КИТОБНИНГ ЯРАТИЛИШИ
Nodirbek | Noyabr 23, 2019 | "Kitobxon millat" | Sharhlar mavjud emas
Кишилик жамияти тарихида онги, тафаккури ривожлана борган сари одамзодда шундай бир эҳтиёж туғилдики, бу фикрни олис масофага етказиш ва фикрлар қаймоғини келгуси авлодларга қолдириш эҳтиёжи эди. Бу эҳтиёж инсоният тарихидаги энг буюк кашфиёт, билвосита алоқа қуроли – ёзувнинг кашф этилишига сабаб бўлди. Ёзув эса асрлар давомида бир неча босқичларда такомиллаша бориб, бугунги фонографик ёзув ҳолатига келди. Ёзувнинг яратилиши яна бир улуғ кашфиёт – китобни пайдо қилди. ЮНЕСКО ташкилоти берган таърифга кўра, 48 ва ундан кўп саҳифага эга бўлган босма нашр «шарафли китоб» деган номга эга бўлади. Бугун биз китоб деганда, устига матн босилган ва бир жилдга жамланган қоғоз тўпламини тасаввур этамиз. Китоб ҳам ёзув каби кўплаб тараққиёт бочқичларини босиб ўтиб, ҳозирги кўринишга келган.
Гап китоб ҳақида борар экан, газетхонларга маълум бўлса-да, «китоб» сўзининг луғавий маъносига ҳам тўхталиб ўтамиз. «Китоб» сўзи араб тилидан ўзлашган бўлиб, «ёзув» маъносини ифодалайди. Инглиз тилидаги «book» атамаси норманд тилида «ҳарф» демакдир. Русча «книга» эса қадимги туркий тилнинг «куин битиг» сўзидан олинган бўлиб, «қоғоз ўрамига ёзилган ёзув» деган маънони билдиради.
Китоб бугунги кўринишга келгунга қадар, яъни қоғозга ёзилгунгача қоятошлар, ғор деворлари, сопол, суяк, ҳайвон териси, лой лавҳалар шаклида бўлган. Бизнинг муқаддас Қуръонимиз дастлаб тери, суяк каби унсурларга битилгани маълум. Зардўштнинг «Авесто» китоби 12 минг мол терисига тилла сувида ёзилган. Кейинчалик мисрликлар қамишдан олинган папирусни ёзув материали қилганлар. Илк қоғоз қадимги Хитойда яратилган, дейилади. Аммо кейинги топилган манбаларда Хитойдан ҳам олдин бизнинг қадим Турон(Самарқанд)да қоғоз кашф этилгани аниқланди. Қоғоз яратилгач, китоб қоғоз шаклини олди. Дастлаб ўрама кўринишида яратилди. Яҳудийларнинг муқаддас китоби Таврот илк бор ўрама шаклида ёзилган.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, қоғоз пайдо бўлгач, китоб узоқ давр қўлда ёзилган. Бу ишни, асосан, ҳуснихат соҳиби бўлган хаттотлар бажарганлар. Шу ўринда донишманд аждодларимизнинг донолигига яна бир бор тан берамизки, хаттотлар сиёҳига сув кўпиги ва анбар қўшганлар. Бу ёзилган саҳифанинг асрлар давомида ўчмаслигини таъминлаган ҳамда хаттот димоғига хуш бўй уриб, унинг кайфиятини кўтарган, тетик қилган. Шунингдек, бу сиёҳда ёзилган китоб қачон очилса, ундаги ифор китобхон димоғини ҳам чоғ қилган.
Илк босма китоблар 1440 йили немис ихтирочиси Иоганн Гутенберг ясаган қурилмада чоп этилди. Бу ихтиро нафақат Европа, балки бутун дунёда матбаачиликни бошлаб берди.
Маълумки, бизнинг юртимизда босма нашрлар XIX асрнинг охири ХХ аср бошларида пайдо бўлди. Илк газета, журналлар ва илмий, бадиий асарлар чоп этила бошлади.
Ҳозирги цивилизация даврида эса ки-тоб чоп қилиш технологиялари шу даражага етдики, жуда қисқа вақтда жуда катта ададда ўта сифатли китоблар тайёрлаш мумкин бўлиб қолди. Электрон китоб деганда эса компьютер(телефон)га жойланган қоғозсиз матнларни тушунмоқдамиз. Бугунги китобхон уйида ўтириб, жаҳоннинг исталган мамлакатидаги исталган кутубхонадаги исталган китобни ўқиш имкониятига эгалиги ғоят қувончли ҳолдир. Бу имкониятга эса китоб орқали эришилганлигини ҳамма ҳам ўйлаб кўравермайди. Инсониятни саводсиз, қолоқ, ярим ёввойи жамиятдан бугунги юқори ривожланган жамиятга китоб олиб келганлигини доим эсда тутмоқ ва китобга ўта ҳурмат бажо этмоқ лозим.
«Яқин келажакда китоб йўқолиб кетади, ҳаммаси электрон ҳолатга ўтади», -деб «авлиё»лик қилаётган «доно»лар чучварани хом санабдилар. Инсоният ўзининг садоқатли йўлдоши, маслаҳатгўйи, тарбиячиси, уйининг безаги бўлган ҳазрати китобдан асло айрилмайди.
https://t.me/maktabkutubxonachilari