Оилавий бизнес (давоми)
Ҳаётий мисол
Оилавий бизнес бошланган, аммо мақомлар тайин қилинмаган, ҳуқуқлар тўлиқ бажарилмаган. Меҳнат шартномаси ҳам тузилмаган, шериклик ҳукмлари ҳам келишиб олинмаган, натижада жанжаллар келиб чиқа бошлаган.
Бунинг сабаби нима?
Ота бир бизнесни бошлаган. Вақт ўтиб, катта ўғил ҳам ўша бизнесда ишлай бошлаган. Бизнес каттаргач, кейинги фарзандлар ҳам қўшилган. Лекин отанинг бизнесида ишлаётган фарзандларнинг мақоми тайин қилинмаган, яъни фарзандлар отага мулкда, фойдада шерикми, кўнгилли ишчими ёки шартнома тузиб ишлайдиган ходимми – аниқланмаган.
Бунинг олдини олиш учун ота бошидаёқ фарзандлар билан келишиб олиши керак. «Сен менга холис ёрдамчи бўласан», «Ёлланган, маош оладиган ишчи бўласан», «Сен менинг шеригимсан, мулкнинг шунча улуши сеники» деб, аввало мулкдаги, қолаверса фойдадаги (иккови икки хил нарса, адаштирмайлик) улушларни аниқлаб олиши шарт.
Буларнинг бирортаси қилинмаса, ҳолат мавҳумлигича қолади.
Бизнес катталашган сари вазият чигаллашиб, калаванинг учини топиб бўлмай қолади. Ота ҳам, фарзандлар ҳам кечаю кундуз тинмай ишлайди. Бирор харажат чиқиб қолса, ота ҳам, фарзанд ҳам бизнес кассасидан пул олаверади. Шу ҳолатда йиллар ўтади. Бизнесга бирин-кетин кейинги ўғиллар ҳам кира бошлайди. Шундай қилиб кимдир олдин, кимдир кейин келиб, бизнесда меҳнат қилади. Кимдир оз меҳнат қилади, кимдир кўп меҳнат қилади, баъзан фарзандлар отадан кўпроқ меҳнат қилади. Кимдир оз харажат қилади, кимдир кўп харажат қилади. Ташқи муомалалар бўйича ҳисоб-китоб қилинади, лекин ота билан фарзандлар ўртасида, ака-укалар ўртасида ҳисоб-китоб юритилмайди. Кимнинг қанча эҳтиёжи бўлса, ўртадан олаверади, бу ҳам аниқ миқдорда бўлмайди.
Лекин бизнеснинг эгаси ким? Кимнинг қанча мулки бор? Ҳар бир кишининг мулкдаги улуши қанча? Кимнинг ойлик маоши қанча? Бу саволларга жавоб йўқ.
Мана шундай иш юритадиган одамларга «Ҳисоб-китобни аниқ қилиб олинглар», дейилса, «Ота билан фарзанд ўртасида, ака-уканинг ўртасида қандай ҳисоб-китоб бўлади? Бизда сеники-меники йўқ», дейишади, ҳатто бундай ҳисоб-китоб қилишни айб деб билишади, «Биз бир оиламиз, аҳил-иноқмиз, унақанги олди-бердимиз йўқ», дейишади. Лекин ўн йил, ўн беш йил ўтгач, фарзандлар оилали, бола-чақали бўлиб, эҳтиёжлари каттариб кетса ёки бизнесни бошлаган
ота вафот этиб қолса, бу муҳаббат нафратга айланиши мумкин, буни хаётда кўриб ҳам турибмиз. Фарзандлардан кимдир вафот этиб қолса, етимларнинг ҳаққи ҳам бошқаларга ўтиб кетиши мумкин, Аллоҳ асрасин (етим, балоғатга етмаган боланинг розилиги молни ўзлаштириб олишга ўтмайди). Орага шайтон аралашиб, «Сен кам, мен кўп меҳнат қилганман, сен кўп, мен кам харажат қилганман, сенга шунча нарса олдик, менга эса ҳеч нарса олмадик» каби охири тугамайдиган, ечиб бўлмайдиган муаммолар кўпайиб кетиши мумкин. Гоҳида бу муаммолар шунақанги чигал, ноаниқ бўлиб кетадики, катта олим одам ҳам аниқ ҳукм чиқара олмай қолади.
Четдан қараганда бир аҳил оила ҳамжиҳат бўлиб меҳнат қилган, яхши ниятларда иш бошлаган эди, аммо охири юз кўрмас бўлиб кетиш даражасига келиб қолди.
Бунинг сабаби нима? Бунинг сабаби – Ислом иқтисодиёти қоидаларига амал қилмаслик ёки амал қилишни хоҳламасликдир.
#қоида
Ҳисоб-китобсиз яшаш – гуноҳ билан яшашдир, чунки бунда хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам, кимнингдир ҳаққи кимгадир ўтиб кетиши аниқ. Доно халқимиз бу шаръий қоидани «Ҳисобли дўст айрилмас», деган мақолда ифода этган.
Аллоҳ таоло барчамизга ҳалол топиб, ҳалол сарфлашни насиб қилсин!
Яқинларга ҳам улашамиз
@assoodiq – обуна бўлинг.