Расмий муносабат беришибди. Ҳақиқатдан ҳам ҳозирги кунда болалар ўртасида мавсумий характерга эга бўлган ўткир респиратор вирусли касалликлар билан касалланиш кўрсаткичи ўсган!
"IZBOSKAN NEWS" Телеграм ижтимоий тармоғи каналида жонкуяр фуқаро томонидан туманда болалар ўртасида номаълум вирусли касаллик тарқалгани ҳақида овозли мурожаат эълон қилинди.
Унда айтилишича, ота-оналар болаларини оилавий поликлиникалар ёки оилавий шифокорлик пунктларига олиб боришганда, оилавий шифокорлар уларни туман марказига юбормоқда. Шунингдек, қабулхона бўлимида болалар тиббий текширувдан ўтказилаётган пайтда навбатлар юзага келмоқда. Бу ҳолатларда ҳудудлардаги муассасалар фаолиятини кучайтириш зарурлиги ва тегишли мутасаддилар томонидан тезкор чоралар кўриш кераклиги таъкидланган.
Ижтимоий тармоқларда тарқатилган ушбу овозли хабар юзасидан Избоскан туман тиббиёт бирлашмаси ижтимоий тармоқ фаоллари ва аҳолисига қуйидагиларни маълум қилади:
Ҳақиқатдан ҳам ҳозирда нафақат туманимиз, балки бутун республикамизда болалар ўртасида мавсумий характерга эга бўлган ўткир респиратор вирусли касалликлар билан касалланиш кўрсаткичи ўсган.
Избоскан туман тиббиёт бирлашмаси тизимидаги бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасалари (оилавий поликлиникалар ва оилавий шифокорлик пунктлари)да педиатр шифокорлар штати мавжуд эмас. Барча ёшдаги аҳолига, ёшидан қатъи назар, махсус билим ва кўникмаларга эга бўлган оилавий шифокорлар тиббий хизмат кўрсатади. Улар иш вақтини соат 08:00дан 20:00гача олиб борадилар. Оилавий шифокорлар болалардаги касалликнинг оғирлик даражасидан келиб чиқиб, уларга амбулатор ёки стационар даволаниш учун йўлланма бериш тартибида ишлайдилар.
Қабулхона ("Emergency Department") бўлими аҳолига шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий хизмат кўрсатади. Ўзбекистон Республикаси Молия ва иқтисодиёт вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликларининг 2022 йил 31 августдаги қўшма қарорига мувофиқ, қабулхона бўлимида 24/7 режимда ишлайдиган 2 та педиатрия пости ташкил этилган. Шунингдек, болаларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида болалар бўлимининг штат таркибидан 1 та педиатрия пости қабулхона бўлимига ўтказилган.
Шу билан бирга, болалар ўртасида касалланиш кўрсаткичи ошгани сабабли, қўшма қарорга мувофиқ, 2024 йил 16 декабрдан бошлаб қўшимча 1 та педиатрия пости ташкил этилди. Ҳозирда қабулхона бўлимида 3 та педиатр шифокор болаларга тиббий хизмат кўрсатмоқда. Бу ҳолат тиббий хизмат олишдаги навбатларни бартараф этишга ёрдам бермоқда. Шунингдек, касалликнинг клиник кечиши ва асоратланиш кўрсаткичи асосида бемор болаларни шифохонага жойлаштириш тартиби қатъий белгилаб қўйилган.
Оғир клиник ҳолатларда болалар чекловсиз шифохонага жойлаштирилади, даволовчи шифокор педиатрлар сонини беморлар сонига мувофиқлаштириш учун эса етарли қонуний асослар ишлаб чиқилган. Касалланиш кўрсаткичи ортиб борган тақдирда педиатр шифокорлар штатларини қўшиб борилиши бемор болаларга сифатли тиббий хизмат кўрсатилишини таъминлайди.
Мурожаатга муносабатнинг якунида Избоскан туман тиббиёт бирлашмаси маъмурияти туманда яшовчи барча ота-оналарга ўз фарзандларини бошқарилувчи инфекцияларга қарши ўз вақтида эмлатиш ишига масъулият билан ёндашишларини сўраб қолади. Чунки бу эмлатмалар болалар ўртасида тарқалиш эҳтимоли юқори бўлган ва қайтмас асоратлар келтириб чиқарувчи касалликларни олдини олишга хизмат қилади.
Шу ўринда Избоскан туман тиббиёт бирлашмаси ижтимоий тармоқ фаолларига жамоатчилик назоратини олиб боришдаги фаоллигини доимий қўллаб-қувватлайди ҳамда ҳар қандай танқидий қарашларга очиқлик билан муносабат билдиришини устувор мақсадлари сифатида белгилаганлигини, юқоридаги овозли хабарда келтириб ўтилган ҳолатлар юзасидан тиббиёт бирлашмаси ўзининг чора-тадбирларини қайта кўриб чиқишини ва энг асосийси болаларга тиббий хизмат кўрсатилишини сифатини янада яхшилаш бўйича чора-тадбирларни кучайтирилишини маълум қилади.
IZBOSKAN NEWS.UZ -
Избоскандаги энг йирик медиа макон!Каналга уланиш 👉 @Izboskan_uzБоғланиш 👉 @Izboskan_user_bot