Одамзод энг қадимги даврлардан бери ўрганиш ва ўргатишни юксак фазилат деб билади. Дунё тамаддунининг асосида ҳам айни шу ўрганиш ва ўргатишнинг ҳосиласи ётади.
Қадим замонлардан бери инсонлар бошқалар кўра олмаган ҳақиқатларни кўрган, англаган ва шарҳлаган зотларни эъзозлаб келган. Ҳар бир халқ ана шундай инсонларни ўз тилидаги энг мўътабар сўзлар билан тилга олади. Ўзбеклар энг қадимги даврлардан буён билга, олим, оқил, фозил, донишманд, доно, билимдон, мутафаккир каби сўзлар билан бу шарафли мақом эгаларига ўз эҳтиромини кўрсатиб келади. Ривожланган мамлакатлар ва маданиятлар тараққиёти жараёнига назар ташласак, унинг замирида илм аҳлининг машаққатли меҳнати ётганлигини кўришимиз мумкин. Шунга асосан айтиш мумкинки, бир халқнинг маданиятини унинг олимларга бўлган муносабатига қараб белгилаш мумкин. Олимлар илмига, фикрига, маслаҳатига эҳтиёж сезадиган жамиятнинг умри пойидор бўлади.
📚”Зариф сўз зиёрати”китобидан
🔰Cуратда ЎзР Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти олимлари