Шу куннинг мавзусиШОИР ШАЪНИ БИЛАН ЎЙНАШГАНЛАРГА
Тешик тоғорани тор қилма, ҳофиз,
Шайтонни ўзингга ёр* қилма, ҳофиз.
Сени "юлдуз" қилган шоирдир асли,
Шоирнинг номини хор қилма, ҳофиз!
Расул ростгўй демиш шоир қавмини,
Машшоқ паст қилолмас унинг шаънини.
Туя қилиб келдинг шоир нонини,
Шоирнинг номини хор қилма, ҳофиз!
Шоир эл деб заҳар-заққум тотибди,
Қайси шоир Ватанини сотибди?
Боққил, Сибирда ҳам шоир ётибди,
Шоирнинг номини хор қилма, ҳофиз!
Дунёлар соб бўлгай шоир бўлмаса,
Дўстлар ҳам ёв бўлгай шоир бўлмаса,
Халқинг соқов бўлгай шоир бўлмаса,
Шоирнинг номини хор қилма, ҳофиз!
Асли кенг дунёни тор қилма, ҳофиз,
Дунёни бўйнингга дор қилма, ҳофиз.
Шоир кўтаргайдир ҳофиз номини,
Шоирнинг номини хор қилма, ҳофиз!
2025.08.05
© Насрулло ЭРГАШ
* Ёр – дўст маъносидаTelegram |
Instagram |
Youtube |
Facebook