БУРГАГА АЧЧИҚ ҚИЛИБ КЎРПАНИ КУЙДИРМАСЛИК КЕРАК
Яқинда юртимиздан келган бир киши билан суҳбатлашиб қолдим. Суҳбат асносида:
— Имомларнинг аксарининг ваъз-насиҳатлари ёқмайди. Шунинг учун хутба тугашига етиб бораман. Бўйнимдаги фарзни адо этаману қайтаман, - деб қолди.
Айтишига қараганда, шу ишни қиладиганлар озчилик эмас экан.
Унинг бу гапларини эшитиб ўтирар эканман, шайтони лаиннинг одамлар ақлини нақадар ҳийлакорлик билан қориштиришига яна бир бор амин бўлдим. Қилаётган ишларини уларга чиройли қилиб кўрсатганига қаранг!
Ҳолбуки, Расулуллоҳ алайҳиссалом киши жумага қанча эрта борса, шунчалик савоби катта бўлишини бир неча ҳадисларда таъкидлаб ўтганлар.
Шулардан бирини келтириб ўтаман.
Пайғамбар алайҳиссалом шундай марҳамат қиладилар:
"
Ким жума куни ғусл қилиб, биринчи соатда борса худди туя садақа қилгандек бўлади. Иккинчи соатда борса сигир садақа қилгандек, учинчи соатда борса худди шохдор қўчқор садақа қилгандек, тўртинчи соатда борса худди товуқ садақа қилгандек, бешинчи соатда борса худди тухум садақа қилгандек бўлади. Имом минбарга чиқиб келгач, фаришталар савобларни ёзиб турган дафтарни ёпиб, зикр эшитиш учун ўтирадилар".
Бухорий ва Муслим ривояти.
Уламолар кун чиқиши билан биринчи соат бошланиб, имом минбарга хутба учун ўтирганда бешинчи соат тугашини айтадилар. Демак, кун чиқиш билан имом минбарга хутба учун чиқиши орасидаги вақт беш бўлакка тенг бўлинади. Орадаги замон узайиши-қисқаришининг аҳамияти йўқ. Балки шу беш соатнинг ҳар бири бир соатлик вақтга тўғри келар, балки ундан ошар, балки қисқароқ бўлар. Фарқи йўқ. Муҳими - шу муддат бешга тенг бўлинади. Биринчи муддатда келганга туя садақа қилган савоби, иккинчисида келганга сигир... ва ҳоказо охиригача. Боз устига, қанча эрта келса шунча кўп тиловат, зикр қила олишини, нафл намозларни кўп ўқий олишини ҳисобга олсак, эҳҳе, савобнинг тагида қолиб кетади. Бундай кишилар кўпайиши эса, юртга Аллоҳнинг марҳамати ва баракаси ёғилиб, яхшилик ва яхшилар ортишига, ёмонлик ва ёмонлар секин-аста камайишига олиб келади.
"Имом ёмон гап гапиради" деган даъво билан шунчалик катта савобдан маҳрум қолиш катта йўқотишдир. Ўзбеклар мақоли билан айтадиган бўлсак, бургага аччиқ қилиб кўрпани куйдиргандек гапдир.
Бу ерда икки муҳим нуқтага эътибор қаратиш зарур:
Биринчидан, бу амал Исломда тарғиб этилган суннат амаллардан. Бинобарин, иши ёки вазифаси ёхуд бошқа зарур юмуши туфайли жумага кеч борган кишилар маломат қилинмайдилар. Бу ерда гап жумани кутиб, имом хутбасининг тугашини уйида кутиб ўтирадиган, фурсати бўлатуриб эрта бормасликни тўғри деб биладиганларга қаратилмоқда. Уларга ана шундай савобли иш тавсия этилаётир.
Иккинчидан, имомнинг хутба учун минбарга чиқиши деб таъкидладим. Чунки бизнинг диёрларда кўпчилик имомларнинг жума куни хутбадан олдин қиладиган маърузалари бўлади. Ана шундай маърузалар учун минбарга ўтиришлари бу ерда назарда тутилган эмас. Ҳадиси шарифда келган "имомнинг минбарга чиқиши" дан кўзланган нарса бу маърузалар учун минбарга ўтириш эмас, балки айнан хутба учун минбарга ўтиришларидир. Бизда ўша хутбани одатда арабча айтишади. Ҳозир юртимизда қандай, билмайман, ҳар ҳолда илгари хутбага чиққанда имомлар фақат шу арабча хутбага чекланишарди, маърузани эса, илгари қилишарди.
Бордию, маърузани шу хутба асносида ўз тилида қилаётган бўлса, ҳадиси шарифдан кўзланган хутбага кириб кетади буям.
Хулоса шуки, ким юқоридаги савобга эришмоқчи бўлса, бунга фурсати ва шароити бўлса, эртароқ жумага боришга ҳаракат қилсин, бундай улкан савобдан маҳрум қолиб кетмасин.
Мабодо имомнинг хутбадан олдинги маърузаси ёқмаса, маърузани тинглашга мажбур эмас. Ўзини бошқа бир зикр билан машғул қилса ҳам бўлади: тиловат қилиш, қулоқликни тақиб олиб телефонидан қуръон эшитиш, тасбиҳу таҳлил айтиш...
Чунки жума хутбасидан бошқа маърузани эшитиш мусулмон кишига фарз эмас. Бўйнида фарз бўлган нарса - жума хутбаси пайтида қилт этмай тинглашдир.
Маърузанинг йўриғи бошқа. Ундан фойда олмаётганини сезса, ўзини бошқа фойдали зикр билан машғул этишга ҳақли.
Сайфуллоҳ Носир
🎯
@ilm_duri