#Даҳонинг_болалиги
🇹🇷
ТУРКИЯНИНГ БИРИНЧИ ПРЕЗИДЕНТИ🎉 1881 йил 19 май. Беш фарзандидан айрилган Али Ризо хонадонида ўғил туғилди. Бахтдан сархуш ота бешик тепасига қиличини осиб:
"Бугундан бошлаб мана шу қилич унинг шаъни, ори, номуси ҳимоячиси бўлсин. Мазлумни йиғлатганларни мана шу қилич ёрдамида йиғлатсин", деди. Болакай мактабда энг қобилиятли, севимли, намунали болакай бўлганидан устозлари орасида
"Камолотли", яъни Камол деб ном чиқарди.
🎒 Ўрта мактабни тугатмасданоқ, 12 ёшида Ўсмирлар ҳарбий мактабига ўтказилди. Ҳарбийлик қонда бор эди-да. 16-17 ёшида эса онасининг қаршилигига қарамай, ҳарбий академияга ўқишга топширди. Сиёсий, ижтимоий, диний ҳамда дунёвий қарашлари шу ерда тетапоя бўлди. Ўз халқини кўчада куппа-кундузи таловчи киссавур юртдошлари борлиги ва жамиятни, халқни бундай кимсалардан тозалаш, эрк ва озодлик нафасини олиб кириш, аммо буни қандай қилиш ҳақида ўйлай бошлади.
👍 Шу тариқа йигитча 450 нафар талаба ичида кучли ўнталикка киритилди. Энди у 20 ёшли капитан эди. Биринчи жаҳон уруши буюк Усмонли турклар империясига қимматга тушди. Барча ҳарбий салоҳияти юқори саркардалар, офицерлар, капитанлар қаторида қаҳрамонимиз ҳам урушга сафарбар этилди. У шунчаки капитан эмасди: ўзига хос сиёсати ва ўткир нутқи бор эди. Ватанни ғанимга бўйсуниб топширгандан, жанг қилиб, ўлиб топшириш афзаллиги ҳақида ваъзлар ўқиди.
🔥 Истанбул инглизлар қўлида қолиб кетганида, қўмондон сифатида халқни оммавий озодлик курашига чақирди. Сакариё дарёси бўйидаги жанг унга Маршал унвонини берди. 1922 йил охирига келиб турк армияси унинг бошчилигида ғалабага эришди.
📌 Айниқса, Чаноққалъада кўрсатган жасорати ҳануз олқишланади. Ўзи мақсад қилган янги республикани ташкил қилиш вақти келганди. Кечиктирмади. Янги республикага асос солди.
‼️ Диний мутаассибликдан холи дунёвий демократик, адолатга асосланган бир давлат ташкил топиши ва ривожланиши учун нима керак бўлса барини қилди:
илм тарғиботини кучайтирди, мактаблар қурдирди, бепул умумий таълим жорий қилди,
янги турк алифбосини жорий эттирди, қонун олдида аёл ҳам, эркак ҳам тенг эканлигини қатъий белгилаб қўйди, университетлар очдирди.
☝️ Эвазига эса халқ уни бир замонавий давлатни
"вужудга келтирган ота" сифатида
"Отатурк — турклар отаси" дея алқади. Олқишлади. Унга ҳамфикр, ҳамнафас бўла бошлади. У замонавий Туркиянинг илк карвонбошиси — президенти бўлди. Отаси бўлди.
XX асрнинг энг муҳим сиёсий лидерларидан бири бўлган ҳамда жар ёқасида турган давлатни чўққига чиқарган бу болакайнинг исми...
Мустафо эди. Мустафо Камол Отатурк эди.Бугун, 19 май Мустафо Камол Отатурк таваллуд топган кун
Yoshlar kundaligi