АЛИШЕР НАВОИЙ ВА АЛЕКСАДР ДЮМА
Навоий даҳосининг мўъжизаси шундоқки, ул зоти шарифнинг беназир каломида нажотбаҳшлик бор, исталган жумбоққа ечим, энг мушкул саволга жавоб муҳайё. Айни хусусда бошимдан кечган бир ҳолни айтишга ва ёзишга бурчлиман. Оқшом чоғи неча ойлик изланиш ниҳоясига етиб, Александр Дюма (ота) қаламига мансуб “Кавалер де Мезон Руж” романининг таржимасига (русчадан) нуқта қўйилди. Лекин 20-бобнинг аввалидаги кўнгилни тўлдирмайдиган бир жумла ва иштибоҳ ўшандоғича қолди. Модомики, мутаржимнинг ичи чиқмаган экан, китобхон ҳам қониқмайди-да...
Иттифоқо, эртаси куни Наманган Давлат университети талабалари билан учрашув бўлиб, тадбир яхши ўтди, Ҳазрат Навоийдан ғазаллар айтилди, қўшиқлар куйланди. Фақат бўлғуси филологлардан ўртача юкдаги битта саволга ижобий жавоб бўлгани йўқ:
– “Лайли ва Мажнун”ни ким тўлалигича ўқиган?
Биргина йигит, у ҳам достонни эмас, 1976 йили чоп этилган насрий баёнини ўқиган экан. Ўзим ҳам ёмон зил кетдим, негаки, асарни яқин орада қўлга олганим эсимда йўқ. Ҳай, уйга қайтибоқ, Ҳазратга юкиндим: “Лайли ва Мажнун” очилдими, ундан бош кўтариш мушкул, Навоий мисраларидаги соҳир (балки ғайб) оҳанрабо ихтиёрни олиб қўяди. Мана, 25-боб бошланди:
Кун гарм бўлуб ҳалок жонға,
Лайли киби ўт солуб жаҳонға.
Ҳар елки эсиб ҳароратомез,
Мажнун дамидек жароҳатангез.
Тинмай югуруб қуюн тагидин,
Қум узра аёғи куймагидин,
Итлар тили ерға тегуруб бош,
Ғурра асад ичра айлабон фош.
Камина ёқамни ушлаб қолибман, ҳолатимни ҳеч мушоҳада этолмасдим. Ахир, келтирилган парчанинг сўнгги икки сатри ойлар давомида топилмаган изоҳнинг ўзгинаси эди. Йўқ, Дюманинг ёзгани Навоийдан таржима дейилса ҳам муболағамас. Чунки, ўша машҳур француз адиби қўлига қалам олганда, “Хамса”нинг битилганига уч ярим аср бўлаёзганди.
Русча “Кавалер де Мезон Руж”нинг 20-бобида шундай ёзилади: “Уже начинало ощущаться приближение ужасной собаки, что древние представляли томимой неутолимой жаждой, которая, по верованию парижских плебеев, гладко вылизывает мостовые”. Узундан узоқ жумланинг таржимаси битган эса-да, “ужасная собака”нинг ўзбекчасини уддалаш мушкул кечиб, саҳифа сўнгидан шундай изоҳ ўрин олганди: “Ит мавсуми” – бу тахминан шарқона тақвимдаги асад ойига тўғри келади.” Бари бир кўнгил тўлмаганича турувди. Ҳазратнинг мадади шарофати билан таржима ҳам, унинг изоҳи ҳам битди-қолди.
Таржима: “Ҳалитданоқ ёвуз “ит кунлари”нинг жазирамаси яқинлашаётгани сезилиб, офтоб ёндира бошлаганди. Бу шундай мавсумки, кўҳна тасаввурга кўра, ҳамиша ютоққан, ташналиги ҳеч-ҳеч қонмайдиган ёки парижлик аҳли авомнинг ақидасида эса, ерда судралган тили билан арава йўлининг тўшама тошларини ярақлатиб ялаб кетувчи чанқоқ ит”.
Изоҳ: “Ит кунлари” – бу мавсум шарқона тақвимдаги асадга тўғри келади. Маълумки, бу ой бошлангач, итларнинг тили осилиб, ташналиги ҳеч қонмайди. Алишер Навоийнинг “Лайли мажнун” достонида бу ҳақда шундай байт бор:
Итлар тили ерға тегуруб бош,
Ғурра асад ичра айлабон фош.
Ғурра (арабча) – ойнинг бошланишини ёки бир кунлик ой маъносини англатади ва бинобарин, А. Дюма демоқчики, “ит мавсуми” – “ғурра асад” боис чанқоқ итларнинг осилган тили ергача тушган.
* * *
Амир Алишер сиймосидаги улуғ санъаткор Олим Хўжаев ҳамон кўз олдимизда ва сўзлари шуурумизда жаранглаб турибди:
– Асрлар оша ўз шеърларим билан “лаббай” дея жавоб берурмен!
Аммо тарихан бу гапни Навоий эмас, барҳаёт асарнинг муаллифлари (Уйғун ва Иззат Султон) айтган эсалар-да, ҳам буюк бобомизнинг, ҳам миннатдор авлодларнинг кўнглидаги тилакни жуда-жуда топиб айтишган-да. Ҳазратнинг ғазалида эса шунга яқин бир мисра бор:
Навоий ҳам ётар то субҳи маҳшар тарки хоб айлаб.
Маҳшар тонгига қадар уйқуни тарк айлаб, бедор ётган буюк валий, табиийки, абадият қадар барҳаётдир. Эл-улус ва инчунин, қалам аҳли ҳам ул зоти бобаракотнинг уйғоқ руҳидан баҳравор бўлмоқдамизки, юқорида файзлар офтобидан топилган битта учқунгина айтилди, холос.
Рустамжон УММАТОВ.
(«Hurriyat», 2021 йил 3 февраль.)
Telegram | Facebook | Wikipedia