64-ҚИСМ
МУАЛЛИФ: НАРГИЗА УСАНБОЕВА
— Тўғри, ҳарбий бўлиш энг фахрли иш. Лекин ҳозирги ишинг ҳам ёмон эмас-да! Топишинг ҳам зўр. Агар ростдан чегарачи бўламан десанг, сени қайси бир чекка вилоятга жўнатиб юборишади. Яхши шароитда яшаган аёлинг у ёқларнинг суви, қозон-ўчоғига кўнармикан? — деди отам.
— Мени деса, севса дунёнинг нариги четига ҳам боради-да! — қизариб қаҳ-қаҳ отди Азиз ака.
— Бу гапинг ҳам тўғри, — жўр бўлди отам.
— Кўнглинг чопган ишни қил, — ҳавас билан қараб, қўшилиб қўйди бувим.
— Ҳозир ҳарбий хизмат зўр! Сизнинг даврингиздагидек эмас. Ҳарбийлар учун ҳам, аскарлар учун ҳам ҳамма шароитлар бор. Менам яна қайта боришга рози бўлардим, — завқ билан деди укам Жаҳонгир.
— Мен шароитига учиб эмас, ростмана хизмат қилиш учун бормоқчиман, — деди Азиз ака унга жавобан.
Азиз аканинг бу гаплари унга бўлган ҳурматимни яна бир карра оширди. У ростдан ҳам самимий ва чин дилдан гапираётгани сезилиб турарди. Дилининг туб-тубидаги истагини ўртоқлашаётганди у.
“Нега Азиз ака бошқача? Нима учун барча йигитлардан ажралиб туради? Баъзан уни жуда яхши биладигандекман. Айрим пайтлар эса, жуда сирли туюлади. Нимасидир ўзига тортади, мени...”
Яна у ҳақда ўйлай бошладим. Не ажабки, унинг хаёли менга жондан азиз мактубларимни унут қилаётганди. Ўзимни хиёнаткордек ҳис қилдим. Меҳмонхонадан чиқдим-у, кийимларим турадиган уй томон йўл олдим. Худди ҳозир хатлардан бирини ўқисам, Азиз акага муносабатим ўзгариб қоладигандек эди. Номалар энди мени илгариги каби ўзига тортмаса-да, бирига кўз югуртирдим. Бироқ, бу хат…
* * *
“Онамга бормас мактуб!
Ойижон! Бугун сизга юзта мактуб ёзсам ҳам юрагимдаги дардим аримайди. Чунки бу дард эски. Юрагимда иллат боғлаб ётган мана шу ғамим кеча қайта тирналди, очилди. Ундан чиқаётган изтироб бутун вужудимни исканжага оляпти. Бардошим етмаяпти, уни енгишга. Чидай олмаяпман, ойи…
Кеча бизга озиқ-овқат ташлаб кетиш учун йўлга чиққан вертолёт ҳеч бир тўсиқ ва хатарсиз етиб келди. Бизга аталган қутиларни ташлаб, ортга қайтди ҳам. Ўшандаги қувончимизни кўрсангиз эди.
“Уч, тезроқ уч! Тезроқ бу ердан узоқлаш, кет!” ирғишлагудек бўлиб, ўзимизча вертолётга гапирардик.
“Беадад шукр, эсон-омон келиб-кетди”, хурсандчилигини яшира олмади командиримиз ҳам.
Бу сўзлар ўша пайтда ҳар биримизнинг кўнглимиздан ўтгани аниқ. Афсус, минг афсус жуда эрта севинган эканмиз. Гранатомётнинг “гум” этган овозидан барчамизнинг нафасимиз ичимизга тушди. Ҳаммаси кўз очиб юмгунча содир бўлди. Гумбурлаган товуш ва вертолётнинг ҳаводаги портлашидан дод солдим. Ҳамма нарса, тоғ, тошлар, дарахтлар, олов, сув, ёнимдаги аскарлар ҳамма-ҳаммаси қоришиб кетгандек эди. Бўлаётган воқеаларни идрок этиб улгурмасимдан ёнгинамга “тап” этиб қоп-қора нарса тушди. Карахт аҳволда унга қарадим: куйиб, эти ҳилвираб қолган қўлнинг тирсакдан пастки қисми…
“Вертолётдагилардан бирининг қўли... Таниш манзара... Қаерда кўрганман уни яна?..”
Мен ўтмиш ва бугуннинг орасида эси оғган телба сингари югуриб юрганга ўхшардим. Миямда уруш даҳшати, ўликлар, куйган қўл бўлаги, оловда ёнган опам воқеаси аралашиб, кўнглим бузилди.