Дунё ва ишқдан озурда юрак яраларини янгилайдиган, сўфиёна руҳияти руҳингизни чорлайдиган шеърияти билан дил аҳлини ҳайратга солиб келаётган шоирамиз Нодира Офоқни туғилган куни билан қутлаймиз!
✈️✈️✈️
Кўзларимга қарама – денгиз,
Тубларида ҳалокат бордир.
Энди ишқдан сўзлама, ишқнинг
Йўлларида залолат бордир.
Қонларимда уйғонди жунун,
Кўтаргайман йиқилса осмон.
Фақат ишқдан сўзлама, қалбнинг
Қудратини синдирар ёлғон.
Мен сукутни най қилиб чалсам,
Кузга чўмар дунё боғлари.
Тоғдай ўсар ой кўзгусида
Юрагимнинг жимит доғлари.
Кўксимдадир оловранг япроқ,
Ёнмаса бас бир кун жаҳонлар.
Пинҳон ётар, ахир, дилдироқ
Япроқларда буюк тўфонлар.
✈️✈️✈️
Бир лаҳза... Боримни бой бериб қўйдим,
Оёғим остида йўлларим йўқдир.
Гирдобда ўйнайди умиддан бир хас,
Қўл чўзсам – кафтимни куйдирган чўғдир.
Эй дил, умид узма, ўксима, гарчанд
Энди ишқ – кўзингга тортилган милдир.
Ёлғизлик даштида унут бир гулдай
Қайғуларинг билан юзма-юз ўлтир.
Кимсасиз эй дилим, кимга ишондинг?
Сени қутқаргувчи тариқат йўқдир.
Чўмилсанг – олов бор, ичсанг – олов бор,
Кунларинг – бўғзингга қадалган ўқдир.
Кўксимда ол ялов – ерга эгилган,
Энди топар бўлсам, топганим – Сўздир.
Агар бу – имтиҳон; тайёрман ё йўқ,
Вале маҳшаргача омонлик йўқдир.
✈️ Нодира ОФОҚ
https://t.me/vaqt_manzili