Махтумқули
Муллалар илмига этмади амал
Шариат ишига айламай жадал
Феълимиз бузилиб кўпайди касал
Билмадим яқинми охир замона.
Муфтийлар мол олиб ривоят берар,
Нохақ пулни олар, хақни куйдирар.
Феъллари бузилиб фасод кўпаяр,
Билмадим яқинми охир замона.
Эшонлари риё айлар намозин,
Ғафлатда ўтказар қиш билан ёзин.
Ёлғон сўзлаб элдан олар ниёзин,
Билмадим яқинми охир замона.
Сўфилар нафс учун малла тўн кияр,
Шубхали таомни халол деб еяр.
Шайтон феъли билан каромат деяр.
Билмадим яқинми охир замона.
Шайх деганлар назр устинда уришиб,
Бир пул учун, зан фарзандга сўкишиб,
Авлиё қошида мундоқ бўлишиб
Билмадим яқинми охир замона.
Хўжалар фахр этар асл зотини,
Қиём Исомиддин қўйиб отини,
Фалон кас хўжа деб хом авлодини,
Билмадим яқинми охир замона.
Замона ишлари ёмон бўлибдур,
Жахон ичра фасод ишлар тўлибдур,
Феълимиз айниб, ранглар сўлибдур
Билмадим яқинми охир замона.