Ҳукм ижро этиладиган кун, янгамнинг чойига уйқу дориси солиб ухлатиб қўйдик. Балки олдимиздаги неча кунлар яна шу ишни қилармиз. Тоғам сабр ва оғир босиқлик билан турсада, унинг ҳам уйқуга эҳтиёжи борлигини билиб турар эдик. Aдвокатлар агар истасак акамнинг дорга осилган пайтда ўша ерда бўлиб туришимизни айтсада, отам бунинг маъқул иш эмаслигини агар Aброр бизни у ерда эканлигимизни билса жони янада қийналишини айтиб уйда бўлиб туришимизни айтди. Улуғбек эса ўзбек элчихонаси билан келишилган ҳолатда акамни Ўзбекистонда дафн қилиш ишлари билан шуғулланаётган эди. Ҳаммаси худди ёмон тушдек. Aтрофимда бўлаётган ҳар ҳодиса булутлар орасидаги хира кўринишдек эди. Янгам уйқуда кўз ёшлари тўкар, онам жойнамоз устидан икки букилиб бармоғини тишлаб йиғлар, тоғам ва отам уй остонасида шунчаки чўккайиб қолган ва ҳамма бироздан сўнг келадигандек қўнғироқ "тугади, келиб олиб кетинглар " хабарини кутарди...