ВАҚТ ИЛЛЮЗИЯСИ ⌛️
Кейинги пайтларда «вақт жуда тез ўтяпти, ҳеч нарсага улгуриб бўлмаяпти-я», деган гаплар тез-тез қулоққа чалинадиган бўлиб қолди.Аслида ҳам шундайми, вақт чиндан ҳам тез ўтмоқдами?Менимча, ундай эмас.
Вақт ҳам, уни ташкил этувчи соат, дақиқа ва сониялар ҳам ўша-ўша, аслида. Ундай бўлса, нега одамлар бундай дейишмоқда?
Вақтни тез ўтаётгани бу аслида - иллюзия.Яъни, алдамчи хаёл. Ва бу иллюзияни бизни ўраб турган информация ва ахборот технологиялари яратмоқда.
Информация жуда-жуда кўп. Ҳеч қўлингиздаги телефонингиз орқали бир кунда қанча информацияни олишингизни ўйлаб кўрганмисиз? Саноғи йўқ. Ўзингиз билмаган ҳолда бир неча мегабайт ёки гигабайт информацияни ўқиб ёки кўриб ташлайсиз, камига бошқаларга улашасиз ҳам. Ҳатто айримлар ўзи ёзиб, ўзи суратга ёки видеога олиб информация яратади ҳам.
Бу информациялар рангли, овозли, анимацияли, кулгули, қайғули... Лекин ана шу ахборотларни кўриш ёки ўқиш вақтида сиз вақтнинг ўтаётганини сезмай қоласиз.
Масалан, эрталаб уйқудан уйғонишга улгурмай дарров қўлингизга телефон олиб уни титкилашни бошлайсиз. Тунда ёки эрта тонгда келган информацияни то ўқиб бўлгунингизча қарабсизки камида бир соат ўтиб кетган, сиз бўлса ўриндан туришнинг ўрнига ҳали ҳам тўшакда ётган бўласиз. Кейин бирданига «вой-дод, ишга кеч қоляпман, вақт намунча тез ўтмасая», деб нолиб апил-тапил ишга жўнайсиз.
Аслида вақт тез ўтмаган, шунчаки сиз вақтингизни информацияга «ўғирлатдингиз».Ва кунингиз шундай алфозда ўтаверади. Кундами ёки тундами, уйдами ёки ишдами телефон доим қўлингизда, информация олавериб вақтнинг қандай ўтганини сезмай қоласиз.
Авваллари қандай эди? Одамлар бир кунда бир парча газета ўқирди ёки ўқимасди. Энг қалин газетадаги информацияни агар ўлчасак, қанча мегабайт чиқади, деб ўйлайсиз? Бир мегабайт ҳам чиқмайди, бу аниқ.
Ҳали айтганимиздек, телефонда бўлса бир кунда гигабайтлаб маълумот алмашасиз, тўғрими?
Ёки телевизорни олинг. Ҳатто телевизор ёки радио ҳам кеч соат 24:00 да ўчар эди, эфир берилмасди. Ҳозир бўлса сутка мобайнида телевизорда эфир кетади.
Мана шуларнинг ҳаммаси вақтимизни ўғирлаб гўёки вақт тез ўтаётгандек иллюзия пайдо қилмоқда.
Ҳозирги инсон бир йиллик умрининг 3 ойини телефонда ўтказар экан, англаяпсизми?!Тасаввур қилинг, агар мана шуларнинг ҳаммаси бўлмаса кейин кўрасиз, вақтнинг қанчалик секин ўтишини.
Навбат кутасизми, метро ёки автобусми - телефон титкилаб вақтни ўтказасиз. Ва гўёки автобус тез келгандек, навбатингиз бир пасда етиб келгандек туюлаверади.
Энди «ҳеч нарсага улгуриб бўлмаяпти», деган фикрга келсак.Бу ҳам нотўғри. Аслида ҳамма нарсага бемалол улгуряпмиз. Ҳатто ортиғи билан улгуряпмиз. Фақат «яна, яна, яна, яна», деган «очкўзлик» эффекти бизни шундай дейишга мажбур қилмоқда.
Масалан, Тошкент-Водий йўлини олайлик. Авваллари «Камчиқ» довонидан ошиб Тошкентга келиш учун бир кун вақт кетган. Йўллар тор, хавфли. Довоннинг йўлига битта машина сиққан. Агар бир-бирига дуч келиб қолса бири иккинчисига йўл берган.
Ҳозир бўлса, киракашлар бир кунда камида икки марта Тошкентга келиб водийга қайтиб кетяпти. Лекин шунда ҳам «Вақт тез ўтяпти, авваллари Тошкентга бир кунда тўрт марта ҳам келардим, ҳозир улгурмаяпман», деб нолийди. Бу пулнинг ортидан қувиш.
Ёки давлат хизматларини олайлик. Авваллари битта уй ёки мошинани оформление қилиш учун бир неча кун кетган. Аввал нотариусда кун бўйи ўтиради, шартнома матни машинкада терилади. Агар улгурса бугун, бўлмаса эртасига оформление бўлади. Кейин ГАИга боради. У ерда ҳам камида икки кун техпаспортни кутади.
Ҳозир бўлса, битта мошинафуруш эрталаб икки-учта мошинани нотариусдан ўтказиб, ГАИга бориб техпаспорт олиб, тушдан кейин агар мижоз чиқиб қолса олган мошинасини сотиб, нотариусда яна оформления ҳам қилишга улгуряпти. Бир кунда!!! Яна бўлса, вақт тез ўтяпти, яна битта мошинам қолиб кетди, деб нолиб ҳам қўяди.
Авваллари нотариуслар ҳам бир кунда нари борса ўн-ўн бештача ҳаракат ўтказган. Ҳозир бўлса, камида қирқта ҳаракат ўтказади. Яна вақт етишмайдимиш.
Аслида вақт тез ўтмаяпти, биз вақтни ўлдиряпмиз. Аслида ҳамма нарсага керагидан ортиқ улгуряпмиз, фақат нафс қўймаяпти.
@AdolatFarzandi