Фирибгарлик ҳақидаСавол: Фирибгарликнинг ёмонлиги ҳақида маълумот берсангиз.
Жавоб: Фирибгарлик динимизда катта гуноҳ ҳисобланади.
Чунки фирибгарлик ўзгаларнинг молини норози қилиб, ҳалол бўлмаган йўллар билан олишдир. Бу ҳақда Қуръони каримнинг Нисо сурасида бундай дейилади:
“Эй иймон келтирганлар, ўзаро молларингни ботил йўллар билан еманглар, фақат сизлардан розилик билан бўлган тижорат бўлса, майли” (29-оят).Фирибгарлик билан топилган пулда барака бўлмайди.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Ким одамларнинг молини қайтариб бериш мақсадида олса, Аллоҳ таоло унга ёрдамчи бўлади. Ким одамларнинг молига талафот етказиш (чув тушириш) учун олса, Аллоҳ таоло унинг ўзига талафот етказади”, дедилар
(Имом Бухорий ривояти).Фирибгарлик билан топилган молни оила аъзоларига сарфлагани учун ҳам гуноҳкор бўлади. Чунки Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
«Эй мўминлар, сизларга ризқ қилиб берганимизни – покиза нарсалардан енглар...» (Бақара сураси, 172-оят).Фирибгарлик қилган одам қандай тавба қилиши ҳақида қуйидаги ҳадисда айтилади:
“Кимнинг зиммасида бир биродарининг обрўси ёки молига тегишли бирор ҳақи бўлса, динор ва дирҳамлар ўтмайдиган (қиёмат) кун келишидан олдин ҳақини адо қилсин. Чунки у кунда бунинг яхшиликлари ҳақдорга олиб берилади. Агар яхшиликлари бўлмаса, биродарининг гуноҳлари унинг гуноҳларига қўшиб қўйилади” (“Муттафақун алайҳ”).Авваламбор, имкони бўлса, одамлардан ёлғон-яшиқ йўллар билан ундирган маблағларни ўз эгаларига ёки уларнинг меросхўрларига қайтаради. Агар қайтаришга имкони бўлмаса, улардан розилик сўраб ҳақини ҳалол қилиши керак. Маблағнинг эгасини топа олмаса, унинг номидан садақа қилади. Бунинг устига чин дилдан тавба қилиши лозим. Валлоҳу аълам!
“Фатволар тўплами”дан.NAMOZ VAQTLARI KANALI 👇🏽
https://t.me/+l7BJrk_xh4djNTdk