Қулупнай етиштириш технологияси: Экиш муддати ва техникаси
Ўзбекистонда қулупнайни баҳорда, ёзда ва кузда экиш мумкин. Кам қор ёғадиган ва қор қоплами беқарор бўлган ва кузда тез совуқ тушадиган вилоятларда (Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилояти) баҳорда, куз узоқ давом этадиган жойларда ёзда кўчат экса бўлади. Ёзда экилган ўсимликлар кузгача яхши ривожланиб, ер устки қисми, яъни пояси, барглари яхши ривожланади, гул куртаклари ҳосил бўлиб, қишни нормал ўтказиш ва келаси йил ҳосил беришга тайёрланади.
Қулупнайни июль ва август ойларида экиш мақсадга мувофиқ. Бундан кеч экилганда ўсимликнинг қишга бардошлилиги камаяди ва келгуси йили ҳосил кам бўлади. Бироқ кузда экилган кўчатлар яхши тутиб кетади. Экиннинг қишдан яхши чиқиши учун ерни қишда чопиқ қилиш керак, гўнг солиб, устига похол ёки қипиқ ёпилади. Эрта баҳорда экилган кўчатлар шу йили ҳосил бермайди, бу билан ёзда экилганига нисбатан ишлов қиммати ошади. Кейинги йили эса ҳосил бериши жиҳатидан турли муддатларда экилганлар ўртасидаги фарқ йўқолади.
Экиш муддати меванинг ўртача вазнига таъсир кўрсатади. Кўчатнинг тутиб кетиши экиш техникасига жиддий риоя қилиш, кўчатнинг сифати, тупроқда нам ва ҳавонинг етарли бўлишига боғлиқ.
Кўчатларни экиш жойигача олиб боришда кўчат солинган яшик устига намланган мато ёпиб қўйиш керак. Буғланишни камайтириш мақсадида икки-учта барг қолдириб ортиқчасини кесиб ташлаш, экишга қулай бўлиши учун илдиз тизимини 5-6 см гача қирқиб қисқартириш мумкин. Қулупнайзор барпо қилишда турли муддатларда етилиб, илдиз оладиган навларни танлаган маъқул. Бу билан қулупнай мевасини истеъмол қилиш муддатини анча узайтириш мумкин бўлади.
Энг яхши агро тавсияларни бизнинг каналда кузатиб боринг.
https://t.me/agro_hayot