Илм талабида ўтган кунларини ва шайхлардан илм олиш сафарларини зикр қилган пайтларида кўп марта менга айтардилар: “Талабаларнинг аксари шариат илмларидан гапдонликка ишқибоз эдилар. Уларнинг бор ғамлари қийин масалаларни ҳал қилишда ва фиқҳий алғоз (топишмоқ)ларни ечишда тенгдошларига мақтаниш эди. Аммо менинг эътиборим ишончли матнларини ёдлаш ва белгиланган китобларни ўрганишга қўшимча бошқа нарсаларга ҳам эди...
Бор эҳтимомимни Қуръон тартили ва тажвидига қаратдим. Ичимда ғойибона уни ёдлашни орзу этардим. Амалда шундай бўлди ҳам, Қуръон ҳифзини жуда эрта бошладим. Фиқҳ илмидан сулукимга тегишли ибодатлар ва ҳукмларини ўрганишга эътибор қаратдим. Тасаввуф китоблари мени ўзига тортарди. Имом Ғаззолийнинг “Иҳёу улумид-дин” китоблари қўлга киритган ва ўқишга муккасидан кетган китобларимнинг аввалгиларидан эди. Шунингдек набавий сийратни ўрганишга ҳам шўнғигандим. Кўнглимда нафл тоат- ибодатларга рағбат уйғонганди. Энг катта орзуим бар вақтга эга бўлсамда, у сабабли тунги намозга ёрдам олсам эди. Менинг бу орзуим рўёбга чиққач, у мислиз хурсандчилигимга боис бўлди.
Талабаларнинг аксари менинг бу ишларимни масхара қилишарди. Мени чуқур кетиш, такаллуф қилиш ва баъзида катта шайхларга тақлидда айблашарди. Мени бу йўлга ўтганимни улар матнларни ёдлашда ва илмий масалаларни ечиш, муаммо ва ишораларни ҳал қилишда улар билан тенглаша олмаслигимдан деб билишарди.”
Отам сўзларида давом этадилар: “Ҳақиқатда бошқа мажбуриятларимдан ташқари мен кўп вақтимни Қуръон тиловати, зикрлар ва вирдларни ёдлаш, нафл ибодатлар ва тун намозига сарфлар эдим. Талабалар эса вақтларининг ҳаммасини матнларни ёдлашга, дарсларини тайёрлаш ва такрорлашга ишлатишарди. Бундан келиб чиқиб мен улардан илмий малака, масала ва ҳукмларни ёдлашда ортда қолишим керак эди. Фикримча бир муддат шундай бўлди ҳам. Шайхлару толиблар наздида мен малака ва имконияти чекланган бола эдим. Кунлардан бир кун шайхлардан бири (отам менга бу шайхнинг исмини айтгандилар, афсус мен унутиб қўйдим. – муаллиф) навбат билан ҳаммамизга савол бериб, имтиҳон қила бошлади. Менга юзланиб мураккаб иборалардан хоҳлаганича савол бера бошлаганда, Аллоҳ мени тўғри жавобларга илҳомлантира бошлади. Шунда менга қараб шайх деди: “Дарҳақиқат сен олиммас эдинг. Лекин Аллоҳ сенга олим бўл, деди, олим бўлдинг..!”
Отам менга илм талабидаги бу ҳолларини бир неча маротаба гапириб бергандилар. Бу билан падари бузрукворим мени Аллоҳ азза ва жалланинг:
“Аллоҳдан қўрқингиз! Аллоҳ сизларга билдирур.” (Бақара сураси, 282-оят)ининг маъносига рўбарў қилмоқчи ва шаръий илмлар талабида касб қилишлик мақомига қулашдан огоҳлантирмоқчи бўлардилар. Ваҳоланки бугунги толиби илмларнинг кўпчилиги шундай ҳолда...
Менга бу сўзларини кўп такрорлардилар: “Ҳафта давомидаги дарслар машаққати сабабидан жума кечаси роҳат кечаси ҳисобланарди. (Бундан жума дам олиш куни экани ва жума кечасидан пайшанба кечаси мурод эканлиги тушунилади. – таржимон.) Зеро у дам олиш ва роҳат куни бўлмиш жумага туташдир. Талабалар ушбу тун тонггача бедор бўлардилар, уни ўйин-кулгу, рақс ва ҳазил-мутойиба билан ўтказардилар. Ҳатто шу даражада чарчардиларки, оғир уйқу сабабидан бомдод намозини қазо қилишарди ва тонг отгандан кейин ҳам ухлаб ётишарди”.
Шариат толиблари хафтанинг энг афзал тунини ўйин ва бекорчиликка сарфлаб, сўнг жума бомдодини вақтида ўқишга бепарво бўлишларини отам менга аччиқ афсусла сўзлаб берардилар...
Биз билган ва билмаган неъматларнинг барчаси учун, биз билган ва билмаган ҳамдларнинг ҳаммаси Аллоҳга бўлсин!
Салавот ва саломнинг афзали саййидимиз Муҳаммадга, олига ва жамиъ саҳобаларига бўлсин!
Аллоҳим мени тўғри йўлга илҳомлантиргин, ҳалокатли тойилишлардан сақлагин. Қалбимни нуқсонлардан поклагинки, амалимнинг ҳаммаси Сенинг розилигинга ҳаракат учун бўлсин. Албатта Сен ҳамма нарсага Қодирсан!
Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий
•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•
Муқаддима |
1-қисм
Давоми келгуси сонларда...
ЎЗ ЯҚИНЛАРИНГИЗГА ҲАМ УЛАШИНГ!
✅ ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРИМИЗ:👇
Telegram | Instagram | TikTok