Султон Саодат - Сурхондарё вилоятининг энг қадимий ва гўзал обидаларидан бири. Аслида мақбаранинг номи “Султон ус-содот” бўлиб, “саййидлар султони” деган маънони беради. Етти аср мобайнида шаклланган бу мажмуа ўз таркибига 20 га яқин мақбарани олади. Мажмуанинг номланиши шу ерда дафн этилган, пайғамбаримизнинг авлодларидан бўлган Ҳасан ал-Амир номи билан боғлиқ. У яқинлари билан Самарқандга кўчиб келган, у ерда 11 йил яшаб, Балхга борган. Тахминан 865 йилда Термизга келган, шу ерда вафот этган. Асрлар давомида унинг авлодлари учун ҳам бу ерда мақбаралар қурилган.