Шу ўринда бир нарсага қисқа урғу бериб ўтаман: Биринчидан, қизларда шу ҳолат кузатилишидан олдин ҳам, илк бор ҳайз келганда ҳам оналар уларга ҳайз ҳақидаги тушунчаларни беришдан уялмасин! Қолаверса, мактабдаги муаллималар ҳам бу борадаги асосий тушунчаларни айтиб кетиши керак.
Иккинчидан, оилада қиз бола балоғатга етгандан кейинги шаръий ҳукмларга ниҳоятда эътиборли бўлиш керак. Қиз бола ҳайз кўрмаган бўлса-ку, балоғатга ҳали етмаган бўлади. Бу ёшдаги қизчалар баъзи ибодатларга бепарволик қилиб қўйса, масалан, бирон фарз намозни ўқимаса, ҳали гуноҳкор бўлмайди. Лекин ҳайз кўргач, энди у балоғатга етган бўлади, шариат ҳукмлари зиммасига юкланган муслимага айланади. Энди буёғига намоз ўқимаслиги ёки рўза тутмаслигига асло кўниб бўлмайди. Жумладан, авратини тўсиши, ҳижобда бўлиши ҳам алоҳида талаб қилинади. Йигирма, ўттиз, қирқ яшар аёлларга қандай фарз бўлса, бу қизга ҳам шу даражада фарз бўлади. Шунинг учун бу муҳим масалаларни қизчаларимизга ҳали улар ҳайз кўрмасидан олдин сингдиришимиз керак. «Ҳали ёш-ку» деган нотўғри гапга алданиб юрмайлик. Қиз бола ҳайз кўрдими, уламоларимизнинг ижмосига кўра, энди у шаръий ҳукмларга мукаллаф муслимага айланади. Буёғига бу масалаларга енгил қараб бўлмайди. «Ҳали бошланғич синфда ўқийди-ку» деб, ибодатларига лоқайд бўлиш ярамайди. Чунки энди у балоғатга етди. Тушунтириш ишларини шундай олиб бориш керакки, қизнинг ўзи ҳам энди мукаллаф бўлганини ҳис қилиши керак, бундан фахрланиши керак. Мукаллафлик балоғатга етган кундан бошланади. Балоғатнинг белгиси эса ҳайз қонини кўришдир.
Проф. Др. Салоҳ Абул Ҳожнинг
«Ҳайз ва нифос ҳукмлари» китобидан
👉
@ulamolar_yogdusiBizni ijtimoiy tarmoqlarda kuzatib boring! 👇
Telegram | Facebook |
Instagram |
Youtube |
TikTok