Пахтаобод саҳовати|Paxtaobod sahovati! dan repost
Шумланиш ширкдир.
Сарвари коинот соллалоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик вақтларида ислом дини ақидалари ва ҳукмларини саҳобаи киромларга ўз ҳадиси шарифлари орқали мукаммал равишда етказганлар. Саҳобалар, тобеинлар, табаъ тобеинлардан тортиб то бизнинг асримизгача ўтган уламолар, мусулмонларга Аллоҳ қодир қилганича шариат аҳкомларини тушунтириш, ҳоҳ ибодат, ҳоҳ муомалот соҳасида исломга кириб келган бидъат ва хурофотларга қарши жиддий курашишда зўр маҳорат кўрсатиб келганлар. Лекин шунга қарамай, мусулмонлар ўртасида ҳануз динга заррача алоқаси бўлмаган баъзи бир урф-одатлар, асоссиз ақидалар ҳукм суриб келаётганлиги ачинарли ҳолдир.
Мусулмонлар ўрталарида айрим содда кишилар тушунмовчилик билан баъзи бир нарслардан ирим қиладилар, шумланадилар.Бу ҳақида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ҳадиси шарифларида: ”Уч нарсадан менинг умматим ҳануз қутула олмайдилар. Бу-ҳасад, бадгумонлик ва иримдир. Шу нарсалардан қутилиш йўли шуки, ҳасад қилсангиз зулмга ўтманг. Гумону шубҳа қилсангиз, уни ҳақиқат ҳисоб қилиб, унга асосан иш тутманг. Бирор ирим қилинадиган нарсага дуч келсангиз, Аллоҳ таолога таваккал қилиб, йўлингизда ва ишингизда давом этиб кетаверинг”, дедилар. Ушбу ҳадис шарифда Пайғамбаримиз алайҳис салом учта дуруст бўлмаган нарсани баён қилиш билан бирга, уларнинг муоложаси яъни қутулиш йўлини ҳам ўргатганлар. Демак ҳар-хил нарсадан ирим қилмасдан, Аллоҳга таваккул қилиб ишимизда бардавом бўлишлигимиз керак экан. Ёки йўлда кетаётган ҳолатда олдидан қора мушук ўтиб қолса, ундан ирим қилиб орқага қайтмасдан, балки Аллоҳга таваккул қилиб йўлида давом этиши керак экан. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Талоқ” сурасида: “Кимки Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) ўзи унга кифоя қилар” деб марҳамат қилди.
Яна баъзи инсонлар қарға ва бойўғлининг товушларидан, баъзи бир рақамлардан, кунлардан ирим қилишликлари бор. Шуни сабабидан баъзи бир ишларни ёки тадбирларни ҳам кечиктирадилар. Жумладан баъзилар “Сафар ойи кирди” деб қилинадиган тўйлар ва яхши ишларни кейинги ойларга сурадилар. Аммо шариатда “Хайрли ишлар кечиктирилмайди” дейилган. Шумланишлик, ирим қилишлик шариатга хилоф, ботил ақидалардан эканлигини Пайғамбаримиз алайҳис салом ўз ҳадисларида баён қилдилар: Эътиқод юзасидан бир касалликни иккинчи бир кишига юқиши қатъий эмас, магар Аллоҳ таоло ҳоҳласагина ўтади. Шариати исломда ирим қилишлик йўқ, у жоҳилият қолдиқларидан бўлиб, мусулмонлар орасида тарқалган зарарли бир ақидадир. Вафот этган одамнинг руҳи келиб, турли жониворлар шаклида чирқиллаб туришлиги ҳам йўқдир. Бойўғлини сайрашидан ҳеч кимга зарар йўқдир.Чунки одамлар ўйлаганидек, бойўғли сайраганида ёки ин қурганда, дарахт қуриб, уйлар вайронага айланмайди, аксинча бойўғли қуриган дарахтлар ва вайроналарни қидириб топиб, ўша жойларгагина ин қуради. Чунки унинг емиши бўлмиш сичқон ва каламушлар одатда ана шундай ерларда бўлади.
Бундан кўриниб турибдики, Ислом динида шумланишлик, ирим қилишлик ҳақиқатдан адаштиради.. Жумладан Пайғамбаримиз алайҳис салом ўз ҳадисларида “Шумланиш ширкдир, шумланиш ширкдир, шумланиш ширкдир” дедилар. Аллоҳ таолога ширк келтирган инсон жаннатга кирмайди ва дўзаҳ азобларини ҳам энг аламлиларини тотади. Хулоса шуки, мусулмон инсон ҳар қандай ирим ёки шумланишликка қарши ўзида куч топа билишлиги ва бундай бехайр ишлардан ўзини четга олиб, Пайғамбаримиз алайҳис салом йўлига ўзини йўллаши лозим. Аллоҳ барчаларимизни оқибатларимизни ҳайрли қилсин.
Далварзин жоме масжиди имом-хатиби: А.Қаноатов.