Хуллас, турли қатлам.

Германияда payback тизими бор. Тизим кўпчилик дўконлар билан ҳамкорлик қилади.
Сиз дўкондан маҳсулот харид қиласиз ва тизимнинг штрих кодини махсус экранга ўқитасиз. Харидингиз сизнинг бу ҳисобингизга балл бўлиб тушади. Ва бир йилда минимал 100 еврогача балл йиғилиб қолади. Хоҳласангиз бу пулни ўз ҳисоб рақамингизга ўтқазасиз, хоҳланг тўловлар учун ишлатишингиз мумкин. Сотувчи сифатида ҳар бир харидорга:
- Рayback картангиз борми, дея эслатишим керак.

Кўпгина ёшларда бу карта йўқ.
Катта ёшли қатлам ҳам унчалик бу технологик янгиликдан бохабар эмас.
Асосий қўлланувчилар: ўрта ёшли қатлам.

Кеча бир ёш қиз кўпгина харидларини растага қўйди. Сўнгра payback картасини “ўқитди”. Тўловини банк рақами билан қилди ва тўловдан сўнгра эса ҳисоб чекини текширди.
Қизга нисбатан ҳурмат ҳис қилдим. Ва...
Ўзимнинг ҳам Германияга келиб пулга нисбатан муносабатим ўзгарганини сездим.
Билмадим, буни сўзга айлантира оламанми?.. аммо уриниб кўраман.

Пулимни ўнгга чапга: бошқалар мени паст экан, демасин, дея сочишни истамайдиган бўлдим. Пулини тўлаган нарсаларимни: у хоҳ кафедаги бир парча нон бўлсин, ёки ортиб қолган овқат – олиб кетишга уялмасликни ўргандим.
Чекларни текширишга одатландим – инсонлик ҳоли кассада ўтирган ҳам адашиши мумкин. Ва мен нега ўз меҳнатим билан топган пулимни ташлаб кетай?

Немис тили ўқитувчим – ишга киришдан аввал ойликни келишиш борасида кўп гапирарди ва: сен вақтинг, меҳнатинг ва энергиянгни сотаётганингни унутма ва уни арзонга сотма, дерди доим.
Ҳақиқатан ҳам шундай эмасми?

Қизга қараб эса: ўз меҳнати, вақти ва энергиясини ва демакки ўзини қадрлаётганини кўриб унга нисбатан эҳтиром ҳис қилдим.

@MadinaZarif

1.6k 0 8 27 114

Шу - каналимга ёзишимга қўрқишимни сезиб қолдим.
Нимага десангиз - бир қораламалар қилиб каналга қўйишим билан кузатувчилар сонини камайииб кетганини кузатаман.

Унгачан каналим паастроқда турган бўлса, бирдан пост қолдирилгач илк сафларга чиқиб қолса: Вой, мен бунга нимага ўзи подписка бўлганман, деб чиқиб кетаётган кузатувчиларни тасаввур қиламан. :)

Бугун дўстим билан бу феноменни гаплашиб ўтириб: Ҳар кун ёзадиганларда бу алгоритм қандай ишларкин а?
Уларда бирор бир пост қўйгач ўқувчи сони кўпаярмикин ёки камаярмикин, деган саволни бердик.

*Сизда ҳам шундайми, кўп сонли каналлари бўлган кузатувчиларим?*

Ва яна: мабодо каналда одам кўпайиб кетган ва улар сонини камайтириш керак бўлса: кимга мурожаат қилишни биласиз. :)
Ҳазил ичра бироз чин бўлсада, шикоят эмас.


​​ЙЎҚОЛГАН ШАҲОДАТНОМА изидан

Янги давлат, янги талаблар...
Ҳар бир мусофирга ҳужжатлар, таржималар ва шу каби қоғоз ишлари маълум ва машҳур.
Германияда дипломимни тасдиқлаттиришим учун мактабни битирган шаҳодатномам талаб қилинди.
- Мактабни тугаллаганимга неча йиллар бўлиб кетдию, у шаҳодатнома қаерларда қолиб кетган экан, дея бош қотириб атрофдаларга маслаҳат солсам: mygov.uz га мурожаат қилсангиз бўладику, дейишди.

Очиғи онлайн мурожаатни иш беришига кўзим етмади. Мурожаат қилишни эртага қолдириб юравериб олти ойлик эртани ўтказиб юборибман.

Кеча 16 августда - ўтириб ўтириб:
- Хўп, мандан биров бирор нарса сўрамаётган бўлса, синаб кўрсам нима бўлади энди, дея ўзимни койиган бўлдиму, мурожаатни ёздим.
Онлайн хизмат кўрсатиш тармоғида: истаганга ўзбекча, истаганга русча хизмат кўрсатилишини кўриб: қойил, дедиму, мурожаатимни жўнатдим. Телефон рақам, деган жойига онамнинг рақамини қолдирдим.

Бугун тонгда онам хабар ёзибдилар:
- Мактабингдан қўнғироқ қилишди, ҳужжатингни топа олишмаётган экан. Кимлар билан ўқигандинг, эслатиб юбор.
Ҳаммасини эслатиб юбордим ва ишимни қилиб юриб бир пайт қарасам хат келган: Мурожаатингиз кўриб чиқилди.
Порталга кирсам... худди ўша мактабни битирганим тўғрисидаги шаҳодотномам электрон тарзда тайёр!

Эргашев домламнинг Алгебрадан ҳеч нарса билмаслигимга қарамай: сени институтга тайёрлаймиз, қизим, дея 4 қўйиб бергани;
Кимё ўқитувчимнинг орқасидан бир неча кун: маллим, биттагина 3 бўлиб қолибди шаҳодатномамда, ўзгартириб беринг, илтимос, деб орқасидан юрганларим;
Чизмачилик ўқитувчим дарсдан кейин бир неча соат бошимда ўтириб чизмачилик асосларини ўргатгани ва ҳалигачан ўша дарслар асосида чизмалар чизишим...
Ва яна бошқа кўп воқеалар бир бир кўз олдимдан ўтди. Узоқ 96 йилдан бугунга келган хотиралар шамоли...

Ҳа, лирикага берилиб кетдим.
Хуллас, шу портални барпо қилганлару, уни хизмат беришида иштирок этаётганлар – барака топинглар! Айниқса биз каби мусофирларга бу катта ёрдам.
Ватандошларимиз оғирини енгил қилувчи, узоғини яқин қиладиган шундай проектлар кўпайсин.


​​Кеча ўғлим билан тиш докторига бордик. Бу воқеа Германияда бўлаётганини эслатиб ўтаман.
Бизни аёл шифокор кутиб олди. Ўзига хос гапириши эса эътиборимни тортди: шунақа гапирса керак, нега фақат гапиришига кўра хулоса қиляпсан, дея ўзимни койидим.

Шифокор ўғлимнинг тишларини контрол қилгач:
- Ёнимга келинг, деди менга ва қиладиган муолажалар ҳақида маълумот берди. Мен гапираётганимда эса лабларимни диққат билан кузатди. Таҳминим тўғри чиқди. Кейинги гапиришларида ўғлимга докторга қараган ҳолда дона дона қилиб, докторга қараган ҳолда гапиришини илтимос қилдим.

Болалигимизда бундай одамларни гунг дердик. Мен учун бу сўз бугун ҳақоратдек эшитилсада, бундай кишиларга қўлланиладиган бошқа иборани сўз халтамдан топа олмадим.

Қулоқлари умуман ёки қисман эшитмагани боис аксар ҳолларда бармоқлар ёрдамида “гаплашишади”. Аммо лабларингизга қараб нима гапираётганингизни тушунадиганлар ва ўзи ҳам бемалол гапира оладиганлар ҳам кўп.

Нимага бу ҳақда ёзяпман. Доим таққослайман. Ўзбекистон билан.
Бу аёл шифокор доктор. У мактабда ўқиган, кейин гимназияни юқори баҳолар билан тугаллаб, тиббиёт институтида ўқиган. Ҳозирда стамотолог бўлиб ишлайди. Бу аслида давлат томонидан яратилган имкониятларнинг кўрсатгичи.

Бизда ўзига хосликлари: кўзи ожизлик, қулоғи эшитмаслик ва бошқа тана ноқисликларга эга кишиларни – имконияти чекланган, деб аталади. Аммо бизнинг диёримиз масштабида айтадиган бўлсам: уларнинг имконияти чекланган эмас, улар имкониятсизлик билан чеклангандек.

Аввалги Туркиядаги тажрибам, бугунги кундаги Германиядаги кузатувларим ҳам: уларни атрофимда, жамият ҳаётида кўп кўришим. Ўзбекистонда эса имконияти чекланган инсонларни кундалик ҳаётимизда кам учратамиз. Улар кўринмас одамлар. Ёки кўриниб қолганда ҳам пичирлашларга, тикилишларга ва баъзан қўл билан кўрсатишларга маъруз қолган ватандошлар.
Германия ёки Туркиядаги каби: рассом, офис ходими, доктор, рэппер эмас.
Уларнинг кўпчилиги доимий уйда - ёлғизликда.

Бундай ёки бунга ўхшаш ҳолатлар учун махсус таълим ҳақида гапирмайман.
Аммо аравачада юрадиганлар учун жамоат транспорти ёки дўконга кириши учун оддий пандуслар ҳам қилинмаган ҳолатлар қанча?
Умуман олганда уларга биз каби тенг имкониятлар борми?
Нега улар биздан ажратилган?
Уларнинг таълими, жамият ҳаёти, ижтимоий фаоллиги – биз баданан соғломлар кабими?

Биз бундай инсонларни жамият ҳаётимизда шунчалик кам кўрганмизки, мабодо учратиб қолсак тикилиб қарайдиган даражада кам улар. Кар, кўр каби ўзбек тилидаги сўзлар – ҳақорат сифатида ишлатилавериб ўз асл маъносини ҳам йўқотган.

Аммо аслини қарайдиган бўлсак, улар ҳам худди мендек, сиздек жамиятда фаол бўлишни, касб ўрганишни, севган ишини қилишни исташади ва буни аъло равишда амалга ҳам ошира олишади. Фақат уларга бу имкониятларни берилиши керак.

Мен солиқ тўловчи сифатида, бундай шахслар учун таълим, касблантириш ва бошқа имкониятлар яратилишини жуда жуда истардим. Чунки улар ҳам жамиятимизнинг тўлақонли аъзоси ва уларнинг бундай туғилишларида уларнинг айби йўқ.

Хуллас, кеча танишган докторимиз шахсан менда катта симпатия ўйғотди. Умид қиламанки, тиш муолажалари учун тўлов чеки келганда бу симпатия йўқолмайди. Нимага дейсизми? Чунки, Германияда тиш докторларининг иккинчи – халқ орасидаги номи: Банкир.

Қўшимча:
Мавзу жуда нозик бўлгани сабабли - фикрларимни максимал ҳамма томонлама эҳтиёт бўлиб ёзишга ҳаракат қилдим.
Ва қайта қайта ўқидим ҳам, кўнгилга тегадиган жой бўлиб қолмасин, ман қанақа ҳис қилардим, мана шунақа ҳолда дея эмпатия ҳам қилдим.
Бу фикрлар бу анча аввал ёзилган нарса эди, қўймаётгандим. Чунки барибир бир шаклда эътиборга олмаганим, ҳис қилмаганим жойи бўлади, қанақа таъсир қиларкин, деган хаёллар бор эди.Шу сабабли, фикрларимда кўнгилга тегадиган нуқталар бўлса узр сўрайман.
Тан олишим керакки: бу мавзулар шу даражада бизга бегона эканки, журналист сифатида ўз фикримни максимал нозик билдириш лаёқатига ҳам соҳиб эмас эканман.


​​Янги оҳори устида кўйлаклар тайерланган;
Пойафзаллар тозалаб эшик тагига қўйилган.
- Қани бўлинглар тез тез, ҳаммом совимасдан чўмилиб олинглар.
- Чўмилгим келмаяпти, - харшаха қилади укам.
- Бугун табаррук кун, бугун чўмилиш шарт.
- Нимага?
- Одам танасида шунақа жой бўларканки, у қанча чўмилма ювилмас экан. Фақат йилда бир кун унга сув тегаркан. Ўша кун бугун. Ҳайит олди - Арафа.
- У жой қаерда экан? Ювилмайдиган жой қаеримизда, ая?
Мен укаларимдан каттароқ бўлганим учун бу саволни беришга уялардим.

Бугун ўзим онаман, бошқа даврдамиз ва бу каби “ривоят”ларни ўйлаб топилган эканини ҳам биламан. Аммо ҳайит олди болаларни чўмилтириш одати шаклланиб бўлган.

Ҳар сафар бу ривоятни эсласам: Рост бўлсачи, деб қўядиган онамни боласиман, шукур.

Аввалги Ҳайитларни соғинамиз, бошқача бўларди, дея ичимизда бир хўрсинамиз. Тўғри, оҳори тўкилмаган кийим кутмай қўйган болаларимиз, талаблар ўзгарган, замон ўзгарган.

Фақат:
Бугунги Ҳайитларимиз эртага - фарзандларимизнинг соғинчига айланади.

Ҳайитингиз муборак.
Ҳайитимиз муборак.


​​Момоча

Бундан бир неча йил аввал бир момони учратдим. "Момоча" шаклда олдидан тугиб олинганди рўмолчаси. Ахлат қутисидан боқиб турарди унинг нигоҳлари менга.

Бир одатим бор. Эски кўчалардан ўтган онимда, ўша кўчаларнинг эски ҳолини, у ердан юраётган отлиқларнию, одамларни "кўраверади" тасаввурим. Момога қараб ҳам тасаввурим мени узоқларга олиб кетди:
Мана у кичик қизча, сўнгра эса гўзаллигига тўйиб бўлмайдиган, қўлини сўраганларга ийманиб қарайдиган бўй қиз.
Турмушга узатилаётгандаги қувончи жилмайтиради мени.
Мана бирин кетин фарзандлари... қай бирини ювинтирган, қай бирини койиган.
Мана яна ўша момо, аммо жувон, ҳаёт қийинчиликларидан ўксиган, йиғлаган, дармон излаган. Балки эрининг хиёнати, балки бирор айрилиқ... дард ёнган.

Сўнгра у набираларининг севимли момосига айланади. Тонгда уларга нонуштага "блинчик" пиширган.
"Бирор нарса олиб ерсан", дейди у арзимас нафақасидан асраб сақлаганини набираси қўлига сиқиштираркан.

Ва сўнгра... кўчиб кетади кўронсиз кўчсиз. Энди эса девордан боқади. Фарзандлари унга қараб кўзига кўз ёш олади. Набиралар ҳам уни эслаб туради, пирашка ваёки блинчик ҳидини тотганда ваё бошқа пайт.

Набиралар унади, ўсади, оила қуради. Фарзандли бўлади ва ... ришта узилади. Момо билан...
Бир куни авлодлар уй тозаларкан, унинг аллақандай бурчагидан чанг босган бир нотаниш момо портретини топишади. Чанг босган.
- Ташлаб юборақол.

Инсон тўпламда 150 йил яшар эмуш. 70 ёки ана борингки 80 йил ҳақиқий ҳаётни, кейингиси эса яқинларнинг хотираларида "яшаш". Кейин эса унутиларкан бу ришта. Дунё унутади сенинг бўлганингни, сенинг яшаганингни, сенинг изтиробларинг-у, иккиланишларингни.
Тўғриси ҳам, нотўғриси ҳам, қилганинг ваёки қилишга жазм қила олмаганинг ҳам ортда қоладию, кетади.

Айнан мана шунча "яшайсан" бу дунёда, Мадин.
Ҳозир эса яшамоқдасан.
Яшаш сенга берилган, у сеники.
Яша!


​​​​Тил ва Иммиграция
Иммиграция
ва ёки бошқа мамлакатга кўчиб кетиш – одатда ҳавас ҳиссини уйғотади.
«Мазза а», «Мазза қилиб яшайсиз а, табиати зўр, пули яхши» ва ҳк.каби сўзларни мусофирларга яхши таниш. Менинг ўзим ҳам мусофир бўлмагунча шундай ҳаваскорлардан бири эдим. Сўнгра эса: мусофирлик ҳаёти билан яқиндан танишдим.
Маззами?
Албатта, ҳаммасини нольдан ўрганиш доим «мазза» бўлган. Адаптация эса – доим ҳам осон кечмайдиган жараёнлардан.
Жамият ҳаёти – ҳар рўзғорнинг ўз қоидалари бўлганидек, ҳар мамлакатнинг бир-биридан фарқ қиладиган жамият ҳаёти ва ёзилган ва ёзилмаган қонунлари бор. Уларни ўрганиш бир жабҳа бўлса, унга кўникиш иккинчи жабҳа.
Ҳужжатлар – бу айро ва мушкул мавзу. Виза олиш/узатиш/ўзгартириш. Бу жараёнда ҳужжатларни тайёрлаш/таржима қилиш/тасдиқлатиш – мусофирнинг асаблари эгови ва кўз ёшлари сабабчиси.
Аммо бугун айтмоқчи бўлганим бошқа нарса: охирги пайтларда яна бир жиҳат эътиборимни тортди. Биласиз аввал 7 йил Туркияда яшаганман ва 4 йилки Германиядаман. Бу икки мамлакатдаги адаптация/кўникиш вақтини қиёсласам: Туркияга тезроқ кўниккан ва турк тилида тилим тезроқ «чиққан» экан. Германияда эса нисбатан тортиниб, хавотир билан муносабат қураётганимни сездим. Бунинг сабабларини излай бошладим.

Илк бор Туркияга борган чоғимда, тузук-қуруқ туркча гаплашмас, унинг устига уларнинг тез-тез гапиришларини қулоғим ҳеч илғамас эди. Аммо узуқ-юлуқ қилиб туркчада бирор жумла тузсам ҳам: оо, неқадар гўзел, чок офарин, каби хушсўзлар билан қаршилашганимда ўзимдан ҳам гапираётган тилимдан ҳам шунақа хурсанд бўлиб кетардимки, яна бир нарсалар гапиргим, ўргангим келарди. Туркларда турк тилини ўрганишга ҳаракат қилаётганларга нисбатан эҳтиром борлигини ҳам айтиш керак.

Германия эса ўз номи билан Германия. Бу ердаги аҳоли нисбатан масофали ва жиддий. Амаллаб бир жумла тузиб, юрак ютиб гапираману, унинг орқасидан жиддийлик билан ўша жумла қаршимдаги киши томонидан тўғирланиб такрорланади. Мендек перфекционист учун бу – гапирмай қўявер, эплолмаяпсан, Мадина! – дегани. Кейинги гал бу ички оғриқ/уятни ҳис қилмаслик учун ҳам гапирмай қўявераётганим ва ёки гапиришдан максимал тарзда қочаётганимни ҳис қилдим.

Охирги пайтларда Ўзбекистонда ўзбек ва рус тиллари борасида кўп тортишувларни кўриш мумкин. Ўзбек тилини яхши кўраман ва уни дунёдаги энг чиройли тиллардан бири дея оламан. Фақат ўзбек тилининг оммалашиши ваёки бошқаларда меҳр уйғотишига бу тарзда эриша олмаймиз.

Мисолимдаги давлатлар Давлат миқиёсида ўз Давлат тилида гапирилиши ва ўргатилишини йўлга қўйган. Ва ҳужжатлар асосан Давлат тилида баён қилинади. (Аҳолисининг кўпчилигини ташкил қилган қисм тили ҳам илова қилиниши мумкин, аммо барча ҳужжатларда эмас.) Бунга биз эммигрантлар ҳам ҳаракат қиламиз.
Аммо юқорида келтирган икки ҳолат оддий халқ орасида тил борасида қандай ижобий ваё салбий натижалар кўрсатиши мисоли. Тилимиз учун нимадир қилмоқчи бўлсак, у агрессиядан бошланмаслиги ваёки агрессияга айланиб кетмаслиги керак.


​​Чет элда ўзбек бўлиш
Ёки она тилини сақлаб қолиш

Қулупной тера туриб: ўғлимга: жоон, анави тоғорани олиб бер, дедим. Кейин миямга урди: бу болага мен доим жоон, деб мурожаат қиламан. Аммо бу бола бу сўзнинг маъносини билармикин ўзи?

Ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам: чет элда она тилини сақлаб қолиш бироз мушкул. Биз учунку, ҳа, ўзбек тили она тили. Аммо чет элда туғилиб, ўсаётган болаларимиз учун эса ҳар доим ҳам бундай деб бўлмайди. Уйда албатта ўзбек тилида гаплашишга ҳаракат қилинадию, аммо бизни иш бироз karisik.

Баъзан бир жумлани ичида 4 та тил аралаштирганимизни пайқаб куламиз.
- Мама, probier mal вот эта еда schmeken gut yapiyor. (Ойи, татиб кўр, мана бу овқат мазали - рус, немис, рус, немис турк тилларида).
- Сейчас я занята, birazdan, хўп? (Ҳозир бандман, бироздан кейин, хўпми?)
- Хоп. (Ўзбекча)
Ўғлим Туркияда туғилгани учун, қизларим эса ақлини Туркияда танигани учун кўпинча ўзаро турк тилида гаплашишади. Русча ҳам ҳаётимизда анча илдиз отган: қизларим Ўзбекистонда рус мактабга боришгани сабаб улар билан суҳбатимизда кўпроқ русча ишлатар эканмиз. Ва бу автоматик ҳолда ўғлим, қизларим билан мулоқот тилига айланган. Аммо баъзан аралаш тилларда гаплашганимиздан миям портлаб кетай, дейди. Бирор нарсани тушунтириш жараёнида эса: дод деворай дейман, чунки мия аралаш сўзлар ичида менга кераклисини топаётганда инфаркт бўлади. 😊

Ўзбек тили эса: қизларим ўзбек тилини билишади, тушунишга бироз қийналишади ва акцент билан гаплашишади.
Ўғлимдан бирор нарсани бекитмоқчи бўлсак, ўзбек тилида гаплашамиз, чунки у ўзбек тилини деярли билмайди.

Чет элда катта бўлган болалардаги асосий муаммо эса: бобо бувилар, амма холалар билан эркин гаплаша олишмасликлари. Балки бу муаммо ҳаммада ҳам эмасдир, аммо бизда бу муаммо бор.

Тилни асраб қолишга келсак эса...бу ҳақида ҳали бирор ечимим йўқ. Аммо ечим керакми, билмадим.

- Болашим, жоон дегани нима деганини биласанми?
- Йўқ.
- Herz, дегани.
- Мама, herz юрак, дегани, жон эса – душа, дегани, - дея таржимамни туғирлади қизим.

Дам олишни истасам эса, ўзбекча гаплашадиган одам қидираман. Чунки одам ўзини энг яхши ўз она тилида ифода қила олади ва бу инсонўғлининг эҳтиёжи. Аммо болаларим қай тилни она тилим, дея олади, уни ҳали тўла англамадик. 😊


Video is unavailable for watching
Show in Telegram
Кеча борган Фермерлик хўжалиги.
Ҳудида анча катта.
Бу ерда қулупной билан бирга яна кўп сабзавот ва резавор мевалар етиштирилади.
Олма, гилос, узум дарахтларига кўзимиз тушди.


​​Қулупнойли ёмғир

Болалигимиздаги «Тулкича» мультфильм ёдингиздами? Отасини саволга тутган тулкича «Қулупнойли ёмғир ҳам бўладими?» деб сўраганичи? Ўша мультфильмдагидек биз ҳам қулупной егимиз келиб қулупнойли ёмғир кутдик. Ёғавермагач, қулупнойни излаб ўзимиз йўлга тушдик.
Охирги ҳафта мобайнида Германия анча ёмғирли бўлди. Шу сабабми биздаги қулупной мавсуми энди бошланди. Бозорларда, дўконларда қулупной бўй ва ҳид кўрсатиб қолди. Болалигим қишлоқда ўтгани учунми ёки қурғур қарилик сабабми, ўзимиз териб ейишга нима етсин, деймиз.
Германияда эса қулупной мавсумида қулупной, гилос мавсумида гилос, олма мавсумида олма боғларига бориб меваларни ўз қўлингиз билан териб, сўнгра кило бошига пулини тўлаб олиб кетаверасиз. Бу айниқса болали оилалар учун мароқли машғулот. Бўлмаса бизни болалар қулупнойни қайда кўрибдию, олмани қайда узибди. Ўз ўзидан музлатгич ёки ошхонада пайдо бўладиган егулик деб ўйлаб юраверган бўларди.

Қулупнойга қайтсак, Гермон фермерлари ҳам ўз ишини устаси, қулупной пишганидан уни бу йўл билан сотишга ошиқмайди. Аввал сара меваларини териб олади ва дўконларга етказади.
Сўнгра эса истаса, ўзи териб кетиш мавсумини бошлатвориб ўз сайтларида: келиб қолинг, олиб қолинг, қулупнойга тўйиб қолинг, дея эълон беришади.

Дарров қўймаслигининг сабаби эса, бели оғриб кўчат ўтказмаган, кўзи тўрт бўлиб мева тугишини кутмаганлар мевани эҳтиётлаб термайди. Уни устига бола деган: кўрган нарсасини эзиб, мижиғлаб, пишмаганини юлиб, татиб, ёқмагач отвориб кўради.

Бугун борган фермеримиз, аввал олиб борган идишларимизни ўлчаб кг миқдорини қўлимизга ёзиб берди. Эътиборимни тортгани, дала бўйлаб бир нечта ташима ҳожатхона ҳам ўртанишни унутишмабди. Чоптириворавер, кенг дала бўлса, дейишмабди.

Далага кириб мевани тердик ва еганча едик. Териб ва тўйиб бўлгач қулупнойларимизни яна тарозига солиб, идишларнинг кг миқдори чиқариб ташланди.
Ва бўлди: хуллас бир кило қулупнойни 3 евро 50 центдан (48.155 сўм) сотишди.
Қиммат, ўртоқлар. Айниқса белим бўкилиб ўзим терган қулупной учун.
Аммо бу Гирмон деганларида маҳаллий деҳқончиликни қўллаб қувватлаш дастури бор. Мен у ҳақда кўп нарса билмайман. Локин, билиб олгач сизга ҳам айтаман. Фақат шу ичимдаги Мадина: Мадин, бу кимга қизиқ, йиғиштир, демаса бўлди.
Ҳа, айтганча 15 кило қулупной терибмиз. Бачаларга: емай ичмай фақат қўлупной ейсила, чунки бундан кейин қўлупной йўқ, дедим. 😊
Ростда, мевани мавсумида ееб ееб олиш керак. Витамини ўшанда тегади, деган Ибн Сино бобом.


Ассалому алайкум.
Бу ерга жуда кам ёзсамда, бардош билан мен билан қолганларга ҳам;
Янги келганларга ҳам:
Хуш келибсиз!


Video is unavailable for watching
Show in Telegram
Кечаги сайрдан лавҳалар…


​​ТАЖРИБА

Германияга келганимга 4 йил бўлган бўлсада, ҳали таниш ёки дўст орттира олмадим. Чунки немислар бу борада жуда муҳофазакор миллат экан. Мен эса тил ўрганишим керак ахир, дея театр ва кинотеатрларга бора бошладим. Аммо у ерда ҳам мувафаққият қозонмадим.

Сўнгра замонавий услубга ўтдим. Uzum, Tinder, Tandem ва турли турли апплар кўпайган бу замонда, кўзим meet5 аппига тушди. Дўстлик, қизиқиш ёки хоббидошлар, бирга мароқли завқ ўтказишни ваъда бериб турарди бу апп. Яшаб турган шаҳарчам атрофида истиқомат қилувчилар маълум кунга турли учрашувлар ташкил қилишар ва бу приложения орқали таклиф қилишаркан. Учрашувга келишни истаганларнинг сони ва кимлигини ҳам кўриш мумкин. Бегона, танимаган одамларим бўлганидан: қурқув ва хавотир сабабли 1 ойча бу учрашувларга қатнашмадим ва фақат кузатдим.

Рақс кечаси, караоке кечаси, биргаликда тушлик қилиш, тоғ адирларга юриш учун чиқиш, 90 йиллар мусиқа кечаси, тарихий обидаларни кезиш – турли туман учрашувлар.

Ўтган ҳафта юрак ютиб бир учрашувга боришга қарор қилдим. Қўшни қишлоқдаги тепаликка чиқиш – хайкинг эди. Учрашувга мендан бошқа яна 6 киши қатнашишини билдирган. Хавотир билан учрашувга бордим. Мени бу тадбир ташкилотчиси кутиб олди. Кўп ўтмай қолганлар ҳам келишди. 7 киши кўриб турганингиз тоғ ва адирларни кездик. Мендан бошқа барчаси немис миллатига мансуб бўлган бу танишларим ҳаво яхши бўлганда кўп мана шундай сайрларга чиқиб туришар экан. Телефонларсиз, гавжумликдан чарчаган, ҳар кунги хархашадан дам олиб, табиатдан баҳра олиб бир бири билан суҳбат қуриш, янги одамлар билан танишамиз, дейишди.

Юқори чўққида жойлашган кичик бир қаҳвахонада атрофни томоша қилиб бир финжон қаҳва ичдик. Рюкзакларимизга солиб олган бир нарсалар билан қорин туйдирган бўлдик. Ва жуда кўп гаплашдик. Онлайн ҳаётсиз, атрофдаги гўзалликдан баҳра олиб, дардларимизни ҳар қадам билан ортда қолдира қолдира юрдик, кездик. Умримда илк бор кўриб турган ва унинг устига немисчам яхши бўлмаган ҳолда улар билан 7 соат бирга вақт ўтказибман. 15 км дан узоқ йўл босдик, 300 метр тепаликка чиқдик. Ҳаёт фалсафаси билан бўлишдик, бошқаси яқинини яқинда йўқотганини билдирди, унга ҳамдардлик билдирдик. Хуллас, бу тажрибам жуда ҳам ижобий ва мароқли хотираларга тўла бўлди. Германиянинг табиати эса... таърифсиз...


Video is unavailable for watching
Show in Telegram
Германия кичик кўчалари ва уларнинг гўзаллиги


​​Германия автобани
Ҳайдовчилик гувоҳномаси олганимга бир неча ой бўлди. Локин ҳали Германиянинг бутун дунёга таниқли бўлган автобанларига ҳали бирор марта чиқмагандим. Кеча Heidelberg шаҳрида дўстларимиз билан учрашиш учун илк бор автобанга чиқдим.
Якшанба бўлгани сабабли автомобиллар сони кам, йўллар эса теееп-текис. Қўрққанга қўш кўринар деганларидек, сафаримиз хавотиримдан кўра анча яхши ўтди. 120 тезликдан сўнгра тезликни одам ҳис қилмас экан ва бир неча маротаба то 140 тезликка чиққанимни ҳам сезмай қолдим. Шу сабабли сурункали тезлик кўрсатгичини назорат қилиб туриш шарт.

Орқадан бир неча маротаба жуда яқин келган автомобиллар ичимда паника туғдирди. Бу ҳолатдан чиқарган дарсим: Диққат эътиборингни орқага эмас, борадиган манзилинг, олдинга қарат.
Яна бир хавфли нуқталардан бири: бир текисда кетаётган йўл, ҳар қанча тезликда бўлмасин одамни уйқусини келтираркан. Ухлаганим йўқ албатта, аммо бу борада ҳам диққатли бўлиш даркорлигини тушундим.

Қайтишда жасоратимга яна жасорат қўшилиб, ёмғирли ҳавода ҳам 120 босиб келавердим. Аммо бугун бўйним ва қўлларим шунақа қақшаяптики, кечаги бутун қўрқувимни рульни қаттиқ ушлашга ва бўйнимни қисиб олишга сарфлаганман чоғи.

Хуллас, Германия автобанлари дунёга танилганича бор экан. Қўлай ва тез. Минус томонидан бири эса: Германия табиати гўзал! Кичик айланма йўллар манзилга узоқ олиб борсада, одамни кўзи қувнаб, дили яйраб, табиатига қойил қолиб: Яшшавор Нортой!, дея йўл босади. Автобанда эса бу манзара кам.
Хуллас, Германияда бўлсангиз, албатта автобандан сафар қилиб кўринг.
Жонажон юртимиз йўлларига ҳам Германия йўлларидек текис ва қўлай бўлишини тилаб қоламиз.

20 last posts shown.