Умримиз - кетишга бошланган сафар,
Келиб яшаяпмиз кетишни кутиб
Хатодан хатога кўчиб дарбадар,
Аста бораяпмиз дунёдан ўтиб.
Асов тулпор каби югурар фурсат,
Ҳисобли, ўлчовли берилган муҳлат,
Гоҳо ёлғонлардан излаб ҳақиқат,
Аста бораяпмиз дунёдан ўтиб.
Биримиз чор-ночор, биримиз абжир,
Биз сабаб балога қолгани тақдир,
Лаҳзалар қадрига етмай, негадир,
Аста бораяпмиз дунёдан ўтиб.
Насиҳат сўзлашдан йироқман,
Аммо,
Ҳаётдан кўнглимиз тўлмай, доимо,
Йўқдан ўзимизга топиб муаммо,
Аста бораяпмиз дунёдан ўтиб.
Кўнгилни қилолмай кафан каби оқ,
Жону-жигарга ҳам ўқталиб тўқмоқ,
Ва буни номини атаб яшамоқ,
Аста бораяпмиз дунёдан ўтиб.
Тонгларда шукур йўқ, тунга саловат,
Қоғозни санашдан топиб ҳаловат,
Уялмай Тангридан сўраб саҳоват,
Аста бораяпмиз дунёдан ўтиб.
Биз деб синиқларнинг ортади сони,
Куйган дил тутуни тутиб дунёни,
Алҳазар, унутиб гоҳо Худони,
Аста бораяпмиз дунёдан ўтиб...
Малика Тавфиқ