Ҳурматли сиёсатчиларимиз, илтимос, биз – олимлар ишига аралашманглар. Тарих фани бизнинг ишимиз, сўнгги сўзни олимлар айтишлари керак. Ўшанда ҳам чуқур, бирламчи манбаларга асосланган, холис ва илмий изланишлар орқали.
Биз халқларимизга ҳаққоний тарихни етказишимиз керак. Хоҳ ўтмиш, хоҳ бугунга боғлиқ бўлсин, айнан ҳақиқат халқларимиз, айниқса, ёшларимизни тарбиялайди. Тўғри йўлга бошлайди. Шунинг учун, қанчалик аччиқ бўлмасин, биз олимлар тарихий ҳақиқатлардан юз ўгирмаслигимиз ва уларни очиқлашимиз керак.
Мен манбашунос ўлароқ қирқ йилдан бери Турон, ўзбек халқи ва давлатчилиги тарихини ўрганиб келаман. Масалан, ўлкамиз ўз тараққиётида энг чўққига чиққан темурийлар даврида Турон ва Эрон аҳли “турк ва тозик”дан иборат бўлгани манбаларда жуда кўп уқдирилган.
Умуман айтганда эса, Абдураҳмон Жомий тожик, Абу Наср Форобий қозоқ, Маҳмуд Кошғарий қирғиз, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Алишер Навоий ўзбек деб ёзилган биронта ёзма манба йўқ!
Ибн Синонинг ҳам миллати ҳақида ҳам биронта гувоҳлик йўқ. Агар уларнинг ёзган асарлари тилидан келиб чиқилса, улар араб бўлишлари керак. Интернетнинг қулоғини бурасак, чиндан ҳам, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Маҳмуд Замахшарий ва яна юзлаб хоразмий, бухорий, фарғоний, насафий, кеший, шоший, термизий, марвзийларни араб олими, араб маданияти вакили, ислом олими, мусулмон олими деб ёзиб ётибди. Бунга нима дейишимиз керак? Ҳар ҳолда, эндиги 22 та араб давлатига даъво билан чиқмасак керак.
Бугун Марказий Осиёда ўзаро тил топишмаган биронта қатлам қолмади. Президентларимиз, вазирларимиз, ҳокимларимиз, ёзувчиларимиз, ишбилармонларимиз, энг асосийси, бозори ҳам, мозори ҳам, тарихи, маданияти, қадриятлари, урф-одатлари, диний қарашлари ҳам бир биродар халқларимиз тил топишиб, ўзаро борди-келди қилмоқдалар. Хўш, биз минтақа олимлари, айниқса, тарихчилар нима қилмоқдамиз? Ҳалигача йиғилиб, гаплашиш у ёқда турсин, бир-бировимизни билмаймиз ҳам. Фурсатдан фойдаланиб, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистонда тарих, археология, шарқшунослик йўналишларида фаолият юритаётган илмий муассасалар директорларини Тошкентга чорлайман. Аввало ўзаро танишиб олайлик, илмий фаолиятларимиздаги ютуқ ва камчиликларимиздан сўйлайлик. Ўшанда мақсадимиз ва олдимиздаги вазифалар бир экани ва бирлашиб ишлашимиз шартлиги, миллий масаладан-да долзарброқ мавзулар борлиги ойдинлашади.
Тўғри, келишолмайдиган мавзулар ҳам чиқиши мумкин. Бироқ барчамиз учун бирдек муҳим бўлганлари уюлиб ётибди-ку! Масалан, ўзбек, тожик, қозоқ, қирғиз, туркман аждодларимиз юртимизга келган босқинчиларга қарши бирга курашмаганларми? Қатағонлардан барчамиз бирдек азоб тортмадикми? Иқтисодий, ижтимоий тарихимизда қанчадан-қанча муштарак илмий масалалар бор. Шунинг учун, ҳиссиётга берилмай, бирга бўлайлик, айрим енгил-елпи илмий муаммоларимизни ўзимиз – олимлар ҳал қилайлик. Энг бош масала – сўнгги йилларда оёққа туриб, дунёда ўз сўзиини айтишни бошлаган Маркази Осиё ўлкамизни майдалаб ютишларига йўл қўймаслигимиздан барчамиз манфаатдорлигимизни эсдан чиқармаслигимиз, халқларимизни ҳам шу йўлдан бошлашимиз керак.
Тарих институти директори, академик Азамат Зиё