Руҳи кўзларидан, қалби табассумидан кўриниб турадиган гўзал шоиримиз, укамиз Мансур дардларини охиригача тўколмай кетди. Аллоҳ жойини жаннат боғларидан қилсин!
МАНСУР ЖУМАЕВ
* * *
Кўз ёши ҳам кутмагин
севинмаган одамдан;
севги сўрма,
севгилим,
севилмаган одамдан.
Ишқ тиласанг ҳар маҳал,
ошиқ бўлиб сўрагин;
бармоқларингга маҳтал
эшик менинг юрагим.
Йўлинг тушган замони,
ёймай овозасини,
бир йўл чертиб ўт, жоним,
қалбим дарвозасини.
Фақат бир шарт:
чорласам,
кирсанг,
ҳасрат чекиш йўқ,
бу эшикдан, азизам,
кириш бордир,
чиқиш йўқ!
БИЗ КУТГАН ФАСЛ
Неча бор қалбингда тикладим қаср,
Айрилиқ бўрони бузди муттасил.
Нечун яна қаттиқ қиш келаётир,
Баҳор эмасмиди биз кутган фасл?!
Саҳройи севгимиз кўкарган даштим,
Соғинч ўрдасида мунча саваштим?..
Наҳот, адаштирдим, наҳот, адашдим,
Баҳор эмасмиди биз кутган фасл?!
Севилдик – севиндик, аммо ақлли
Зотлардек бўлмадик сипо шаклли,
Эртароқ нишонлаб қўйдик шекилли,
Баҳор эмасмиди биз кутган фасл?!
Азизим, асалга эврилсин заҳр:
Севгида сахий бўл, нафратда – бахил,
Баҳорга айлантир қишни ҳам, ахир,
Баҳор эмасмиди биз кутган фасл?!
Баҳор эмасмиди биз кутган фасл?!
https://t.me/vaqt_manzili