Менинг ижодим ҳамиша Эргаш Жуманбулбул, Фозил Йўлдош достонларидан, халқ оғзаки ижодидан озиқланиб келди, мен улардан ўргандим, илҳомландим ва фақат ўшаларнигина ҳақиқий шеърият дарғалари деб тан олиб келдим.
Эшик олди ойдин кўл
Ойна солсам ботмайди.
Армонларда кетган болам-а,
От юборсам қайтмайди.
Қўлимдаги узукнинг
Гарди борда, кўзи йўқ.
Шунқоримни уйида,
Ўрни борда, ўзи йўқ.”
Тўра Сулаймон жуда ажойиб шеър ўқирди. Сўзлар дона-дона, жаранглаб чиқарди. Худди дўмбира симига бармоқлари текканда чиққан жарангга ўхшарди бу садо. Дўмбира садоси вужуд бўлса, шеър шу вужуднинг руҳига ўхшарди. Бир-бири билан чамбарчас қоришиб кетган бир тан-у бир жон. Ўша оқшом алламаҳалгача шеърлар ўқилди.
Болалигимда тўй-марака, йиғинлар, сайлларга дўмбирасини кўтариб халқ бахшилари келиб қоларди. Бахшиларнинг мардонавор ҳайқириқлари, қон томирларимизни жимирлатиб юборадиган нола-ю фиғонлари авж пардаларда Мирзачўл дала-ю даштларини тўлдириб юборарди.
Улкан дарё бошланган илк нуқта – булоқни кўриб қолгандай ҳайратланардим. Мана шу булоқларнинг жилғалари аста-секин йўлларда қўшилиб дарё бўлишини, албатта дарёни фақат дарё ҳолатидагина кўрганлар ишонмайди. Бўлиши мумкин эмас, дейди. Агар бугунги кун ўзбек шеъриятини олиб қарайдиган бўлсак, кўпчилик шоирларнинг сув ичган булоқлари – Европадан кириб келган бармоқ вазнига бориб тақалади.
Бизда, XIX асргача бармоқ вазни деярли бўлмаган. Бармоқ вазни Пушкинни, Лермонтовни, Есенинни ўқиганимиз, улардан ўрганганимиз учун кириб келди. Пушкин ҳам ўз ўрнида Шекспир, Петрарка, Лонгфелло ва бошқалардан ўрганди. Бу табиий ҳол. Лекин, Чингиз Айтматовнинг “Асрга татигулик кун” романидаги Найман она образи эсингиздами, у оппоқ кийимда боласини чорлаб, кенг далада бўзлаган ҳолда қўшиқ айтади. Халқ оғзаки ижоди, достончилик дала-даштларимиз бўйлаб юргандай, она ўз боласини зорланиб чорлаётгандай туюлаверади.
Халқ оғзаки ижодининг энг улкан ва энг сўнгги номаёндаси, давомчиси эса Тўра Сулаймон эди.
Тўра Сулаймонда бош ҳарфлари бир хил сўзлар олд қофия бўлиб, сўзларнинг ўзига хос уламасини, до-ре-ми-фа-сольларни ташкил қилади. У элнинг “мен”и орқали сўзлайди. Тил – унинг фикри, унинг бадиий мушоҳадаси, ворис сифатида қабул қилиб олган хазинаси. Тилни яхши билиши – ижодининг баракали, файзли, истиқболли бўлишига кафолат бўлди. Шоир тилни ўз савиясининг ўлчов бирлиги сифатида қабул қилди, яъни тилни қанчалик яхши билса, шоир шунча буюк бўлади деб билди ва бошқаларни ҳам шу ўлчов билан ўлчади.Қуйида Тўра Сулаймон ижодидан айрим дилга яқин намуналарни мушоҳада учун келтираман:
– Қия-қия қирлардан қийиб учсам,
Бир ўртаниб, қирларда куйиб учсам.
Ҳаволаниб, жонимдан тўйиб учсам.
Сиз-да ғариб, султоним, менда ғариб.
* * *
Не учундир бу элда
саодат сохтадин сохта
Хиёнат авжида, ё Раб
диёнат сохтадин сохта
Иззат-икром, хаё, меҳру
оқибат сохтадин сохта.
Илтижолар ижобатсиз,
ибодат сохтадин сохта.
* * *
Йўлинг элдан айри бўлса йиғла, ёлғиз бошман деб
Аёқ остида топталган кераксиз бир тошман деб.
* * *
Университетда ўқиб юрганимда ХХ аср бошларида яшаган машҳур рус шоирлари Марина Цветаева, Игор Северянин, Алексей Крученихларнинг сўзларни бир хил тизимда тизиб, (худди илтижолар ижобатсиз ибодат сохтадин сохта) жаранглатишларини, ҳарфларни биллур садосидай ўйнатишларини ўқиб, Тўра Сулаймон ҳам модернист шоир экан-ку, деган хаёлга борган эдим. Ижод лабараториясида сўзларнинг ижодий тадқиқотларини, экспериментларини ўтқазар экан, деган хаёлга борган эдим.
Кейин билсам, бундай бадиий тадқиқотлар, модернчиларнинг бутун оламга жар солиб кўтарган ғала-ғовурларининг ҳаммаси, биргина “Алпомиш”нинг ўзида аллақачоноқ синовдан ўтқазилиб, йўлга қўйилиб бўлган экан.
Қурруё-қур ҳайт-а, тўрамнинг оти,
Оқ тўшим – яйловинг, сочим шибиртки.
Куйганимдан гапни гапга улайин,
То ўлганча сайисинг бўп юрайин.
Эгам раҳм айласин қонли ёшима,
Сабаб бўлиб қўшгин тенгу тўшима.
Қурруё-қур ҳайт-а, тўрамнинг оти!
Тўра Сулаймоннинг модерни шундан иборат эдики, у халқ оғзаки ижодини бармоқ вазни билан чатиштирди, замонавийлаштирди ва бу билан “модернист” шоир деб бериладиган унвонга тўлалигича сазовор бўлди.
Излай-излай ҳориб бўлдим, сенсиз ёлғиз ғариб бўлдим.