Аёлсиз эркак
Ё фалак, бу не ғам, қандай мусибат,
Қилмишингга қараб тортаман сергак.
Кунини йўқотган тундайин ғалат –
Аёлсиз рўзғорни тебратса эркак.
Эр-хотин кўкда қўш юлдуз, дегайлар,
Райҳондан бўй олар ялпиз, дегайлар,
Кўрганлар дафъатан “эссиз”, дегайлар,
Аёлсиз рўзғорни тебратса эркак.
Қировлар забт этса эртароқ сочин,
Не ажаб, ёлғизга бешафқат очун,
Қиёматлик аҳднинг кўрасиз кучин –
Аёлсиз рўзғорни тебратса эркак.
Биродар, нолима, тафаккур айла,
Аҳли аёлинг бор, ташаккур айла,
Нақадар оғирдир тасаввур айла –
Аёлсиз рўзғорни тебратса эркак.
Уйдаги ҳар нарса аёл кафтини,
Кафтики, офтобдай иссиқ тафтини –
Соғинар... Ҳижрондан излар бахтини –
Аёлсиз рўзғорни тебратса эркак.
Кир ювиш, супуриш, ор эмас унга,
Фарзанд хархашаси кор эмас унга,
Фақатгина толеъ ёр эмас унга –
Аёлсиз рўзғорни тебратса эркак.
Байрамда ҳеч кимга беролмас бир гул,
Тўлиб кетса чопар мозорга нуқул,
Жўр бўлиб тиловат айлагай булбул –
Аёлсиз рўзғорни тебратса эркак.
Йиғласа... ичига тўкар ёшини,
Эгса... паналарда эгар бошини,
Одамдай еёлмас ризқин-ошини –
Аёлсиз рўзғорни тебратса эркак.
Эр зотига ҳайкал қўйсанг мабодо,
Шу хилга бахш этсанг арзийди, илло
Эрсиз аёлдан ҳам мушкулроқ ҳатто –
Аёлсиз рўзғорни тебратса эркак.
Алқисса, у бир бор суйиб ўтгайдир,
Бир ёрнинг ишқида куйиб ўтгайдир,
Жаннатий висолни туйиб ўтгайдир –
Аёлсиз рўзғорни тебратса эркак.
2016 йил
✍️Рустам МИРВОҲИД
П/с: бугун фейсбукда Нодир ака Жўрақўзиев шахсий саҳифаларида марҳума аёлларининг суратлари устида "Бугун 39 ёшга кирган бўлардингиз!!!" деган жумлани ўқиб, рости, ичим эзилди. Бир пайтлар ёзилган "Аёлсиз эркак" деган шеърим эсимга тушиб, уни Сизлар билан бўлишгим келди. Нега? Чунки, эркакка ростанам аёлисиз жуда оғир... Буни билган билади. Эскиларнинг "Қўшганинг билан қўша қаригин!" деган дуоларида катта ҳаётий сабоқ бор.
Илоҳим, Нодир ака аёллари - марҳума опамизга фирдавслардан насиб қилсин! Нодир ака ва у киши билан қисматдош бўлганларга сабри жамил берсин! Қалбимиз маликлари эса доим соғ ва бор бўлишсин!
@Rustam_MIRVOKHID