Қўчқор НОРҚОБИЛ
БИЗНИ УЛОҚТИРМА, ЗАМИН!
“Уй” деб номланган анимацион фильмдан сўнг...
Яқинда бир видео кўрдим; жуда таъсирли. “Уй” деб номланибди.
Китобларнинг уйлардан қувилаётгани ҳақида. Умумдунёвий оғриқ, бугунги кунда барча халқларнинг бошида айланаётган мусибат бўрони ифодаланган. Маънавий таназзул илдизи кўрсатилган ушбу ролик Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов лойиҳаси асосида тайёрланибди. Сценарий муаллифи Шокир Холиқов.
Имоним комил, шу ролик жаҳоннинг қай бир давлати кинотеатри ёки ТВ экранларида намойиш этилмасин, одамзотни жаҳолат жари сари юз бурганидан огоҳлантурувчи энг юксак фильмлардан бири бўла олади.
Чиндан шундай: китоблар нафақат уйимизни, балки, қалбимиз ва онгу шууримизни ҳам тарк этишмоқда. Уларнинг ўрнини видеовосвоса, интернет оламининг турли - туман уртуқмоғу уртармоқлари эгаллаб олди. Кўнгил ва шуурдан нур қочмоқда.
Қизиқ, ҳаммамиз сезиб турибмиз; “Китобсизлик пандемияси” бола -бақра, невара - чевараларимизни маънан фалаж, ногирон қилиб ташламоқда. Тухумдан чиқиши билан телефонга ёпишадиган мўрмалахнинг эртанги куни ҳақида қайғуруш ҳисси музлаётган биз катта авлод эса бу фожеага минг бир хавотир ила қараб, охири кўникиб ҳам қолаяпмиз, ўзимизни овутаяпмиз: “Бир гап бўлар... Ҳаммаси тамоман кўрсавод бўлиб, чириб ётмас... Мана, ичидан битта яримта “тириги” ҳам чиқаяпти-ку. “
Элчилик-да, ҳайрият-е, шу “битта - яримта” кўзи очиқ болаларимиз чиқиб турибди. Яшириб нима қилдик, аҳоли бошига китобхонлик қиёс этилса, “... нима бало, ер юзида одам кўпайсин учун дунёга келганмизми?”, – деган таҳликага борасиз.
Катталар ҳам, кичиклар ҳам китоб ўқимаяпти. Буни таҳлил этадиган бўлсак, жуда кўп гапириш, саҳифа - саҳифа ёзишимиз мумкин. Гап адо бўлмайди. Қанча гапирилаяпти.
Очиғи, муаллим ва мактабнинг қадри ер бўлиб, хоҳ мактаб, хоҳ олий таълим масканида бўлсин эркак ўқитувчиман деганнинг уруғига ўт тушиб, бари тирикчилик кўйида ўзини мардикорга урган, ўқув даргоҳлари хотин - халаж мураббиялар масканига айланган ўша даврларда ўқиган “бўш - ғовак” авлод вақти келиб амал - тақал қилиб Олий таълим даргоҳларида ҳам таҳсил олишди. Ўқишни тугатишгач, жамиятнинг турли жабҳаларига канадай тирмашишди. Майли, бошқа соҳаларни қўя турайин, ўша авлод вакиллари институтдан сўнг мактабда она - тили ва адабиётдан ҳам дарс бера бошлашди. Ўзи умрида ёлчитиб бирор бадиий китоб ўқимаган бўлса, у қандай қилиб болани китобга, адабиётга ошно этсин? Ана, энди ўша палағдадан ўн йил таълим олган ўсмирларнинг ўз омадини синиб кўриш учун институт ё университетларга ҳужжат топширгандан сўнгги шармандаликни, йўқ, даҳшатни кўрсангиз эди... Ижодий имтиҳони бор институтлардан бирида мана шундай абутурентлар билан савол - жавоб қилишимга тўғри келди. Ишонасизми, аксарияти бирортаям бадиий китоб ўқимаган. Адабиёт, бадият, ўзбек адиблари ҳақида умуман тасаввури йўқ. Қўлига китоб ушлаб кўрмаган бу шўрликларга боқиб, юрагинг орқага тортиб кетади: “...қайси иймонсиз бунга адабиётдан дарс берди, бунинг ота - онаси нима иш қиларкан, бунинг уйида китоб бормикан, одам боласи шунчалар ҳам бахтсиз бўладими, наҳотки, китоб ўқимай ҳам яшасам бўлаверади, деган шу манқуртмиялар эртага жамиятнинг бирор соҳасида жавлон ураман деса?!... Ҳа, жавлон урушиям мумкин... Ураётгандир ҳам...”, – деган оғриқли ўйлар асабларимни зир қақшатди.
Хуллас, “Уй” видеоролиги бизга бутун жамиятимизга нисбатан чинқириқ, бонг бўлибди. Шу роликни барча ТВканалларда деярли ҳар куни бериш керак. Ҳамма мактабларда кунора кўрсатиш зарур. Қўлидаги телефоннинг ичига икки букланиб, қайтмас бўлиб кириб кетган, энди чиқолмай ётган, чиқиш тасаввурига ҳам келмаётган қалб кўзидан мосуво бўлиш арафасида турган авлодни уйғотиш учун ҳам мана шундай таъсирчан роликлар керак.
Болани китобга ўз оиласи ва ўқитаётган мактабидан бошқа ҳеч бир куч қайтара олмайди. Бола китоб ўқиши учун ота - она ўрнак бўлиши, боласининг кўз ўнгида уларнинг ўзлари ўқиши лозим.