#Долзарб A.I.F ўйни тўғрисида.
ТУРЛИ ИЛОВА ВА ДАСТУРЛАР ОРҚАЛИ ПУЛ ТОПИШ МУМКИНМИ?#ҳалол_ҳаром
❓1185-CАВОЛ: Менга бир дўстим интернетдаги A.I.F иловаси орқали юборилган видеоларга лайк босиш орқали пул топишни тавсия қилди. Бу иловада пул топишнинг тартиби шуки, бу иловада бир неча босқич бўлиб, биринчи босқични 50 долларга, иккинчи босқични 200 долларга, учинчи босқични 500 долларга ва кейинги босқичларни ҳам шунга ўхшаб кўтарилиб борган нархда сотиб олади. Бу илова орқали даромад қилиш учун иштирокчи ортидан одам қўшиши шарт. Ортидан қўшган одам қилган тўловнинг 10% қўшувчига бонус сифатида берилади. Унинг ортидан қўшилган киши бошқа одам қўшса, у қўшилган киши қилган тўловининг 5% ни ҳам биринчи кишига бонус сифатида берилади. Ҳар бир босқичда юборилган видеоларга босилган лайк учун 0,5; 1; 2; 3... доллардан пул берилади. Шунга ўхшаш дастур орқали пул топиш мумкинми?💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Ҳозирги кунда интернет тармоғида одамларни фирибгарлик йўли билан маблағларини ўзлаштириш ҳамда нопок йўллар орқали пул топишнинг турли йўллари урчиб кетган. Улар бу мақсадда турли илова ва дастурлар ишлаб чиқишган бўлиб, улар орқали пул топиш шариатимиз кўрсатмаларига асло тўғри келмайди. Чунки уларнинг ишлари судхўрликка асосланган бўлиши билан бирга қимордан ҳам холи эмас. Ҳар иккиси ҳам ботил йўл билан пул топиш саналгани учун, динимиз уларни қатъиян таъқиқлаган.
Саволда айтиб ўтган илова ва унинг босқичларига эътибор берилса, у тармоқли маркетингнинг бир туридир. Тармоқли маркетинг инсонларнинг молини ноҳақ йўллар билан ейишликдан иборат. Шунинг учун ҳам унинг барча турларини Саудия Арабистони Фатво Кенгаши, Ал-Азҳар университитети профессори Ҳусайн Шаҳҳата, Қатар давлат университитети Ислом шариати факультети профессори Али Муҳйиддин ва бошқа кўплаб кўзга кўринган ташкилот ва уламолар ҳаром деб фатво чиқарган.
Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида шундай марҳамат қилган:
"يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ إِلَّا أَنْ تَكُونَ تِجَارَةً عَنْ تَرَاضٍ مِنْكُمْ وَلَا تَقْتُلُوا أَنْفُسَكُمْ إِنَّ اللَّهَ كَانَ بِكُمْ رَحِيمًا"
“Эй, мўминлaр! Мoл-мулклaрингизни ўртaдa нoҳaқ (йўллaр) билaн емaнгизлaр! Ўзaрo рoзилик aсoсидaги тижoрaт бундaн мустaснo. Шунингдeк, ўзлaрингизни (бир-бирингизни) ўлдирмaнгиз! Aлбaттa, Aллoҳ сизлaргa рaҳм шaфқaтлидир” (Нисо сураси, 29-оят).
Барча Ислом уламоларига кўра, мазкур ояти каримадаги мoл-мулклaрни ўртaдa нoҳaқ йўллaр билaн ейишликка қимор, судхўрлик, товламачилик, ўғрилик ва ёлғон гапириб савдо қилиш каби барча ношаръий кўринишдаги битимлар киради.
Бундан ташқари киши “лайк” босиш учун мазкур иловаларни очиб, ундаги видеоларни томоша қилишлиги вақтни беҳуда сарфлаш, яъни умрни исроф қилиш ҳисобланади. Мусулмон учун Аллоҳ берган умрни на дунёсига ва на охиратига фойда бермайдиган ишлар билан банд қилиб ўтказиши катта хатодир ва бунинг учун қиёматда афсус-надоматлар қилади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда бундай дейилган:
عَنْ مُعَاذِ بْنِ جَبَلٍ قَالَ : لاَ تَزُولُ قَدَمَا عَبْدٍ يَوْمَ الْقِيَامَةِ حَتَّى يُسْأَلَ عَنْ أَرْبَعٍ : عَنْ عُمُرِهِ فِيمَا أَفْنَاهُ، وَعَنْ جَسَدِهِ فِيمَا أَبْلاَهُ، وَعَنْ مَالِهِ مِنْ أَيْنَ اكْتَسَبَهُ وَفِيمَا وَضَعَهُ، وَعَنْ عِلْمِهِ مَاذَا عَمِلَ فِيهِ
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Қиёмат куни банда тўрт нарсадан сўралмагунча оёқлари ўрнидан силжимайди: умрини нимага сарфлагани, танасини нима билан қаритгани, бойлигини қаердан топиб, қаерга ишлатгани ва илмига қандай амал қилгани”, дедилар. (Сунани Доримий). Мусулмон киши буларнинг ўрнига дунёсига, юрт ободлигига ҳамда охиратига манфаат берадиган ишлар билан шуғулланиши мақсадга мувофиқ. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
🔗 Улашинг: @diniysavollar