#Яхши_Бўлди
Яхши бўлди сендан айрилдим,
Кетмоғим чун топиб бердинг йўл.
Бу дунёда сени топдим деб,
Йўқотибман ўзимни буткул.
Яхши бўлди ечилди бугун,
Оёғимдан бу занжир, бу ғул.
Икки дунё сени шоҳим деб,
Қул қилибман, ўзимни буткул.
Яхши бўлди ёмон бўлса ҳам,
Юрагимни эзса ҳам дардинг.
Мен ақлини топган телбадай,
Пойларингдан бошим кўтардим.
Кечир, озор бериб меҳримла,
Зериктирдим, мен содда, мен гўл.
Бу дунёда сени борсан деб,
Бошқалардан кечибман буткул.
Худойимнинг жазоси қутлуғ,
Сендан кетдим, эй қаҳрли гул.
Шукр, шукр сени ёд этиб,
Унутмабман Худони буткул.
Шунинг чун ҳам омон бўл энди,
Мен барига силкиб қўйдим, қўл.
Англадимки сени йўқотсам,
Худойимни топаман буткул.
Энди хайр, энди алвидо!
Бари рўё, бари сароб, кул.
Даргоҳингга сиғмаганимдай,
Юрагимга сиғмассан буткул.
Мен меҳрманд, телба гўдакдай,
Кўз ёшимга ёмон тойрилдим.
Яхши эди… сени топганим,
Яхши бўлди… Сендан айрилдим.
2004 йил
© Гулжамол Асқарова