Қўзғолон
1. Савол
На вергул, на сўроқ, на ундов, тире –
Сатр сўнгидаги совуқ нуқтадай
«Нега?» Ижодкорга саволлар бериб
мен тўхтаб турибман, соат тўхтамас.
Булутли осмондек тумсайган чеҳрам,
Шиддатни истару деворим ҳарир.
Нега меҳваридан ёпиниб эҳром,
Бир қадам силжимай тонгларим қарир?
Ана, қуёш – бурғу, мана, ой – юрғун,
Ўзимга маҳкумман, ўзимга – қотил.
Нега мен турғунман, нега мен қурғур
аянч хотирадай қолганман қотиб?
Ҳайрати сўндими саркаш қонимнинг?
Улоқиб кетдимми элдан илгари?
Йўқ, гуноҳ лошдамас, асло руҳдамас.
Жонига тегдимми Ижодкоримнинг?
Индамай чидардим, алам қилгани,
Мен тўхтаб турибман, соат тўхтамас.
2. Тош
Ҳаракатсиз менинг дунёйим,
Учишлар йўқ, ўрмалаш ҳатто.
Ичкарига қўйилган ёйиб
Шамол тегмас хонаки мато.
Фикрламас, кўрмайди ҳам туш,
Ақлин жинлар олгандек чимдиб.
Бўм-бўш, «бўм-бўш» сўзидан бўм-бўш,
Кимдир кетган, келмаган кимдир.
Ўттиз йилки ҳолат ўзгармас,
Чертилмайди тафаккур сози.
Музейдаги нодир кўргазма
Илинган бир кўримсиз қозиқ
Каби руҳим бетаъсир, бетил.
Янгиланар юздаги сурат,
Ўзинг ҳамон ўшасан, эй дил.
Кўпирмасми қадимий қудрат?
Ёдингдами кўкдан тушганинг?
Қилт этмай ҳам шаклланар тош.
«Мен – юракман. Қайнаб жўшгани
Юрак урмас, англадингми, Тош?»
3. Умид ва тан
Аввал қонга ботдим батамом,
Кейин олқиш, кейин шаб, чангга.
Бугун биқсиб, бижғиб ётаман,
Юлиб ўтар учраган чангал.
Ўн турланиб тўзди забоним,
Шаҳид кетди не жадид маслак.
Амир Барқул тиккан қабони
Кийиб олган тилим билмаслар.
Қолдимикин менда ганжина?
Талар, ютар ҳар келган ворис.
Қабатида юзлаб ажина,
Кўзимга лой чаплайди Хорис.
Кесиб ташлаб жигар сўхтамни,
Юз-кўзида порлаб ўктамлик,
Елкасида кўтаражак зот
Келармикин, келармикин, доод!
4. Туртки (инерция)
Ёришмайди кутилмаган кун,
Сабр – чайнаб ютилмаган дард.
У келмайди, сен ўзингга кел,
Тошни ёриб кутилмаганда.
Ким айбдор? Кимдан хафасан?
Ботинингда тўфон, талваса.
Қобиқдан чиқ, эркин нафас ол,
Ерни тоғдан кузат – фалсафа.
Қўрқув дўстми? Қўрқув – ярамас,
Фолбинни қўй, думбул иримчи.
Таваккалчи аҳмоқдир, аммо
У биринчи, доим биринчи!
5. Қарор
Миқ этмаслик буюмларга хос,
Итоатга маҳкум жонивор.
Мен нега жим? Мен нега восвос?
Жоним бор-ку, ахир, жоним бор!
Лангаримни узаман, майли,
Ўйнаб отсин тўлқину шамол.
Қўзғаламан – энг муҳими шу,
Ўлсам – денгиз ё кўмар само.
Қўзғаламан, шундоқ ҳам Эгам
Кафтдек ерга қўймиш қантариб.
Мутеликнинг тожимас, тегар
Тегса бошга исён ханжари.
Жиним суймас вергулларни ҳеч,
Нуқта, сўроқ, тире – бари бад.
Шоирона умр сўнгида
Фақат ундов турмоқлиги шарт!
Жонтемир
@Jontemir_t