Тил олими Низомиддин Маҳмудов билан ош-қатиқлигимиз бор десам, лоф бўлару, аммо кўрган-кўришган жойимизда минг йиллик қадрдон каби ўзаро бир яқинлик туюшимиз (кўнгил сезади-да) бор гап. Ҳар ишда саранжом-саришта, минган отининг узангисигача ярқираб турадиган боҳафсала одамларга азалдан ихлосим баланд.
Дарвоқе, тил илмидек сердиққат соҳада бусиз бирор нимага эришиб бўларканми?!
У эмас, бу эмас, икковимизни руҳан биродарлаштирган ришта Сўзга муҳаббат бўлса керак; у кишининг сўз назариётию каминанинг сўз амалиёти билан машғуллиги элга маълум. Яқин эллик йилдан бери тенгдошу сафдош сифатида бу пухта қаламдан чиққан катта-кичик асарларни бақадри имкон кузатиб келаман ва ўзимча назариётчига дўниб баҳолар бўлсам, Низомиддин Маҳмудовдек услуби пишиқ, матн тузишга моҳир бошқа тилшуносни билмайман.
✍🏻Эркин Аъзам, Ўзбекистон халқ ёзувчиси