***
Ҳозир менга деманг бирон сўз,
Ҳозир дунё кўзларимга тор.
Бахтимиздан бураяпмиз юз,
На сизда мен, на менда сиз бор.
Биласизми, ишқ сизга хато,
Ва мен қилган орзулар эсиз!
Икки шаҳар аросат аро,
На мен боргум, на келасиз сиз!
Зарур эмас ҳеч қандай изоҳ,
Баҳоналар кимга ҳам керак?!
На менда-ю, на сизда гуноҳ,
Бўйсунмайди бизларга юрак!
Кўп куюнманг, ҳаммаси яхши,
Эҳ, неларга қилмадик тоқат!
Битта кўнгил синса синибди,
Ўлса, ўлар битта муҳаббат!
Қайтаверар беор баҳордар,
Ҳеч ғурурнинг ғамини емай.
Тунни бадном қилар наҳорлар,
На мени деб, на сизни демай!
Борлигим ғам, йўғингиз қайғу,
Кимдан чиқди ўзи бу қарор?!
Иккимиз ҳам яшаяпмиз-у,
На мен бахтли, на сиз бахтиёр!
Малика Салимова
HAYOT SABOQLARI