ПОРА ТАКЛИФ ЁКИ ТАЛАБ ҚИЛИШНИНГ ҲУКМИ?#ҳалол_ҳаром
❓1625-CАВОЛ: Айримлар бирор ишни ноҳақлик билан битириш учун пора таклиф ёки талаб қиладилар? Бунга динимизда қандай қаралади?
💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Шариатимизда бундай ишларга “ришва” – пора дейилади ва бу катта гуноҳлардан биридир. Пора деб киши ҳақли бўлмаган нарсасига эришиш ёки зиммасига лозим бўлган нарсадан қутулиш учун тақдим этган мол ёки манфаатга айтилади.
Одатда кўпчилик порахўрлар порани ҳадя, совға сифатида қабул қиладилар. Берувчилар ҳам “Кўнгилдан чиқди”, “Атадик” каби чиройли сўзлар билан қабиҳ ниятларини амалга оширишга одатланишган.
Порахўрлик динимизда қаттиқ қораланган ва бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай дейилади:
عنْ ثَوْبَانَ رضي الله عنه قَالَ: "لَعَنَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الرَّاشِيَ وَالْمُرْتَشِيَ وَالرَّائِشَ يَعْنِي الَّذِي يَمْشِي بَيْنَهُمَا" (رواه الإمام أحمد).
Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пора берувчи, пора олувчи ва уларнинг ўртасидаги воситачини лаънатладилар” (Имом Аҳмад ривояти).
Пора берувчи жамиятда белгиланган низомни бузиб, ҳақсизлик ила ўз ишини бажариб кетган ҳисобланади. Пора олувчи виждон амрига бўйсунмасдан, ноҳақликка, адолатсизликка рози бўлиб, ўз манфаатини ўйлаб, ўзгалар ҳақига хиёнат қилган бўлади.
Қолаверса, ҳадя деб бир нарсани ўзгага холис, эвазсиз беришга айтилади. Ҳадя берувчи киши ҳадяни олувчи кишидан бирор нарсани ноҳақ ундириш нияти бўлмайди. Мана шу нарса ҳадянинг порадан асосий фарқини кўрсатади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
"HANAFIY FIQHI" kanali orqali bizni kuzating.
🔗
Ulashing:
Telegram. |
youtube. |
Instаgram.