Кўприкчи муҳандис ва устоз Владислав Николаевич Соколовнинг 85 йиллик юбилейига бағишланган тантанали йиғилиш бўлиб ўтди.
2025 йил 15 январ куни Тошкент шахридаги EDU Master-конференц залида кўприкчи муҳандис, ҳурматли устоз ва мураббий Владислав Николаевич Соколовнинг 85 йиллик юбилейига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда йўл ва кўприк қурилиш соҳасининг вакиллари, Устознинг ҳамкасблари, шогирдлари ва яқинлари иштирок этдилар. Ташкилотчилар таъкидлашларича, Владислав Николаевич кўприк қурилиши ривожига бебаҳо ҳисса қўшган, кўплаб юқори малакали мутахассисларни тайёрлаган ва бугунги кунда ҳам қўлланиладиган ноёб муҳандислик ечимларини ишлаб чиққан.
Тадбир тантанали қисмининг очилишида Ўзбекистон автомобиль йўлчилари Ассоциацияси директори Ш. Мирходжаев сўзга чиқиб, Владислав Николаевичнинг кўп йиллик меҳнати, касбига содиқлиги ва ёш авлод учун илҳом манбаи сифатидаги фаолияти учун чуқур миннатдорчилик билдирди.
Тадбир давомида юбилярнинг ҳаёти ва касбий йўли ҳақида видеоматериаллар намойиш этилди. Ҳамкасблар ва шогирдлар ўз хотиралари ва Владислав Николаевич билан ишлаш таассуротлари билан ўртоқлашдилар, унинг фавқулодда профессионал ва инсоний фазилатларини алоҳида таъкидладилар.
Айниқса, Владислав Николаевичнинг мураккаб кўприк иншоотларини лойиҳалаш ва қуришдаги ҳиссаси ҳамда илм-фан ривожидаги ўрнига алоҳида эътибор қаратилди. Унинг кўприклар ҳисоб-китоби методикасига оид илмий ишлари замонавий шароитларда ҳам долзарблигини йўқотмаган.
Тадбир хотимасида давлат идоралари ва ҳамкасблар томонидан эсдалик совғалари ҳамда табриклар топширилди.
Владислав Николаевич йиғилганларга самимий миннатдорчилик билдириб, кўприк қурилиши нафақат иш, балки бутун ҳаётининг мазмуни эканлигини таъкидлади. У бутун умрини Ўзбекистон йўллари учун сарф қилгани ва бундан бахтиёр эканлигига урғу берди. Ёшларга ўз ватанини севиш кераклигини яна бир бор такидлади.
Тантанали йиғилишда Ўзбекистон Республикаси йўллари ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш йўлида кўрсатган олий даражадаги касбий маҳорати, шогирдлар тайёрлашдаги фидойилиги ва соҳадаги илмий-амалий ютуқлари учун
Соколов Владислав Николаевич Автомобиль йўлчилари Ассоциацияси томондан
ЎЗБЕКИСТОН ЙЎЛЧИЛАРИ УСТОЗИ фахрий унвони билан тақдирланади.